Эркаклар ҳам жабр кўриши мумкин: зўравонлик психологияси ва фожиалари


Сақлаш
17:11 / 02.11.2023 533 1

2012 йилдаги статистикага кўра, зўравонлик қурбонлари 1,5 миллион кишини ташкил этган, таққослаш учун шу йилда йўл транспорт ҳодисалари натижасида вафот этганлар кўрсаткичи 1,21 миллионга тенг. Зўравонлик бугунги кунда улкан эпидемия сифатида кўрилади, унинг дахл чегаралари на макон, на замон (ёш ва давр) ва на жинсни тан олмайди. Одатда, биз аёлларга нисбатан босимлар, тазйиқлар бўлгани ҳақида эшитамиз. Бироқ зўрлик қилиш ҳар бир инсон табиатига хос, шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ундан болалар, ҳатто эркаклар ҳам азият чекиши мумкин. Буни жаҳондаги, қолаверса, Ўзбекистондаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди.

 

Аёлларга нисбатан зўравонлик

 

БМТ томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, дунёда ҳар уч аёлдан бири жисмоний ё жинсий зўравонликни бошидан кечирган. Психологик зўравонлик эса бунданда кенг тарқалган деб айтишимиз мумкин. Аёлларга қарши зўравонликка иккинчи феминистик тўлқин (ХХ асрнинг 60 йиллари охири, 70 йилларнинг боши)га қадар жиддий эътибор берилмаган. Боиси ХИХ аср ўрталаригача аёлни калтаклаш оила бошининг тўлақонли ҳуқуқи ҳисобланган. Қуйидаги сурат ХИВ асрнинг 60 йилларига тегишли деб қаралади. Унда эркак аёлини бошқаларнинг кўз ўнгида таёқ билан очиқчасига ва бемалоллик билан калтаклаётганини кўриш мумкин. Бу тасвир аёлга нисбатан зўравонлик илдизлари қанчалик бақувват ва узоқ даврга бориб тақалиши ҳақида тасаввур уйғотади.

 

 

Аёлларга нисбатан зўравонликни иккига ажратиш мумкин: оилада ва кўчада бегоналар томонидан содир этилган зўравонликлар. Кўча-кўйда содир этилган зўравонликлар ягона қараш – аёлнинг ожизлиги, жамиятдаги ўрни қуйида эканига ишонишдан келиб чиқади. Бунда жабрдийданинг она, рафиқа ё кекса аёл экани аҳамиятсиз. Оила ичидаги зўрлик эса ушбу тушунчалар ва бошқа субъектив омиллар, масалан, уйда аёлнинг вазифаларини таъкидловчи ёзилмаган ҳамда қотиб қолган қарашлар сабаб юз беради. Аммо айтиш керакки, зўравонликлар аёл ҳуқуқлари ва жамиятдаги ўрни юқори баҳоланадиган давлатларда ҳам кам содир этилмайди. Демак, уни фақат қайсидир ҳудудга хос бўлган нотўғри ва эскича қарашларга боғлиқ ҳолат сифатида кўрмаслик лозим. Илдиз бир бўлгани билан, кундалик турмушда зўравонлик ҳолатларининг сабаблари турлича бўлиши мумкин: алкоголизм, гиёҳвандлик, моддий қийинчиликлар, рашк, номус, турли стрессли ҳолатларда вужудга келадиган агрессив энергия ва руҳият билан боғлиқ бузилишлар энг кенг тарқалган омиллар сирасига киради.

 

Оилада аёлга ота-она ва ака-укалар томонидан қилинадиган тазйиқлар ҳам кенг тарқалган. Айниқса, аллақачон ижтимоий аҳамиятини йўқотган бўлсада, ҳалигача амал қилинадиган урф-одат ва эътиқодлар сақланиб қолган ҳудудларда бу нарса кўп учрайди. Ўзбекистон мисолида олиб қаралса, ота-она ризолиги, ота ҳокимиятининг мутлақлиги ва бошқа шу каби факторлар ортиқдан қизлар ўзлари истамаган, нотенг ёки камситилувчи никоҳга мажбур бўлишади. Африкада жойлашган Мавритания ҳудудида ҳалигача бўйи етган қизни мажбурий семиртириш анъанаси бор. Мантиқий асоси умуман тушунарсиз бўлган ушбу анъанани, туб аҳолининг ўн асрлар олдинги ҳаётида балки қабул қилса бўларди. Аммо, бугунги замонни, шунингдек, қизнинг иродасига қарши йўсинда амалга оширилишини ҳисобга олсак, айни ҳаракатлар очиқчасига зўравонлик.

 

 

Танганинг иккинчи томони

 

Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Шахсий қарашлари ва феъл-атвори туфайли никоҳда эри томонидан содир этиладиган зўравонликларни, қатъий бошқарувни “ўринли” деб билувчи аёллар тоифаси ҳам йўқ эмас. Эрих Фром аёл ва эркак муносабатларидаги бундай нотенг муҳитни “симбиотик муносабат” деб атайди ва уни пассив ва фаол кўринишга ажратади. Ўз жуфтига сўзсиз итоат этувчи, унинг ҳар бир гапини “қонун” деб қабул қилувчи, шахсиятини жуда юқори даражага кўтарувчи томонни симбиотик алоқанинг пассив (мазохистик) кўриниши деб атайди. Ўз итоатгўйини бошқарадиган, имкон қадар назорат қиладиган, уни тахқирлайдиган, азобларга дучор қиладиган томоннинг ҳаракатларини эса симбиотик алоқанинг фаол (садистик) шакли деб номлайди. Бунда иккала томон ҳам ўзаро ихтиёрсиз равишда бир-бирига боғланиб қолиб, бир-бирисиз ўзларини ёлғиз ҳис қилишади, руҳий тушкунликка тушишади. 2021 йили Ўзбекистонда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан сўровнома ўтказилди. 18 ёшдан ошган фуқаролар қатнашган тадқиқотда иштирокчилар оилада аёлнинг жисмоний зўравонликка дучор бўлишида спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш (23,5% ), ўзаро тушунмовчилик (22,1%), моддий қийинчиликлар (20,6%) асосий сабаблар эканини айтган. Тадқиқот натижаларида яна бир эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат бор – қатнашувчиларнинг 10,3%и айрим ҳолларда эр хотинига куч ишлатиши мумкин, деб жавоб беришган. Улар аёллар ўз хатти-ҳаракатлари билан эрларини куч ишлатишга мажбур қилади деб ҳисоблайди…

 

АҚШда ҳар куни ўртача 5 нафар бола зўравонлик ёки қаровсизлик оқибатида вафот этади

 

Халқаро миқёсда болаларга нисбатан зўравонликка қарши кўплаб қонунлар қабул қилинган, аммо аҳоли ҳали буни тўлиқ тушуниб, қабул қилганича йўқ. Ушбу ўринда ҳам болага қилинадиган зўравонликка икки хил муносабатни кўришимиз мумкин: юртдошларимиз кўча-кўйда, бегоналар томонидан қилинадиган ҳар қандай зўравонликка тоқатсиз, аммо, уй ичидаги зўрликларга оддий қаралади. Ҳолбуки, бола энг кўп зўравонликка учрайдиган жой унинг ўз уйидир. Маълумот учун, 2018 йили АҚШда болага нисбатан зўравонликларнинг 76%и айнан оила аъзолари томонидан содир этилган. ЖССТ фарзандни қаровсиз қолдириш ёки етарлича эътибор бермасликни ҳам зўравонлик шакллари қаторига киритади. Ачинарлиси, АҚШда ҳар куни ўртача 5 нафар бола зўравонлик ёки қаровсизлик оқибатида вафот этади, БМТ ҳисоботига кўра эса фақат одам савдосининг ўзи туфайлигина ҳар йили 1,2 миллион бола азият чекади.

 

Болани “тарбиялаш” воситаси сифатида кўриладиган катаклаш, дўқ-пўписа қилиш зўравонликнинг энг ёйилган шакллари ҳисобланади. Ажабланарлиси шуки, маданиятлар, ижтимоий қарашлардаги фарқлардан, яъни оила европалик, осиёлик ё африкалик бўлишидан қатъий назар болани тарбиялашда калтаклаш усули одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, ривожланган ҳамда зўравонликка қарши кескин курашадиган АҚШ ва Буюк Британияда 90% болаларнинг жисмоний зўравонликка учрагани ЮНИСEФ ҳисоботида қайд этилган.

 

 

***

Болаларга қилинадиган зўравонликнинг келиб чиқиш сабаблари, содир этиш мотивлари жуда хилма-хил ва мураккаб. Улар орасида эрта мажбурий никоҳ, мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатациядан ўгайлик туфайли қилинадиган зўрликлар каби кўплаб турларни учратиш мумкин. Фарзандига нисбатан тазйиқ ўтказишга ота-онанинг нарсисистик кайфияти ҳам сабаб бўлади. Бунда ота-она боласидан жуда кўп нарсани кутади, ўз орзуларни боланинг орзусига айлантиришга уринишади, фарзандлар улар истаган фанни, касбни, ишқий ва оилавий муносабатдаги шерикни танлашга мажбурланади. Натижада бола ўз хоҳишларига тескари бўлсада, ота-онанинг истагини бажаришга мажбур қилинади.

 

Оилада болага нисбатан зўравонлик асосан тарбиялаш, тўғри йўлга солиш, ёмонликдан асраш ниқоби остида содир этилади. Бироқ, мақсад йўлидаги восита ўзини оқлайдими? Мана шу савол жуда муҳимдир. Агар оқлайди деган жавоб призмасидан қарасак, жамиятдаги аъло хулқли, кўп нарсага эришган, зиёли шахслар болалигида зўравонликни энг кўп бошдан кечирган инсонлар бўлиб чиқади. Аммо, жамият учун хавфли, сериали қотилликлар, катта фирибгарликларни амалга оширган кимсалар ҳам болалигида кучли агрессив ҳолатлар, зўрликларга учраган, “травмали” одамлар ҳисобланади. Бу борада илмий изланишлар ҳам олиб борилган. Масалан, Грешовнинг таҳлиллари натижасида шу нарса аниқ бўлганки, 87% ҳолларда жисмоний жазо болаларнинг руҳияти ва хулқ-атворида ижобий томонга эмас, аксига хизмат қилган. Яна бир тадқиқотлар ҳисоботида ёзилишича, кўп марта жисмонан жазоланган ўғил болалар ҳаёти давомида ахлоқий томонлама нотўғри танловларни амалга оширишаркан.

 

Жабрдийда эркаклар

 

Иккичи феминистик тўлқиндан бошлаб аёлларга нисбатан зўравонликка қаттиқ кураш бошланди. Ҳар қандай зўрликка қарши кураш олиб борилиши тўғри ва талаб этиладиган йўл, албатта. Бироқ, ҳушёрликни йўқотиш барча нарсани айнитишга қодир – мавжуд маълумотлар стреотипларга қарши курашаётган ижтимоий фаолларнинг ўзларида стереотиплар борлигини кўрсатиб беролади. Буюк Британияда олиб борилган ўрганишлар натижаларида маълум қилинишича, 2007-2008 йилларда оиладаги зўравонликлардан жабр кўрганларнинг 45,5% и эркаклардир. Аёллар ҳуқуқи ачинарли аҳволда деб кўриладиган Ҳиндистонда 2019 йил шу масала юзасидан тадқиқот ўтказилади. Сўровнома натижалари эса кутилмаган бўлиб чиқди: 21-49 ёш оралиғидаги 1 000 нафар респондент эркакнинг 51,6% и ҳиссий, 6% и эса жисмоний зўравонликни бошдан кечиришган ва бу уларнинг хотинлари ёки яқин шериклари томонидан содир этилган.

 

 Эрини супурги билан ураётган аёл сурати. Калкутта, 1875 йил

 

Гарчи, социолог Штраус бир неча йил олдинроқ оилада аёллар ва эркакларнинг ўзаро зўравонлиги ҳақидаги тадқиқотлари асосида бир неча солиштирма ҳисоботларни эълон қилган бўлсада, бу мавзуда ҳақиқий тўнтариш ясаган “Калтакланган эр синдроми” тушунчаси 1977-йилда Сюзанна Штайнметс томонидан илк марта ишлатилган. У мақоласида бу атамани аввалдан мавжуд бўлган “Калтакланган хотинлар синдроми” билан бирга қўллаган. Штайнметс ўша пайтдаги бир неча эмпирик маълумотларга таяниб, оиладаги зўравонликларнинг катта қисми аёлларга эмас, эркакларга нисбатан содир этилади, деган хулосага келади ва ушбу масалага бағишланган 11 саҳифалик мақолани 1978-йилда Виктимологи журналида чоп эттиради. Мақолада ёзилишича, 54 жуфтликда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 47 % эркаклар ва 43% аёллар ўз жуфтлари томонидан содир этилган зўравонликдан жабрланган. Мақоладан сўнг оиладаги зўравонликни тадқиқ этувчи олимлар орасида жуда катта шов-шув кўтарилади. Чунки, шу пайтгача маиший зўравонлик ҳақида гап кетганда жаҳон социологлари ва психологлари, умуман ижтимоий соҳа вакиллари кўз олдида эркак жинси золим сифатида тасвирланган, “муштипар ва бечора” универсал қиёфаси берилган аёлга эса доимо қурбон сифатида қараб келинган. Сюзанна эълон қилган ҳисоботга қарши бир қанча танқидий мақолалар чоп этилди. Уларда асосан Сюзанна таянаётган тадқиқот соф ва мақбул усуллар билан ўтказилгани шубҳа остига олинади. Сюзанна эса мақоласида эркакларга нисбатан содир этилган зўравонликларнинг оғирлиги ва жиддийлигига эмас балки, уларнинг сонига асосий урғуни берган эди. Бундан ташқари, танқидларнинг бирида ушбу тадқиқотда калтаклаш хоҳиши ва реал калтаклаш бир ҳисобга киритилгани қайд этилади. Айни феминизм кучайиб бораётган даврда бундай социал бурилиш ҳосил қилган ҳисобот шунчалик қаршилик ва тажовузга учрайдики, Сюзанна билан бирга тадқиқотларда қатнашган олимлардан бири уларга ҳаттоки суиқасд билан таҳдид қилишганини айтиб ўтган. Шунингдек, у Штайнметсни олийгоҳда эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш сўралган кўплаб мурожаатлар келгани, адвокатлар ва феминист ташкилотлар ўз ёзувларида уларнинг олдинги тадқиқотларига тегишли бўлган илмий маълумотлардан Сюзаннага бўлган муносабатнинг кескин ёмонлашганига қарамай фойдаланган бўлсада, на тадқиқот раҳбари ва на қолган аъзоларнинг исмлари бирор жойда тилга олинмаганини эслайди. Аммо бу билан эркакларга қилинадиган зўравонликлар борлигини яшириб бўлмасди… Шунчаки, ижтимоий стигмалар туфайли кўп ҳолларда аёлдан калтак еган эркак буни очиқлай олмайди, чунки бу қаттиқ уят ҳисобланади. Бизда яна бир кичик нарсани эътиборга олишмайди, сўкиниш, ҳақоратлаш, эрнинг олдига турли нафсониятга тегадиган танловларни қўйиш, халқ ичида шарманда қилиш билан қўрқитиш – мана булар ҳам зўравонлик асли. Эркаклар ҳатто жинсий тажовузнинг ҳам қурбони бўлишлари мумкин. Давлат Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга таянсак, 2019-йилда номусга тегиш ёки номусга тегишга уриниш жиноятининг 1,9 %и аёллар томонидан содир этилган. Бу албатта, ҳақиқий ҳолатни ёритмайди, чунки, жисмонан ожиз ҳисобланадиган аёл томонидан зўрланган эркакка бир томондан ишониш қийин, бошқа томондан жамият уни эркак сифатида қабул қилмай қўйиши эҳтимоли катталиги сабаб ҳолатлар яширилиши мумкин.

 

 

***

Биз ҳар куни зўравонлик қилишимиз мумкин, ҳаммамиз – эркак ҳам, аёл ҳам, болалар ҳам! Зўравонлик инсоннинг қонида бор, фақат эркаккина зулмкор, деб қараш бизни йўлдан чалкаштиради. Эркакларнинг кўп тажовузга қўл уриши, юқорида айтганимиз – жисмоний куч борасидаги устунлигидан деб билиш керак. Агар бу куч аёл зотида бўлганда эди, золим зўравон образи кўпроқ уларга тушарди. Тасдиқ сифатида келтириш мумкинки, аёлнинг аёлга нисбатан қиладиган зўравонликлари эркакнинг ўз жинсдошига қиладиган тазйиқлари сонидан кам эмас, фақат уларнинг аксарияти жисмоний куч билан эмас, руҳий ёки ҳиссий йўл билан амалга оширилади. Шу боис зўравонликка биринчи навбатда инсондаги нуқсон сифатида қараш керак, эркак ё аёлга хос нарса деб эмас. Негаки аёлга қилинган зулмга қарши курашиш ҳар қачонгидан кучли, бироқ дунё статистикасига қарасак, айтарли ўзгаришлар йўқ. Янгиликлар “аёлга зўравонлик қилма” шиорлари билан тўлган, бироқ ҳар қанча тарғибот кучаймасин, ҳолат ёмонлашмоқда. Хулоса келиб чиқадики, ечим нотўғри фикрдан келиб чиққан, демак, уни ўзгартириш керак, ана шунда нималаргадир эришиш мумкин.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ

 

1 Изоҳ

Rano

20:12 / 27.12.2023

ха фақат хотин қизлар жабрда деб фикр юритиш нотўғри, инсон хуқуқлари нуқтаи назардан оилада эркакларга нисбатан зўравонлик хақида ҳам бонг уриш лозим.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси