Қурбон ва профессионал алфонс эркаклар – уларни қандай таниш ва тузоғига тушмаслик мумкин?


Сақлаш
18:10 / 26.10.2023 466 0

Бутун дунёда гендер тенглиги фонида аёллар хам мустақил пул топиш, моддий жихатдан эркин бўлиш имконига эга бўлишди. Бугун аёллар ҳам мартаба зинапоясидан юқорига кўтарилишлари ёки ўз бизнесларини ривожлантиришлари мумкин. Бироқ, хотин-қизлар ҳаётидаги бу ўзгаришлар баъзи эркакларга салбий таъсир қилди, улар оила боқувчиси мақомини бажонидил топшириб, муваффақиятли аёл ҳисобига кун кўра бошлашди. Бундай эркакларни ҳеч бир жамият ёқтирмайди ва уларга “Алфонс” тамғаси ёпиштирилади. Бу номнинг тарихи машҳур француз ёзувчиси Александр Дюманинг “Жаноб Алфонс” комедиясига бориб тақалади. Асарнинг бош қаҳрамони Алфонс махаллий фоҳишанинг маоши ҳисобига яшайди. Бу каби асар қаҳрамони ўзбек драматургиясида хам учрайди, хусусан, Уйғун қаламига мансуб машҳур “Парвона” спектаклида Ўткурий тимсолида бу тоифа ёрқин очиб берилган. Англаганингиздек, Оyina.uzдаги бугунги мақола айнан шу тоифани мумкин қадар фош этишга бағишланади.

 

Алфонс эркак ким ўзи?

 

Одатда, бундай характерли эркакни бирданига аниқлаш қийин. Сабаби у аёл қалбининг нозик торларини қандай чалишни жуда яхши билади, “орзудаги эркак” ролини маҳорат билан ўйнайди. Алфонс эркакнинг мақсади – моддий эҳтиёжларини таъминлайдиган аёл ҳомийни топиш ва бундан завқ олиш. У тузоғига илинганларни бемалол бунга мажбурлай олади, чунки унинг ўзи ишқий ҳис-туйғуларни бошдан кечирмайди, хотиржам, бефарқ ва совуққонлик билан мақсадига интилади. Ишқий муносабатларда ҳис-туйғуларни бошдан кечирмаган одам сизни кўп қийинчиликсиз манипуляция қилиши мумкин. Улар хиёнаткор ёки севгифурушлардан хавфлироқ ҳисобланади. Сабаби уларни ўтли муҳаббат ёки муносабатлар эмас, моддий бойлик кўпроқ қизиқтиради.

 

 

Алфонс эркаклар қандай пайдо бўлади?


Дунё тан олган машҳур психологларнинг таъкидлашича, инсоннинг барча муаммолари болаликдан бошланади. Бу қоида алфонс эркаклар учун ҳам амал қилади. Қуйида алфонсларнинг келиб чиқишига оид бир нечта ҳолатларни санаб ўтамиз:

 

1. Зўравон, болалари ва эрини бўйсундиришга одатланган она тарбиясида улғайган бола турмуш ташвишларини енгиб ўтишга нофаол йигит бўлиб улғаяди. Бундай оилаларда ўғилнинг отаси бўлмайди ёки у ўта заиф иродали, ҳар қандай камситилишни қабул қилиб, хотинига барча муҳим қарорларни қабул қилишига имкон беради. Натижада, бу муҳитда катта бўлган йигит мудом масъулиятдан қочишга ҳаракат қилади, барқарор мақсадларга эга бўлмайди ва ҳаётини мустақил бошқаришга қийналади. Шунинг учун у доимо осон йўлни танлайди, қийин вазиятларда ҳеч қачон таваккал қилмайди. Аёлларни овлаш ва кўнгилхушлик ҳисобига моддий таъминланиш эса унга мос, энг яхши касбдек туюлади.

 

2. Ўта эркалаб ўстирилган, ҳар нарсадан ҳимояланган, муаммолардан четда тутилган болалар ҳам одатда масъулиятсиз ва қўрқоқ бўлиб улғаяди. “Комфорт зона” бора-бора унда ҳимоя остида бўлиш, қарамлик эҳтиёжларини рағбатлантиради. Бундай тарбия туфайли кишининг шахсияти бостирилади, рақобатлашишни, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилишни, масъулиятни зиммасига олишни билмайди. Содда қилиб айтганда, турмушда унга рафиқа эмас, бешафқат ҳаёт майдонида асраб-авайлайдиган ҳимоячи – ҳомий керак бўлади.

 

 

3. Эрталабдан кечгача ишлайдиган муваффақиятли, ишбилармон аёлнинг ўғли ҳам алфонсга айланиши мумкин. Бундай оналар ўғлига вақт ажратолмагани учун совға-саломлар бериш, фарзандининг ҳар бир истагини рўёбга чиқариш билан айбини ювишга ҳаракат қилади. Балоғат ёшига қадар давом этадиган бундай хатти-ҳаракатлар кейинчалик ҳаётий тарзга айланади. Бола эътибор етишмаслигини вақти йўқ онанинг сахийлиги, совғаларига алмаштиришни ўрганиб олади. Айнан етишмаган эътибор хис-туйғуси ўрнига моддий нарса билан эҳтиёж қондирилиши бу омилни авжлантиради. Бола аёл уни таъминлаши ва қўллаб-қувватлаши кераклигига ўрганиб қолади. Бундай йигитлар кўпинча кучли манипуляторга айланадилар, айбдорлик туйғуси билан ўйнайдилар, эвазига ҳеч нарса бермасдан фақат олишга интиладилар. Бу каби йигитлар кейинчалик ҳам ўзларининг ҳомийларини, ғамхўр энагаларини қидирадилар. Сабаби бундай типда қурилган катталар ўртасидаги муносабатлар у кўниккан она ва ўғил ўртасидаги муносабатларга бироз ўхшайди.

 

Юқоридаги сабабларнинг барчаси ҳам доимо алфонсликка олиб келмасада, бошқа турдаги психологик оғишларга сабабчи бўлиши мумкин. Хусусан, улар нарцист, ўзини юқори баҳолайдиган ва эмпатияга қодир бўлмаган одамларга айланади. Нарцист ҳеч қачон ўзига ўхшаган одам билан муносабатлар қурмайди. У хайрихоҳ, бошқаларни қўллаб-қувватлайдиган, унга ғамхўрлик қиладиган, керак бўлган ҳамма нарсани берадиган одамни қидиради. Барча ресурсларидан фойдалангандан сўнг эҳтиёжларини қондира оладиган бошқа қурбонни қидиради. Бу ўринда гап нафақат пул ҳақида, балки ақлий ресурслар ҳақида ҳам бормоқда, чунки ожиз йигитлар мақтов, маъқуллаш ва ҳайратга муҳтож бўлишади.

 

Нима учун аёллар кўпинча aлфонсга ишонишади?

 

Кўпинча ўзини севмайдиган, ўзига паст баҳо берадиган аёллар алфонсларнинг қурбонига айланишади. Улар орасида, айниқса, Балзак ёшидаги (30-45 ёшли) аёллар кўп учрайди. Чунки, бундай аёллар меҳр-муҳаббатга, қарама-қарши жинснинг севгиси ва такаллуфига жуда муҳтож бўлишини алфонслар яхши билади. Ўлжа аёлларнинг асосий хатоси шундаки, кўпинча эркаклар билан яқин муносабатда бўлишдан олдин у муносиб одамми йўқми, ўйлашни, вазиятни таҳлил қилишни унчалик ҳам хоҳлашмайди. Уларнинг турмушга чиқмоқчи бўлиши табиий, лекин баъзилар шу қадар шошадики, танлаганига диққат ва синчковлик билан қарашга вақт ажратмайдилар. Бундай калтабинликнинг яна бир асоси – ёлғиз аёл ҳаёти хотин-қизларни қўрқитади ва бу кўриниб турган ҳақиқатни тан олмасликка олиб келади. Муҳаббат кўзларини кўр қилган ўлжа аёлни хотиржам қиладиган ягона нарса – жуфти жуда мафтункор ва ажойиб кўринади.

 

 

Албатта, аёллар эртами-кечми алфонс эркаклардан чарчашади ва муносабатларни тўхтатиб, ажралиб кетишади. Ёки кўпинча алфонс йигит овунчоғидан зерикиб, бошқа аёл қидиришга тушади. Муносабатлар совуқлашгач, бир-бирлари ҳақида жуда салбий гаплар айтилади, лекин бу ажралиш аниқ бўлгач содир бўлади. Муносабатлар бошланишида эса йигит табиийки, аёлнинг барча истакларини бажаришга, ҳаётини эртакка айлантиришга ваъда беради, шу билан ишонч қозонади. Бундай танишувдан сўнг аёл муносабатларнинг мутлақо анъанавий ривожланишини тасаввур қилади: масъулиятли ва меҳнаткаш эркак билан маълум вақтдан сўнг оила қуришади. Аммо бу орзу орзулигича қолади, жиддий ришталарни боғлаш ҳақида кўпинча гап ҳам очилмайди.

 

Алфонсларнинг турлари


Борига шукр қилувчи алфонслар. Уларнинг талаблари минимал: яшаш учун квартира, кийим-кечак ва қорни тўядиган озиқ-овқат бўлса етарли. Улар доимо ўзларини иш қидираётгандек кўрсатишади, лекин мудом турмуш ўртоғининг маошига таянадилар. Бундай алфонс ҳаётини аёлни фаол ачинтириш асосига қуради: бекорчиликни ҳозир оғир кунларни бошдан кечираётгани билан изоҳлаб, келажакда албатта пул топишини, шунчаки бироз кутиш кераклиги ҳақидаги қуруқ ваъдалар билан кун ўтказади. Бироз вақт ўтгач, аёл унинг ишга бормаслигини тушуна бошлайди, лекин муносабатларни бузишга журъат этмайди. Сабаби оддий – ёлғиз қолишдан қўрқиш. Эркак тарк этмаслиги учун аёлнинг одатлари ва ташқи кўринишини мудом танқид қилиб, қадрсизлантиришга ҳаракат қилади. Бошқа ҳеч ким аёлни севмаслиги, у билан муносабат қилмаслигини таъкидлаб, кетиш билан қўрқитади. Аёл барча харажатларни ва уй ишларини ўз зиммасига олишига қарамай, алфонс ўзини оила бошлиғидек кўрсатишга ҳаракат қилиши мумкин.

 

Профессионал алфонслар. Бундай эркак бадавлат аёл излаётганини яширмайди. У мақташга, эътибор беришга, самимий хизматлар кўрсатишга тайёр, аммо бунинг эвазига катта маблағ талаб қилади. Кўпинча, севгини орзу қилган, лекин эркаклар эътиборидан маҳрум бўлган кекса аёллар бундай муносабатларга рози бўлишади. Улар ёш танани сотиб олишаётганини жуда яхши тушунсада, бундай муносабатларни рад этишмайди. Бундай алфонслар ташқи кўринишига катта эътибор беради, жамиятда ўзини қандай тутишни билади. Улар мукаммал кўриниш учун спорт залларида кўп вақт сарфлашади, фақат машҳур брендларнинг кийимларини кийиб, қимматбаҳо парфюмерия ва аксессуарлардан фойдаланишади.

 


Вазият қурбони типидаги алфонслар. Ушбу турдаги йигитларнинг бошданоқ узоқ муддатли муносабатларни ўрнатиш истаги бўлмайди.
Улар аёлларнинг пулини алдаб олиб, сўнг йўқолиб қолувчи фирибгарларга ўхшайди. Муносабат бошида улар ўлжа аёлни турли ҳийлалар билан ҳайратда қолдиришга ҳаракат қилади. Бу нафақат илтифот, балки, қимматбаҳо ресторанлар, машиналар, совғалар ва бошқа эътибор белгиларидан иборат бутун бошли усуллар йиғиндиси бўлиши мумкин. Алфонс эркаклар аёлнинг севиб қолганини ва у учун ҳамма нарсага тайёр эканини англаши биланоқ, ҳаётдан шикоят қила бошлайди. Гўёки бошига қайғули кунлар ёғила бошлайди – кимдир катта пулга алдайди, қанақадир мафиялар ҳаётига хавф солади. Мисол учун, у бизнеси учун катта қарз олган, энди эса қарз берувчилар уни таъқиб қилиб, жисмоний зарар этказиш билан таҳдид қилаётган бўлади. Ёки онаси, синглиси ёхуд бошқа яқин қариндоши тўсатдан касал бўладию, уни қутқариш учун катта миқдорда пул керак бўлади. Якунда эса керакли миқдордаги пулни олиши билан у дарҳол янги қурбонни қидириб, эски аёл ҳаётидан изсиз йўқолади.

 

Онлайн алфонслар. Интернет ҳар қандай ёш ва ҳолатдаги эркакка бемалол шахсини яшириш ва интернет алфонси бўлишига имкон беради. Бундай типдаги эркаклар турли хил виртуал ҳиссиёт қўзғовчи воситалар (чиройли видеолар, севги шеърлари, мусиқа, расмлар ва фотосуратлар)нинг бутун бошли армияси билан қуролланган бўлади. Сабаби улар ҳақиқий совғалардан анча арзон туради ёки мутлақо бепул бўлиши ҳам мумкин. Муносиб номзодни танлаган алфонс унга маъноли, эсда қоладиган ширин сўзлар ва романтикага тўла шеърий сатрларни юборади. Шу билан бирга, эркак ғайриоддий сахий, вазмин ва жиддий бўлиб туюлиши мумкин, шунинг учун унинг қисқа, ҳурматли иборалари янада аҳамиятли бўлади. Ёки аксинча, сўзда қизғин ва эҳтиросли бўлиши, жиддий ниятлари ҳақида кўп гапириши, оилавий тотувлик, болалар ҳақидаги нозик мавзуларга кўп мурожаат қилиши мумкин. Ишонч қозонганидан сўнг эса севимли аёлдан моддий ёрдамни турли тўқилган ҳикоялари билан олишга интилади. Энг қизиғи, бу пуч ҳикоялар ўлжа аёлни бефарқ қолдирмайди ва ўзининг ягона ва охирги нажот эканига ишонади...

 

Тузоққа тушмаслик учун нима қилиш керак?

 

Табиийки, юқорида санаб ўтилган алфонслар ҳар доим ҳам ғалаба қозонишмайди, уларга умуман ишонмайдиган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо баъзан улардан қутилиш бироз қийин кечади. Хўш, бундай типдаги эркакка дуч келганда нима қилиш керак? Энг оддий усул – алфонс эркакка молиявий ёрдам беришдан бош тортиш. Агар у ўз муаммолари ҳақида шикоят қила бошласа, сиз ҳам қийинчиликларингизни санаб ўтинг ва ёрдам сўранг. Шунингдек, сиз қарз бермаслигингиз, ҳаттоки, оддий кафеда унинг ўрнига пул тўламаслигингиз керак. Ва, албатта, у нима билан шуғулланаётгани, ҳаётий чиқимлари учун қаердан пул топаётганини жиддий сўраб-суриштиришдан эринмаслик керак. Бундай хатти-ҳаракатлар алфонсни қўрқитади ва у бошқа қурбонни қидиришга тушади.

 

 

Онлайн муносабатларда эса жуда эҳтиёт бўлиш, шантажга дучор бўлмаслик учун фотосуратлар, шахсий маълумотлар, карта рақами, уй манзили ва бошқа муҳим маълумотларни юбормаслик керак. Муддати ўтган ёки тасодифан блокланган ҳисоб рақами, саёҳат учун пул йўқлиги сабабли келиш билан боғлиқ муаммолар, даволаниш учун пул топиш зарурати ҳақидаги ҳар қандай ҳикояга шубҳа қилиш керак.


Бундан ташқари ўз қадр-қимматингиз устида ишлаш, ҳақиқий эътибор ва муҳаббатга лойиқ эканингизга ишониш жуда муҳим. Унутманг, ҳис-туйғулар учун пул тўлашингиз шарт эмас. Чунки ҳақиқий муҳаббат пулга сотилмайди.


                                                                                  Абдулазизхон АКРАМОВ,

психолог

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси