Қўшхотинли, сеҳргар ва бепушт ўзбеклар – сериалларимиздаги тренд мавзулар таҳлили


Сақлаш
16:10 / 13.10.2023 536 0

Бугун ўзбек сериаллари ҳақида мавзу очилса, ёппасига танқидий фикрлар ўртага ташланади. Кимдир танланган мавзуларга, кимдир бадиий савияга, яна кимдир актёрлар ижросига эътироз билдиради. Лекин бу танқидий фикрлар сабаб сериаллар тўхтаб қолаётгани йўқ, аксинча, йилдан йилга кўпайиб бораяпти. Демак, бизнинг ғашимизни келтирадиган “маҳсулот”ларга талаб бор. Сериал бўйича мулоҳазалар эса тарвақайлаб кетган. Таҳлил қиламиз десак, мақоланинг ўзи сериаллардек мавсумларга бўлиниб кетади. Oyina.uz даставвал сериалларга асос бўлаётган мавзуларга эътибор қаратишни лозим топди.

 

Бой ва қашшоқ тўқнашуви

 

Ўзбек фильм ва сериалларида айнан бой-камбағал ўртасидаги муносабатлар мавзуси биринчилардан бўлиб томошабинлар меъдасига теккан. Қачонлардир бу мавзу трендда бўлган, бугун ҳам онда-сонда кўзимиз тушади. Шу сабабдан, четлаб ўтолмадик. Аслида бу муносабат бизга ҳинд фильмларидан юққан дейиш мумкин. Сабаби, узоқ йиллар давомида Ҳиндистон медиасида камбағал ва бойларнинг тўқнашуви – фавқулодда камбағал одамларнинг ғалабаси эффектив сюжет ҳисобланган. “Таъсирчан” ўзбек ижодкорлари бу сюжетни бизнинг фильм ва сериалларга ҳам кўчириб ўтишди. Ва ўз вақтида улар халқимиз томонидан ҳам илиқ қарши олинганди.

 

Ё бефарзанд, ё фақат қиз туғилади

 

Оила қадрият саналган миллатимиз учун фарзанд энг қимматли неъматдир. Шу боис фарзандсизлик ёки оилада ўғил фарзанднинг бўлмаслиги оила тинчини бузилишига сабаб бўлган. Бу ҳолат сериал ва фильмларда акс этишини табиий қабул қилиш мумкин. Лекин бу мавзуда ҳам баъзан чегарадан ошганмиз. Натижада каналларда эфирга узатилувчи ушбу эгизак ва тинимсиз такрорланувчи сюжет томошабинни бездириб қўйди. Қарабсизки, мавзу тренд пештахтасидан тушган.

 

Азалий курашчилар – қайнона ва келин

 

Драма назариясида бир кучли воқеа иккинчи кучли воқеани сиқиб чиқаради, деган гап бор. Бу қоида мавзу тушунчасига ҳам хос экан. Чунки, ўзбек сериалларидаги қайнона-келин мавзуси бой ва қашшоқ мавзусини сиқиб чиқарди.  Сўнгги йилларда айнан бу икки фигура ўртасидаги зиддиятлар мавзуси ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Тўғри, аввал ҳам қайнона-келин муносабатларига асосланган фильмлар бўлган. Лекин йиллар ўтиб меъёр унутилди ва томошабин талабларига мос равишда “қайнона-келин” медиамаҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “завод” пайдо бўлди. Ҳар қанча танқид қилинмасин, бу мавзу энг “харидоргир” бўлиб қолаверди. Масалан, YouTube платформасига “Қадрсиз ўқитувчи” ва “Қадрсиз қайнона” деган икки хил материал жойланса, томошабинларнинг катта оқими қайси тамонда бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Айни дамда одамларимизнинг маиший турмуш тарзи, хусусан, қайнонаси ёки келини билан муносабатлари реал ҳаётда ҳам муҳим ҳисобланади, шу сабабдан, бу мавзу сериал ва фильмларимизга мустаҳкам ўрнашиб олган.

 

Хиёнат қилмайдиган кимдир қолдими?

 

Юқорида ҳинд фильмлари таъсирида бой-қашшоқ табақаларининг тўқнашуви авжига чиққанини айтгандик. Бу ягона таъсир эмас. Турк сериаллари ўзбек медиабозорини яна бир мавзу билан бойитиб берди: хиёнат ва оиладаги носоғлом муносабатлар. Тўғри, бу тушунчалар ўзбек оилаларига янгилик эмас. Лекин авваллари бундай мавзуларни узлуксиз эфирга олиб чиқиш катастрофа ҳисобланган. Охирги йилларда эса ҳижолатни юмалоқ ёстиқ қилиб юбордик: агар навбатдаги сериалда хиёнат воқеалари йўқ бўлса демак, рейтинг йўқ. Ҳа, мана гап орасида асосий айбдор ҳам чиқа қолди. Рейтинг! Аллақачон тадбиркорликка айланиб улгурган хусусий телеканалларда рейтинг худди компасга ўхшайди: у бошлаган йўналиш томон одимланади. Ёппасига томошабинлар кўрмаймиз деб бойкот эълон қила олмайди, керак бўлса яшириб кўради, керак бўлса, қарғаб кўради.

 

Хуллас, эр-хотин ўртасидаги зиддиятли муносабатлар, хиёнат, иккинчи турмуш каби мавзулар бугуннинг навбатдаги трендига айланишга улгурди. “Топилма”лардан одамнинг ақли шошади:  оилали ходим раҳбари билан ишқий муносабатга киришади, опа-сингил эр талашади, қайнота келинига кўз олайтиради, келин қайнисига кўз сузади ва ҳоказо… Вазият шу даражага етдики, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Сўнгги йилларда қўшхотинликнинг яширин тарғиботига ўз ҳиссасини қўшаётган сериаллар, жумладан, кўнгилочар медиаматериаллар шундан сўнг камаяр деганлар чучварани хом санашди. Кўряпмизки, бу қарор сериаллардаги хиёнат, қўшхотинлик мавзусининг “обрў”сига зиғирчалик таъсир ўтказгани йўқ.

 

“Иссиқ-совуқ” – ўзбекча конфликт

 

Драматизмнинг мазаси “конфликт” билан. Персонажлар манфаат тўқнашувларида ҳар қандай тубанликка юз тутиши мумкин. Бу табиий… А, бизнинг ўзбекча конфликтимизда эса “иссиқ-совуқ” билан курашиш анчайин самарали сужетга айланган. Фолбин эса “суперқаҳрамон”. Классик драматургияда ҳатто энг салбий образнинг ҳам ўз ҳақиқати бўлади, ҳар қандай трагик асарда ҳам тафаккури юксак персонажлар билан юзлашиш мумкин. Бугунги “трагик” сериалларимиз эса фитначилар ва “иссиқ-совуқчилар” билан тўлиб-тошганки, ижобий персонажлар улар олдида ожиз ва мағлуб. Бу реал ҳаётга ҳамиша ҳам мос келмаса-да, яхшилик ва яхши инсонларнинг тафаккури асосий ўринга олиб чиқилгани маъқул, бизнингча.

 

“Иссиқ-совуқ” ёки сеҳр орқали инсон тақдирига дахл қилиш эса худди юқоридаги қўшхотинлик каби мавзу тарғиботига хизмат қилади. Хавфли тренддан қанча тез қутулсак, шунча яхши.



Сериалларимизда учрайдиган юқоридаги каби вирусли мавзуларни узоқ давом эттириш мумкин. Яхшиси, тўхтаб, фикр қилишга уринамиз. Бу “тренд”лардан бутунлай воз кечиб бўлмайди, лекин бирламчи “план”га қўйиш ҳам хато. Чунки уларнинг таъсирида тикланиши қийин бўлган уч йўқотиш юзага келади.

 

Биринчидан, кўп сонли томошабинлар савиясини тушираяпмиз;

Иккинчидан, зиёли томошабинлар ишончини йўқотаяпмиз;

Учинcҳидан, миллатимизнинг обрўсини ерга уряпмиз.

 

Хўп, айнан трендга чиқиб олган (ёки чиқариб қўйилган) мавзуларни саваладик.  Ана энди масаланинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратайлик.

 

Ҳамма даврда ҳам бадиий ижод маълум мақсад учун хизмат қилган. Тасвирий санъат, адабиёт, кино, театр… Ўйлаб кўрайлик, бугунги кундаги фильм ва сериаллар қандай мақсад учун хизмат қилмоқда? Кимнингдир чўнтагини қаппайтириш ёки бир неча миллион содда халқни чалғитиш учунми!? Аслида ўзбек киномайдонида қандай мавзуларга зарурат бор?

 

Мақсад аниқланганда мавзулар рўйхати юзага келади. Дейлик, бугунги кино ва сериаллар орқали миллат обрўсини ошириш, халқ тафаккурини юксалтириш ва ўзига хос санъат мактабларига асос солиш бизнинг мақсадимиз бўлса, мавзулар борасида жиддий бош қотириш керак.

 

Миллатимиз билан мақтанса бўладими?

 

Миллат обрўсини оширишдан олдин фазилатларимизни аниқлаб олиш керак. Масалан, японлар фильмларида маданияти билан, ҳиндлар эса қадриятлари билан мақтанади. Биз-чи? Аждодларимиз, миллий анъаналаримиз (давом эттиринг)… Сериалларда ҳиндлардан ёки турклардан кўчирилган эпизодлар билан мақтана олмаймиз ёки жамиятимиздаги энг маиший муносабатларни бўрттириш билан миллат обрўсини кўтара олмаймиз.

 

Аслида сэриалчиликда мутлақо қашшоқ эмасмиз: “Шайтанат”, “Чархпалак”, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” каби номлар бизни уялтириб қўймайди. Масалан, “Меҳмонжонлардан айланай” сериали ҳам миллат характери ҳақидаги ажойиб медиамаҳсулот. Унда бир оиланинг меҳмондўстлиги, қўли очиқлиги ва олийжаноблиги ҳикоя қилинган. Лекин охирги вақтларда миллатимиз қадр-қимматини юқорига олиб чиқувчи сериалларни кўраётганимиз йўқ. Қандай хулоса қилишга ҳам ҳайронмиз: ё миллатимиз билан мақтаниб бўлмайди ё миллий сериалларимиз билан.

 

Бахтсизликдан бахт сари

 

Томошабин руҳияти ва тафаккуридаги бўшлиқларни тўлдириш учун ҳам сериаллардан фойдаланиш мумкин. Одамлар ҳаёти давомида ё ҳамдардга, ё устозга, ё турткига, ё танқидчига эҳтиёж сезади. Бугун психологик ёки шахсий ривожланишга йўналтирилган курсларга омманинг оқиб бораётгани ана шу бўшлиқлар билан боғлиқ. Тасаввур қилинг, агар кучли мотивацион ёки психологик сериал ишлаб чиқарилса, қанчадан-қанча йўлини йўқотган томошабинларга наф келтириш мумкин. Арасту ҳам ўз “Поэтика”сида айтган: шахслар “ё бахтсизликдан бахт сари” ёки “бахтдан бахтсизлик сари” ҳаракатланадилар. Бахтга эришиш йўли агар сериалларда акс этса, бу жанрнинг ижтимоий обрўси анча кўтариларди. Биргина “Сарой жавоҳири” сериалини эсланг. Ундаги бош қаҳрамон Тангем қанчадан қанча синовларни енгиб ўз мақсадига – бахтига эришади. Сериалда айтилганидек, у ажриққа ўхшайди. Қанча юлиб ташланмасин, иродаси, қатъияти, ақли ва инсонийлиги билан қайта ўсиб чиқаверади.

 

Назаримда бугунги ўзбек сериалчилари бундай мақсадга яқинлашаётгани йўқ.  

 

Яхши асар яратиш сири

 

Маҳоратли драматург Шароф Бошбековга яхши асар яратиш сири ҳақида савол берилади. У ўйланмасдан айтадики, агар жамиятда ижтимоий муаммо мавжуд бўлса, демак, яхши асар яратиш мумкин. Биз жамиятимизда муаммолар йўқ деб айта олмаймиз, лекин афсуски, яхши асарлар йўқ деёламиз. Сериаллар учун навбатдаги мотив ижтимоий муаммолардир. Тўғри, кўплаб замонавий сериалларимиз ижтимоийликдан узоқ эмас. Лекин уларда асосий тошни барибир маишийлик босиб кетади. Ваҳолангки, сериал орқали бутун жамиятни оёққа турғазиш ёки кўзини очиб қўйиш мумкин. Масалан, яқинда Сарвар Каримовнинг “Ҳоким бува” номли мини-сериали эълон қилинди. Кўплаб ижтимоий масалаларга кўзгу тутилган ва эффекти ҳам шунга яраша. Аммо сериал тор доирада, яъни, пулли платформада намойиш этилгани учун кўпчилик томошабинлар кўришга улгурмаган бўлиши мумкин.

 

Соҳавий мавзудаги сериаллар

 

Ўзбек сериалларида соҳавий мавзуларни кучайтириш ҳам долзарб масала. Тан олиш керак, шифокорлар, ҳарбийлар, ИИБ соҳаси, меҳмонхона ҳақида сериаллар ишлаб чиқарилган. Лекин бу “маҳсулотлар” катта эҳтимол билан жаҳон бозорида арзонгаров “товар”га айланади, холос. Сериал орқали бир соҳага нисбатан ҳурматни ва бир миллат мутахассисларига нисбатан эътирофни ифодалаш мумкин. Яна ўша ўзимиз билган “Муҳаббат ва эҳтирос” (“Меҳмонхона ишчиси”) сериалини эслайлик. Корейс халқи сериал орқали бутун меҳмонхона тизими ва миллат маданиятини юксак даражада тарғиб эта олган. Аниқ маълумотларга кўра, сериал ўзбек тилида намойиш этилганидан сўнг, юзлаб ота-оналар фарзандларини меҳмонхона мутахассисларини тайёрлайдиган таълим муассасаси сифатида Туризм коллежига етаклаб олиб боришган. Мана бу натижа! Сериалда меҳмонхона бошқаруви, мижозларга хизмат кўрсатиш, ресторан фаолияти, таомнома тузиш, соҳавий реал вазиятлар сужетни ташкил этган. Ўринли тарзда ўша муҳаббат ёки маиший муносабатлар ҳам сингдирилган. Айнан корейсларнинг “Гарварддаги севги тарихи” (“Севишганлар”) сериали эса халқаро таълим жараёнларига жалб этилган корейс ёшлари ҳаётини жуда таъсирли тарзда очиб бера олган. Бизда эса таълим билан боғлиқ сериаллар тугул, фильмларнинг ўзи бармоқ билан саноқли.

 


Халқимизда “бурнидан нарини кўра олмайди” деган гап бор, гўёки биз ҳам сериалчиликда тўрт девор ва тўшак мавзуларидан нарини кўра олмаяпмиз. Жаҳли чиққан баъзи юртдошларимиз тинмай бир саволни ўртага ташлашади: “Телевидениедагилар қайси савия билан шундай сериалларни эфирга беради?” – Жавоби оддий, уларда савия етарли даражада, шунчаки, мижозлар – томошабинларга мослашилади. Муҳими, харидорларда талаб юқори – кам пулга сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу тенденцияни бутунлай ўзгартириб юборадиган мавсум қачон ва кимларнинг таъсири билан кириб келади – бу бизга қоронғу.

 

Ҳозирча ижодкорлар ва томошабинлар учун долзарб мавзуга “ойина” тутишга ҳаракат қилдик. Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзида. Биз эса мақоланинг кейинги қисмида эътиборни сериаллардаги жанрларга қаратмоқчимиз.

 

 

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси