БМТнинг икки юзи, кучга хизмат қилаётган адолат – “цивилизациялар тўқнашуви”нинг оқибатлари


Сақлаш
13:10 / 25.10.2023 731 0

 

1990 йилларнинг дастлабки йиллари ер юзи аҳолисига катта умидлар берди. “Халқлар турмаси”нинг вориси – собиқ СССР пароканда бўлган, мустамлака республикалар мустақил давлатга айланган эди. Дунё мамлакатларининг мафкуравий жиҳатдан икки лагерга бўлиниши, ўзаро курашлари тўхтаганди. Терроризм ва экстремизм васвасаси ҳали аланга олмаган, куни кеча бири иккинчисини йўқ қилишга тайёр АҚШ ва Россия (собиқ СССРнинг вориси) ҳамкор мамлакатларга айланиб борарди. Хуллас, инсоният келажаги жуда нурли бўлиб кўринарди. Ҳатто, асли келиб чиқиши япон бўлган америкалик сиёсатшунос Френсис Фукуяма 1989 йил “The National Interest” журналида чоп қилинган мақоласида “Инсоният тарихида йигирманчи асрнинг 80-йиллари охиригача мавжуд бўлган сиёсий, ғоявий, мафкуравий ҳамда турли таълимотлар ўртасидаги курашлар ва уларнинг тарихи тугади – “Тарих ўз ниҳоясига етди”, эндиликда бутун дунёда демократик қадриятлар ва либерал иқтисодий қарашлар тантана қилади”, деб эълон қилди.

 

Аммо ХХИ асрнинг биринчи ўн йиллигидан кейин, айниқса, кейинги йилларда дунёда содир бўлаётган воқеалар ва вазият ҳали “тарих ўз якунига етмаганини” кўрсатди. Ўтган асрнинг 90 йилларида шакланган “бир қутбли” дунё ўзини оқламади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосида “форматлаштириш” бугуннинг таҳдид ва чақириқларига жавоб бермай қўйди. Илк бор қадимги Рим сенати қўллаган “Бўлиб ташлаб ҳукмронлик қилиш” ва минтақаларни “конфликтлар” орқали бошқариш сиёсати глобал уруш хавфини келтириб чиқарди. Бу икки усулнинг манфур мақсади – кўп миллатли давлатларда халқлар ўртасида сунъий равишда қарама-қаршилик туғдириш, турли элатлар ўртасида бир-бирига нисбатан ишончсизлик, нафрат руҳидаги сиёсатни шакллантириш, миллий-этник заминда қонли можаролар ташкил қилиш орқали мамлакатлар ва минтақаларни тобеликда ушлаш, бошқариш эди. Аммо амалга ошган ушбу мақсадлар бугун “қўғирчоқбозлар”нинг ўз бошига жиддий кулфат ва ташвишлар солмоқда.

 

Америкалик сиёсатшунос Самюел Хантингтон ёзганидек, бугун сиёсий тузумларнинг ўзаро кураши ўрнига “Тамаддунлар тўқнашуви” юзага келмоқда. Олим жаҳонда кечаётган чуқур ўзгаришлар ҳамда жараёнларни таҳлил қилиб, ХХ аср сўнгги ва ХХИ асрда мафкура, ғоялар эмас, маданиятлар, цивилизацияларнинг ўзаро тўқнашуви содир бўлмоқда, деган хулосага келган. Ўз вақтида Хантингтоннинг бу концепциясини “халқларни цивилизациялар ва диний эътиқодга мансублигига қараб ажратиш” дея, Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам айрим сиёсатшунослар танқид қилган эди. Бироқ бугунги кунда содир бўлаётган воқеалар кўлами Самюел Хантингтон кўпам адашмаганлигини кўрсатмоқда.

 


Хантингтонга кўра цивилизациялар тўқнашуви (1996)
 

 

 

Хантингтоннинг ҳақлигини излаб узоққа боришнинг ҳожати йўқ. “Энг янги мисол” – бу Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 2020 йил бўлиб ўтган 44 кунлик уруш ҳамда ҳозир ҳам давом этаётган қарама-қаршиликка бир қур назар солайлик. Маълумки, 1992-1994 йиллар оралиғида Арманистон Озарбойжоннинг халқаро миқёсда тан олинган қонуний ҳудуди – Тоғли Қорабоғ (ҳозирда Қорабоғ иқтисодий райони) ва унга туташ 7 та районини ҳарбий тажовуз орқали босиб олганди. Арманистонда ва босиб олинган ҳудудларда асрлар давомида муқим яшаб келаётган бир миллионга яқин озарбойжонлар қурол кучи билан ҳайдаб чиқарилади, яъни арманлар этник тозалашни амалга оширади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши Арманистонни агрессор эканини тан олиб, дарҳол босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетиши тўғрисида бир қатор резолюциялар қабул қилади. Аммо Арманистон уларни бажаришдан бош тортади. Олий мақом халқаро ташкилот эса Арманистонни резолюцияларнинг ижросини таъминлашга мажбур этишни истамайди. Ҳолбуки, 1990 йил Ироқ куч билан Қувайтни босиб олганда ҳам БМТ ХК резолюциялар қабул қилганди. Ироқ бу ҳужжатларни бажаришдан бош тортганида, АҚШ бошчилигида халқаро коалиция уюштирилиб, унга қарши уруш бошланган ва Қувайт озод этилганди. Аммо Озарбайжон БМТ ХК резолюциялари ижросини қарийб 30 йил кутди ва халқаро ҳамжамиятнинг “икки хил стандарти”ига тўла ишонч ҳосил қилганидан сўнг ўз кучи билан ишғол қилинган ҳудудларини қайтариб олди.

 

Урушлар чоғида “тинч аҳоли яшайдиган” манзиллар жанглар доирасига тортилмаслиги, “тинч аҳоли урушдан азият чекмаслиги” учун жон куйдирувчи давлатлар 44 кунлик уруш пайтида муҳораба майдонидан олисда жойлашган Ганжа шаҳрига Арманистон армияси томонидан ракета зарбалари берилганда ҳам, 100 дан зиёд тинч аҳоли – улар орасидан болалар ва кексалар бор эди – ҳалок бўлганда ҳам “миқ” этишмади. Аммо, Қорабоғнинг Ханкенди (собиқ Стенапанакерт) шаҳрини ўз изми-ихтиёри ёки сепаратистларнинг ноқонуний ҳукумати талаби билан тарк этган арманларни “этник тозалаш” қурбонлари деб эълон қилишга уринишлар бўлди. Ва бугун ҳам айрим давлатлар Озарбойжон ўз ҳудудларини босқинчилардан озод этишини “агрессия” деб баҳолаш йўлида жонбозлик кўрсатиб, унга қарши халқаро санкциялар киритишни талаб қилишмоқда. Савол туғилади: Нега Арманистонни агрессор деб топган БМТ ХК резолюциялари ижросини таъминлашга ҳеч қандай саъй-ҳаракат кўрсатилмади? Нега, ҳақиқатан ҳам этник тозалаш қурбони бўлган озарбойжонларнинг манфаатлари ҳимоя этилиб, Арманистонга нисбатан санкциялар жорий этилмади? Халқаро ҳуқуқ танлаб қўлланиладими? Бу саволларга озарбойжонлик сиёсатшунос олим Фарҳод Мамедов сўзлари билан жавоб берадиган бўлсак, “бундай иккиюзламачи сиёсат ортида озарбойжонлар мусулмон, арманлар христиан, бўлгани, умуман олганда, Ғарбда шаклланган исломофобия ётибди”. Энди ҳам “цивилизациялар тўқнашуви” содир бўлмоқда деган Хантингтонни ноҳақ деб кўринг-чи?!

 

 

Европарламент Озарбойжон ва Арманистон муносабатлари бўйича қабул қилган қарорида ҳам яна ўша бир томонлама гаплар: Озарбойжон ҳудудидаги арманлар маданий мерос объектлари, христиан черковлари, қабристонларни бус-бутун асраш ҳақида қайта-қайта огоҳлантириш бор, аммо Арманистон ҳудудидаги Озарбойжон халқига тегишли худди шундай тарихий мерос обидалари ҳақида лом-мим дейилмайди. Афсуски бугун биз кўриб турган дунё шунақа ҳолга тушди. Бундан 20-30 йил аввал фақат сиёсий экстремистлар тилида бўлган миллий, диний, ирқий адоват қўзғатувчи шиорлар бугун расмий ҳукумат вакиллари тилидан янграмоқда. Ривожланаётган мамлакатларга иқтисодий, сиёсий ва айрим ўринларда ҳарбий босимлар кучайиб кетди. Бугун вужудга келган ўта таҳликали вазиятлар “нурли манзаралар” ҳақидаги орзуларни йўққа чиқарди. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиши керак бўлган БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий аъзоларнинг айримлари “инсониятнинг тинч яшаш” ҳуқуқига дахл қилди. Халқаро қонунчиликни ҳаммага бир хил қўллашни назорат қилишга масъул бўлган бу беш аъзонинг баъзилари ваколатларни “мамлакатларни цивилизацион мансублигига” қараб ишлата бошлади.

 

 

 

Воқеалар ривожининг бундай тус олишидан биз қандай хулосага келиб, диққат-эътиборни нималарга қаратишимиз лозим? Дунё халқлари тажрибаси ва содир бўлаётган воқеалар, муносабатлар шуни англатмоқдаки, “куч – адолатда” эмас, “адолат – кучда” экан. Бу гапни рад этишга шошманг. Мен куч деганда – мамлакатнинг тараққиёти, иқтисодий қудрати, ҳарбий салоҳияти, инсон капиталини нечоғлик ривожланганини назарда тутмоқдаман. Бу фикрни мустаҳкамлаш учун яна Озарбойжон босиб ўтган йўлга нигоҳ ташласак:

Ушбу мамлакат адолат юзасидан халқаро ҳамжамият Арманистонни БМТ ХК ҳужжатларига бўйсунишга мажбур қилади, дея ишонди ва кутди. Шу билан бирга энергетика соҳасида “Аср келишуви” деб номланган йирик иқтисодий лойиҳани амалга оширди, мамлакат саноатини модернизация қилди, қуролли кучларини Исроил, Англия, Италия, Туркия ёрдамида энг замонавий қурол-яроғлар билан таъминлади (сотиб олди), армиясини Туркия кўмагида НАТО стандартлари бўйича қайта қурди, халқаро миқёсда ишончли иттифоқчиларни топди, энг муҳими дунё ахборот маконида Озарбойжоннинг миллий манфаатлари ва нуқтаи-назарини ҳимоя қиладиган таҳлилчилар, сиёсатшунослар, журналистларнинг янги авлодини тарбиялаб, шакллантирди. Натижада ўз куч-қудратига таяниб, уруш орқали ҳудудий яхлитлигини тиклади ва адолатни қарор топтирди. Бошқача айтганда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бошқаларга ишлайдиган адолатли қарорларини қурол кучига таяниб амалга оширди.

 

 

Демак, бугунги мураккаб дунёда бошқаларга оёқости бўлмаслигимиз учун биз ҳар томонлама кучли бўлишимиз керак. Бу учун иқтисодий ва технологик жиҳатдан ривожланиш, илм-фанга, таълим-тарбияга ҳаёт-мамот масаласидек ёндашиш, ҳарбий салоҳиятни юксалтириш – миллий манфаатларнинг бош бўғини, ҳаётимиз дастурига айланишини сўзда эмас, амалда таъминлашимиз зарур. Акс ҳолда, образли қилиб айтганда, замонавий танк қаршисига қўлимизда тош билан чиқамиз.

                                                                           

      Жалолиддин САФОЕВ,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси