Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон каби “IT hub” марказига айланишини хоҳлайман – Microsoft компанияси дастурчиси Аброр Эргашев билан суҳбат


Сақлаш
17:10 / 31.10.2023 419 0

Oyina.uzнинг бугунги меҳмони – Американинг дунёга машҳур Microsoft компаниясида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик дастурчи Аброр Эргашев. Қаҳрамонимиз билан океанорти мамлакатидаги яшаш тарзи, йирик компанияда ишлаш масъулияти ва айти соҳасидаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.

 

Ишлаш ва яшаш учун нега айнан Американи танлагансиз?

 

Аслида Америкада яшаш ниятим бўлмаган. Мактабда ўқиб юрган пайтларим немис тилидан репетиторга қатнаб, Тошкент Молия институтига ўқишга киргандим. Танишларим ва амаким Германияда таълим олиб келишгани учун менинг ҳам асосий мақсадим шу мамлакатда ўқиш эди. 2009 йил 3-курсдан сўнг ёзги таътильда Германиянинг DAAD стипендияси орқали Европада таҳсил ҳам олдим. Аммо 4-курслигимда квартирада яшайдиган ўртоқларим билан инглиз тилини ўрганишга қарор қилдик. Икки ярим йил ичида IELTS дан керакли балл олиб, Лондонга ҳужжатларимни топширдим. Ўқишга қабул қилинганман, лекин ўқиш тўловини олдиндан ўтказишим керак эди. Маблағ етарли бўлмагани учун бу режамдан воз кечдим. Дўстларим билан кейинги манзилимиз Америка бўлди – Калифорния штатидаги Lincoln Universайтиyга магистратура учун ҳужжат топшириб, шу орқали виза олдик. Сан-Франсиско шаҳри иккинчи уйимдек бўлиб қолган. У ерда дўстларим билан жуда кўп яхши ва унутилмас кунларни ўтказдик. Америкадаги биринчи кирган университетим аккредитацияси унчалик яхши бўлмагани сабаб, ўқишимни Калифорния давлат университетига кўчирганман. У ерни тамомлагач, ўз соҳам, яъни айти бўйича аввал Лос-Анжелес шаҳрида банкда ишладим, кейинчалик Вашингтон штати Беллевуэ шаҳрига кўчиб, Microsoft компанияси лойиҳасида иш бошладим. Ва бу ерда 4 йилдан бери фаолиятимни давом эттириб келяпман. Ўқишим тугаши олдидан Ўзбекистонга қайтиб, оила қурдим ва Америкага оилавий қайтдик. Бу ерда икки фарзандимиз дунёга келди.

 

Юртдан узоқда, янги муҳитда турли қийинчиликларга дуч келиш табиий…

 

Хорижга илк марта чиққан ҳар қандай одам учун кўникиш осон бўлмаслиги аниқ. Буни яхши ҳис қилардим, аммо дўстларим билан бирга келганим анча куч берган. Биргаликда йўлимизни топдик, бир-биримизни қўллаб-қувватладик. Эсимда, келишимиз билан биринчи ўринда иш қидирганмиз. Чунки ёнимизда бошланғич харажатлар учунгина пулимиз бор эди. Сан-Франсиско кўчалари бўйлаб ҳар битта ресторанга кириб маълумотларимизни топшириб чиқаверганмиз. Бир ўзим бу ҳолатда бўлганимда анча қийналардим, лекин яқинларим билан ҳар бир тушган вазиятимиз ўзгача қизиқарли ва завқли эди. Ресторанда, таксида, транспорт компанияларида, университет ва бошқа жойларда ишлашга тўғри келган. Ишимиз қийин эмасди, машаққат фақат ота-онамиз ва уйни соғинишимиз эди.

 

 

Бугун фаолият олиб бораётган ишингиз ўзингизга ёқадими?

 

Microsoftда ишлашни бошлаган биринчи кунларимданоқ, соҳам компанияда қай ҳолатда эканига қизиққанман. Дата, яъни маълумотлар базаси билан ишлаганим учун уларнинг қанчалик катталигини текширганман. Бу ерда база шунчалик каттаки, биринчи кўрганимда ҳайрон қолганман. Ишимда асосан Microsoft маҳсулотларини “promote” қиламиз, яъни дунё бўйича турли компанияларга таклиф этамиз. Керакли программалар ва иловалар биздан олдинги мутахассислар томонидан анча мукаммал қилиб яратиб қўйилган. Қисқача қилиб айтганда, компанияда ҳамма нарса шу даражада пухта тайёрлаб қўйилганки, фақат ишлаш керак холос.

 

Америка ва Ўзбекистонда ишлашнинг қандай фарқларни сезгансиз?

 

Эсимга келган баъзиларини санаб ўтишга ҳаракат қиламан:

 

– Америка компанияларида ишчилар жуда тез ишини алмаштиради. Бирор иш ёқмадими, бошқа иш топиш ҳаракатига тушиб қолишади. Ёки ишда нимадир янги нарса ўрганмаяптими, демак, ўрганадиган ишга ўтишга ҳаракат қилишади, албатта маошни ҳисобга олган ҳолда.

– Америкада қариндошларнинг битта проектда ишлашига рухсат берилмайди. Кейин ҳамма ўзи учун ҳаракат қилади. Бу ердаги одамлар ўзининг кучи ва билимидан бошқа нарса билан ишга киролмаслигини билади ва шунинг учун қаттиқ меҳнат қилади.

 

 

– Одатда, Америкада байрам кунлари жума ёки душанба кунига тўғри келади. Ўша куни дам олсак ҳам, бир кун олдин кун ярмигача ишлаймиз, эрта жавоб берилади.

– Иш кунлари душанбадан жумагача эрталаб соат 9 дан 5 гача. Ишдан ташқари пайтлари бошқарувчи ишчиларига телефон қилмайди. Мабодо қўнғироқ қилса ҳам узр сўрайди ва тезлик билан масалага ўтиб, савол сўраши мумкин. Умуман олганда эса ишдан кейин телефонни кўтаришга ҳам мажбур эмасмиз.

– Microsoftда ходимлар иш вақтида ҳам дам олишлари учун шароитлар яратилган. Шунингдек, ҳар бир офис ишчилар учун турли хил ичимликлар билан таъминланган.

 

Америкадаги ижтимоий ҳаёт, яшаш тарзидаги ижобий жиҳатлар нималарда деб ўйлайсиз?

 

Америкада кун тартибимиз белгилангани ва доим нима биландир банд бўлганимиз учун вақт тез ўтадигандек туйилади. Ишдан ташқари пайтларим оилам билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимизни бирор тўгаракка ёки болалар боғига олиб боришга ҳаракат қиламиз. Айти соҳасида ишлайдиган ўзбек дўстларим билан ҳар 2-3 ҳафтада “америкача чойхона”да йиғилиб турамиз. Фарзандларим туғилган пайтлари covid даврига тўғри келиб, анча вақт ташқи муҳитдан узилиб қолишди. Шунинг учун Ўзбекистонда 6 ой бўлиб, ўзбек тилини анчагина ўрганиб қайтишди. Улар она тилини унутишларини истамайман рости.

 

 

Мутахассис сифатида юртимизда ҳам ривожланиб келаётган айти соҳаси учун қандай таклифларингиз бор?

 

Ўзбекистонда айтига яхши эътибор бериляпти, деб ўйлайман. Буни айти экспорти ҳажми йилдан йилга қанчалик ошиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Яқин келажакда Ўзбекистон ҳам худди Ҳиндистон каби “IT hub” марказига айланишини хоҳлардим. Чунки бутун дунёда жуда кўп айти компаниялар, қўрқмасдан, Ҳиндистондаги махсус жамоа (offshore team)лар учун маълумотлар базасини ёки лойиҳасини ишониб топширади. Худди шу нарса бизда ҳам бўлиши учун аниқ ҳаракатлар қилиш керак деб ўйлайман.

 

Ҳар йили Америкага кетиш учун минглаб ўзбекистонликлар “Green Card” ўйнайди, “омади келган” юзлаб юртдошларимиз пул ишлаш учун учиб кетади. АҚШнинг ўзбекларни ўзига қаратаётган жиҳатлари нималарда деб ўйлайсиз?

 

Бу жараён кўпчилик билганидек, молиявий ҳолат билан изоҳланади. Биз молиявий жиҳатдан ўзимиз ва оиламизни яхши таъминлашни хоҳлаймиз, таълим сифати сабаб фарзандларимиз ҳам чет элда ўқишини режа қиламиз. Америка эса сизга буларнинг ҳаммасини таклиф қила олади. Менимча, шу жиҳатларнинг ўзи етарли бўлса керак, “Америка орзуси” учун.

 

 

 

Америкага бориш, яшаш ва ишлаш учун кетаётган юртдошларимизга қийналмасликлари учун нималарни тавсия қила оласиз?

 

Америкага келишдан аввал қилинадиган энг муҳим иш – инглиз тилини (мукаммал) ўрганиш. Чунки аксар юртдошларимиз тил билмасдан келиб, жуда кўп муаммога дуч келишяпти. Яна машина ҳайдашни билиш ҳам Америкада жуда катта ёрдам беради. Таълим орқали Америкага келмоқчи бўлганлар эса турли стипендия ёки дастурларга, асосан кузги мавсумга топшириб кўришса, виза олиш имкониятлари ошишини кузатганман. Ҳозир Қўшма Штатларнинг ҳар бир шаҳрида ўзбекларни учратишимиз мумкин. Турли ўзбек жамиятлари ҳам очилган. Ушбу ташкилотлар яшаш ва уй топиш масалалари бўйича ҳам маслаҳат ва ёрдам беришади.

 

Келажакдаги режаларингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?

 

Албатта, ҳозирги кунда Америкада қонуний ишлай оладиганлар юртдошларимиз учун online айти курсини ташкил қилганман. Яқин келажакда соҳам бўйича Ўзбекистонда ҳам “team”, яъни жамоа ташкил қилиш ниятим бор. Режадаги бошланғич ишларни ҳам бошлаб юборганман. Худо хоҳласа, қолганини вақт кўрсатади.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.

Oyina.uz

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси