“Келажак кўзлари”. “Коинот Одиссейи: 2001» қандай қилиб барча даврларнинг энг яхши илмий-фантастик фильмига айланди?


Сақлаш
13:10 / 18.10.2023 401 0

Экранлаштирилгандан 50 йиллик ўтиб ҳам уни биринчи марта кўраётган томошабинни ҳаяжонга солувчи, ҳайратлантирувчи фильмлар жуда кам. Бундай фильмлар ортида ўз ишининг ҳақиқий усталари ва улкан меҳнат туради. 1968 йилда премьера қилинган “Коинот Одиссейи: 2001» фильми ана шундай картиналардан бири. Ушбу фильм ўз даври учун ҳақиқий инқилобий ҳодиса бўлди. Режиссёр ва ссенарист бу фильмда келажакка боқди ва уларнинг келажак ҳақидаги тасаввурлари кейинчалик ҳатто реалликка ҳам айланди. Фильм шу қадар мураккаб, нисбатан зерикарли, ажойиб ва бетакрорки, уни кўрган инсон нега бу кино дурдона картина ҳисобланишини тушунмаслиги мумкин.

 

Режиссура ва илмий-фантастика “даҳолари” иши

 

“Коинот Одиссейи: 2001» фильми бутунжаҳон кино тарихидаги энг муваффақиятли, машҳур, култ фильмлардан бири ҳисобланади. Америка кино институти “Коинот Одиссейи”ни Ҳолливуд тарихидаги энг яхши илмий-фантастик фильм деб топган. Кўплаб кинотақризчилар ва киномухлислар эса уни кино тарихидаги энг яхши картина деб ҳисоблайди.

 

NASA Марс сайёрасини ўрганувчи ўз қурилмасини ушбу фильм шарафига “Марс Одиссейи” дея номлаган. Кино “Энг яхши махсус визуал эффектлар” номинацияси бўйича Осcар мукофотига сазовор бўлган.

 

Ушбу фильмдан сўнг яратилган кўплаб машҳур кинолар, мультфильмлар ва мусиқаларда картинанинг кульминацион саҳналари ва, албатта, саундтрекидан фойдаланилган (масалан “Чарли ва шоколад фабрикаси”, “Симпсонлар”, “Зооландер” ҳамда яқинда премьераси бўлиб ўтган “Барби” фильми).

 

Фильм “режиссура даҳоси” деб айтилувчи режиссёр Стенли Кубрик томонидан суратга олинган. Кубрик ушбу асари устида бир неча йил ишлаган ва у орқали режиссура соҳасида янги даврни бошлаб берган. Режиссёрнинг яна бир нечта култ фильмлари бўлса-да, “Коинот Одиссейи: 2001»ни Кубрик фаолиятининг чўққиси дейиш мумкин. Чунки режиссёр бу фильмда нафақат бетакрор саҳналарни яратди, балки инсоннинг тасаввур олами қанчалик кенглигини кўрсатди ва келажакни тасвирлади.

 

Жуда инжиқ режиссёр ҳисобланувчи Кубрик фильмдаги ҳар бир деталга эътибор қаратган. 1960 йилларда компьютер техникаси ҳали эндигина ривожлана бошлагани учун визуал саҳналар минглаб варақларга қўлда чизилган. Кубрик Ой юзасини шу қадар мукаммал тасвирлагандики, орадан бир йил ўтиб, Ойга қўнган “Аполлон-11» жамоаси фильмдаги тасвирлар реалликдаги Ой манзарасидан деярли фарқ қилмаслигини кўрсатди (Ой фитнаси, яъни Ойга одам оёғи етганига ишонмайдиган инсонлар айнан шу фильмдаги эпизодларга таяниб, АҚШ космонавтларининг Ой қўниши Кубрик томонидан саҳналаштирилган деб даъво қилади).

 

Режиссёр Стенли Кубрик

 

“Коинот Одиссейи: 2001» фильми муваффақияти фақатгина буюк режиссёрга боғлиқ эмас эди. Фильмнинг сценарийси учун асос бўлган асарлар машҳур ёзувчи, инженер, ихтирочи Артур Кларк қаламига мансуб бўлган. Кўпчилик “Коинот Одиссейи” Кларкнинг “Абадийлик қўриқчиси” асари асосида олинган деб ҳисобласа-да, ёзувчининг ўзи буни рад этиб, фильм сценарийси бир неча асар сюжетини ўз ичига олгани ва Кубрик билан биргаликда ёзилганини таъкидлаган.

 

Артур Кларк нафақат ёзувчи, балки буюк ихтирочи ҳам эди. У ҳозирги вақтда инсоният кундалик турмушида муҳим ўрин эгаллаган сунъий йўлдош алоқа тизими ғояси муаллифидир. Яъни, сунъий йўлдошларнинг Ердан тўлқинларни қабул қилиши ва уларни бутун дунё бўйлаб Ердаги бошқа антенналарга узатиши Кларкнинг тафаккури маҳсули эди. Бу ғоя мобил алоқа, телевизион тўлқинлар, интернетнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

 

Қолаверса, у сунъий йўлдошлардан об-ҳаво башоратида фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаган ва ҳозирда бу амалиётда қўлланилмоқда.

 

Кларкнинг илм-фан олдидаги улкан хизматлари эвазига Ернинг геостационар орбитаси “Кларк орбитаси” деб номланган. Плутоннинг Ҳарон табиий йўлдошидаги тоғлардан бирига Артур Кларк номи берилган. Британия сайёралараро жамиятидаги узоқ йиллик фаолияти учун Кларк Британия империяси ордени командори ва рицарь-бакалавр унвонлари билан тақдирланган.

 

Артур Кларк

 

Фильм сценарийси мана шундай маҳоратли олим иштирокида ёзилганди. Гарчи Кубрик ҳам баъзи қўшимчалар киритган бўлса-да, сюжет Кларк ғояларига асосланганди. Ва бу фильмнинг ҳам режиссура жиҳатдан, ҳам сюжет жиҳатдан мукаммал бўлишини таъминлаган.

 

Албатта, шедевр фильмда ҳам камчиликлар бор. Масалан, кинода космонавтлар Ойнинг Клавий кратерига қўнганда, уфқда Ер сайёраси кўринади. Бироқ Клавий кратери (Ойдаги энг сирли кратери) Ойнинг экватор қисмига яқин жойлашган ва у ерда турган одамга Ер уфқда эмас, тепада кўринади. Ер горизонтда кўриниши учун инсон Ойнинг қутбларидан бирида туриши керак.

 

Яна бир илмий хато фильм қаҳрамонларидан бири, доктор Флойд қизи билан видео алоқа орқали суҳбатлашганда юз беради. Улар худди Ердаги каби гаплашади, яъни, Ердаги инсоннинг овози космик кемадаги одамга паузаларсиз эшитилади, аслида эса Ер ва Ой ўртасидаги тўрт минг километрлик масофа сабаб сигналлар алмашинуви учун 2-3 сония вақт талаб этилади.

 

Клавей кратери. Ушбу кратер ундаги кичик кратерлар математик жиҳатдан аниқ ўлчамларда бир-биридан фарқ қилиши билан кўпчиликнинг эътиборини тортади

 

Қолган камчиликлар, асосан ҳозирги кунда, илм-фан анча ривожлангач пайдо бўлган.

 

Кичик камчиликлардан қарамасдан, картина барибир катта шуҳратга эришди. Хусусан, унда жуда замонавий келажак мосламалари намойиш қилингани фильм қийматини янада оширди. Мисол учун, кўпчилик (жумладан Samsung компанияси) Apple ўз I'Padлари дизайнини “Коинот Одиссейи” фильмидаги қурилмадан олган деб ҳисоблайди.

 

Фильм ўзи нима ҳақда?

 

“Коинот Одиссейи: 2001» фильми икки қисмдан иборат. Биринчиси қисмда (The dawn of man) илк инсонларнинг аждоди ҳисобланувчи австралопитеклар ҳаёти ва уларнинг цивилизация томон қадам ташлаши тасвирланади.

 

Иккинчи қисмда эса воқеалар ХХ асрга кўчади ва юлдузлараро фазо кемалари экранда кўринади. Шундан сўнг қаҳрамонлар аввал Ойга, кейинчалик Юпитерга отланади.

 

Фильм сўнгида қаҳрамонлардан бири юқори инсонга (оверман, сверхчеловек) айланади ва Ерга қайтади (яъни, қадимги юнон ёзувчиси Гомер достонидаги Одиссей каби узоқ саёҳатдан сўнг уйига қайтиб келади). Шу тариқа фильмда инсоният цивилизациясининг уч босқичи: австралопитек (маймун), одам ва юқори одам гавдалантирилади.

 

Фильмдан саҳна

 

Юқори инсон — файласуф Фридрих Ницшенинг “Зардушт таваллоси” асарида қайд этилган тушунча бўлиб, инсон қудрат (цивилизация) жиҳатдан маймундан қанчалик устунлик қилса, юқори инсон ҳам одамдан шунчалик юқорироқ туради. Ницшенинг фикрича, инсон энг мукаммал жонзот эмас ва келажакда инсондан ҳам ақллироқ, кучлироқ, қобилиятлироқ жонзот — юқори инсон пайдо бўлади.

 

Фильмнинг афсонавий саундтреки ҳам Ницше ижоди билан боғлиқ. Кубрик картинадаги ҳаяжонли саҳналар учун идеал композиция танлаган — Рихард Штрауснинг “Зардушт таваллоси” мусиқаси. Буюк режиссёр фильм ғояси ва саундтрекини ажойиб тарзда уйғунлаштирганди.

 

Кинодаги воқеалар жуда секин, босиқлик билан содир бўлади ва бу томошабинда зерикишни пайдо қилиши мумкин. Аммо фильмдаги ҳар бир деталь қандайдир илмий ёхуд фалсафий билимга ишора қилади ва уни пайқаш учун кўрувчи эътибор ва катта билимга эга бўлиши керак. Ҳар сафар янги билимларга эга бўлгач, фильм қайтадан кўрилганда ундан янги ишораларни топиш мумкин. Зеро, унинг ссенаристи Артур Кларк “агар томошабин фильмдаги барча нарсани осонлик билан тушунса, унда картинани иккиланмасдан ахлатга ташлаш мумкин” деган эди. Кларк ва Кубрик фильмни нафақат мафтункор, балки мураккаб қилишни уддалаган.

 

Орадан 50 йил ўтиб ҳам “Коинот Одиссейи: 2001» фильми кўплаб тортишувлар ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, қандай маъно англатиши томошабиннинг ўзининг ихтиёрига қолдирилган фильм якуни ҳалигача баҳслар марказида.

 

Фильм қаҳрамонлари Ой юзасида. Уфқда Ер сайёраси

 

Картина сўнгидаги саҳнани қандай тушуниш мумкин?

 

Эҳтиёт бўлинг, спойлер!

 

Фильм сўнгида қаҳрамонлар бири (Боумен) Юпитер сайёраси олдидаги қора монолит томон учади ва шундан сўнг бир неча дақиқалик тушунарсиз эффект пайдо бўлади.

 

Кўз ва визуал эффект тасвирларидан сўнг Боумен француз услубидаги хонада пайдо бўлади ва бир неча эпизоддан сўнг, хона ўртасида пайдо бўлади. Бир неча дақиқа ичида Боуменнинг қариган ва ўлим тўшагида ётган кадрлари кўрсатилади. Ва ниҳоят яна қора монолит кўриниш беради ва Боумен ётган диванда шаффоф сферали эмбрион пайдо бўлади. Камера қора монолитга яқинлашади ва экранда олдинроқ шундай монолит топилган Ой кўринади. Ой ёнида эса Ер ҳамда унга қараб турган эмбрион намойиш қилинади. Шу билан фильм тугайди.

 

Ушбу кадрлар қандай маъно англатиши узоқ вақт давомида мухлислар баҳсига сабаб бўлган. 1980 йилда япониялик кинематограф Ян Ичи Яой ўзининг махсус дастури учун Кубрик билан телефон орқали суҳбатлашади ва “Коинот Одиссейи: 2001» якунини муҳокама қилади. Ушбу суҳбат видеоси Ян Ичининг лойиҳаси амалга ошмагани учун архивда қолиб кетади ва 2016 йилда eBay видеокассетани эълон қилади.

 

Фильмдан саҳна

 

Кубрикнинг айтишича, Боумен Юпитер сайёраси олдидаги қора монолит орқали бошқа оламга ўтган. Уни макон ва замондан ташқаридаги, ҳеч қандай шаклга эга бўлмаган, ақл ва соф энергиядан ташкил топган мавжудотлар, яъни ўзга цивилизация вакиллари олиб кетган.

 

“Улар Боуменни ўрганиш учун, инсонлар жонзотларни ҳайвонот боғига жойлаштиргани каби бир хонага жойлаштиради. Унинг бутун ҳаёти шу ерда ўтади, аммо у вақт ўтишини сезмайди, унинг учун барчаси худди томошабин кўрганидек, бир лаҳзада кечади.

 

Улар Боумен ўзини уйдагидек ҳис қилиши учун француз архитектурасидаги хонани қурган, аммо унчалик ўхшатиша олмаган. Мен буни атайлаб, улар инсон нимани маъқул кўришини тўлиқ билмайди деган фикрда шундай қилдим. Чунки, биз ҳам ҳайвонлар қандай шароитда ўзини бехавотир ҳис қилишини аниқ билмаймиз.

 

Фильмни суратга олиш жараёни

 

Қаҳрамон, ниҳоят, бизнинг маданиятлардаги кўплаб афсоналаридагидек супер мавжудотга айланади ва Ерга қайтади. Айтиш мумкинки, у юқори инсонга айланганди. Биз унга нима бўлганини фақат тахмин қилишимиз мумкин. Бу ҳар қандай мифологиядаги муҳим лаҳзадир ва биз айнан шунга ишора қилгандик”, деган Кубрик фильм якунига изоҳ бериб.

 

 

Яъни, картина якунида Боумен макон ва замондан мустақил, соф энергиядан иборат юқори инсонга айланади. Коинот Одиссейи миссияси бажарилади, қаҳрамон уйига қайтади. Аммо бу шунчаки саёҳат эмас, узоқ, машаққатли, абадийлик йўли босиб ўтилган самовий саёҳат эди.

 

Муҳаммадқодир Собиров

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси