“Соғ бўлсам шундай суратлар чизармидим?» – Эдвард Мункнинг депрессия, қўрқув ва қайғудан яралаган асарлари


Сақлаш
18:10 / 12.10.2023 507 0

 

Эдвард Мунк замонавий тасвирий санъатнинг илк ва асосий устунларидан бири дейиш мумкин. Экспрессионизмнинг тарихдаги энг соф ва чуқур шакли айнан Мунк ижодида вужудга келган. Мункнинг ижоди фақат санъатшунос ва бой коллекционерларнигина эмас, жуда кенг кўламдаги оддий томошабинларда ҳам қизиқиш, мойиллик, ўрни келганда ҳамдардликни ҳам уйғота олган. Қайғу-ҳасратлар уни ёшлигиданоқ таъқиб қила бошлаган ва умрининг охиригача шундай давом этган. Мунк тасвирлаган драма, тушкунлик, азоб ҳаддан ташқари оддий ҳаётда айланиб юрган энг одми кишилар учун ҳам таниш ва самимий бўлган. Шоҳ асари бўлмиш – “Қичқириқ” эса тасвирий санъатдаги аҳамияти бўйича “Мадонна”, “Марварид сирғали қиз”, “Американча готика”, “Юлдузли тун” каби суратлар қаторида туради.

 

17 ёшдан тасвирий санъат билан жиддий шуғуллана бошлаган Эдвард болалигида тез-тез хасталангани учун мактабга доимий қатнай олмасди. Унинг руҳияти ва характеридаги бир неча оғирликлар туфайли дўстлари ҳам бўлмаган. Рассом доим тушкун, ўйинқароқликдан нари юрар, сурат чизар ва шу сабаб кўп вақтини уйда ўтказарди. Мунк болалик даврини эслаб шундай ёзади: “Туғилган кунимдан бери қўрқув, қайғу ва ажал руҳи мудом мен билан бирга эди”.

 

1875 йил, 12 ёш Эдвард Мунк укаси Андреани чизган

 

Мактабни тамомлагандан сўнг Эдвард техника коллежига ўқишга киради, бироқ бир йилдан сўнг рассом бўлиш мақсадида у ерни тарк этади. Кейинроқ маҳаллий Қироллик санъат ва дизайн мактабига қабул қилинади (бу мактабнинг асосчиси Эдвард Мункнинг қариндоши Жейкоб Мунк эди). Мунк тасвирий санъат ҳақида тасаввурлар ва тушунчалари шакллана бошлаган илк кезларда реализм ва импрессионизмга меҳр қўйганди, унинг биринчи устози ҳам натуралист Кристиан Крог эди. Ёш рассомнинг ушбу йўналишда ижод қилган даври унчалик ёмон кечмаган, бир неча кўргазмаларда қатнашиб, жуда юксак даражада бўлмасада, олқишларга лойиқ кўрилганди. Бироқ санъатда тўнтариш ясаган барча ижодкорлар сингари Мунк ҳам ўз ботини ва руҳиятининг тўлиқ ифодаси учун реализмга, шу қаторда импрессионизмнинг кучига ҳам шубҳа билан қарай бошлади. Унинг ўзи яратаётган асарларидан тўлалигича кўнгли тўлмас, санъатнинг шунчаки табиат ва атроф воқелигига тақлид эканига ҳам кўнолмасди. Натижада бора-бора Эдвард Мунк маълум маънода импрессионизмга қарши бўлиб қолди ва оқибат “кўрганини эмас, ҳис қилганини” чизишга қарор қилди.

 

“Ҳиссий тасвир” томон кескин бурилиш

 

Мунк қаламига мансуб “Хаста бола” мана шундай – ўз руҳий ҳолати ифодаланган дастлабки асари сифатида талқин қилинади. Суратда худди онаси каби сил касаллиги зўрайишидан ўлим тўшагида ётган, ўзи учун энг азиз синглиси Софи ва унинг бошида мункайган гавдаси билан ҳасрат чекаётган қора либосли аёл тасвирланган. Ушбу ғуссага ботган аёлнинг катта эҳтимол билан Мункнинг холаси, Карен экани тахмин қилинади. Карен тушкунлик ва чорасизликдан қизга қарай олмаяпти, касал Софининг юзида эса осойишталик кўринади, у тақдирга тан берганича, холасини овутишга уринаётгандек гўё. Экспрессионизмдан қаттиқ таъсирланиш ортидан фойдаланилган техника – қалин ва тўйинган, шу билан бирга кенг юргизилган ранглар тасвирда хираликни таъминлаб, асардаги драматизмни кучайтиришга хизмат қилган. Сурат услуб, анимация ва қолган барча жиҳатларда импрессионизмдан бўлак қилиб яратилган. Асарда ёрқинлик деярли йўқ, шу билан бирга анъанавий импрессионизмда қўлланилмайдиган тўқ ранглардан ҳам бемалол фойдаланилган. Ва энг муҳими суратда лаҳзадаги намоёнлик ҳолатимас, чуқур қайғу ва азоб тасвирланган. Умуман олганда, Мунк таъкидлашича, бу сурат янги услубга киришдаги бир машқ эди. Рассом ушбу воқеа, яъни, ўлим тўшагида ётган жонажон синглиси билан боғлиқ оғриқли хотирадан қаттиқ мутаассирлик айни тасвирга кейинчалик ҳам қайта-қайта мурожаат қилишига сабаб бўлган.

 

 

“Хаста бола” сурати, 1886 йил

 

Бироқ, янги оқимдаги услуб масаласи ҳа деганда ёпила қолмаган, Мунк бир неча йиллар давомида ўзига мос ҳамда кўнглини тўқ қиладиган мукаммал услубни излайди. У турли техникалар билан машқ қилиб кўрар, гоҳ у, гоҳ бу рассомнинг тасвирий характери ва мўйқалам юргизишига монанд синов суратларни чизарди. Шу билан баробар суратларидаги “жазавали” контрастлар ва ҳиссийлик кучайиб боради. Бора-бора у ранг туширишда ва график томондан пост-импрессионизмга яқинлашди. Рассом ижодидаги стилистика эврилишининг дадил ва аниқ нуқтаси Парижга саёҳатдан бошланган. Катта шов-шув ва баҳсларга сабаб бўлган “Соҳилдаги Ингер, ёз оқшоми” суратидан сўнг Мунк Парижда Леон Боннадан тасвирий санъатни ўрганиш учун стипендияга лойиқ кўрилади. Бироқ у Боннанинг дарсларига қаттиқ қизиқиш билдирмас, аксинча, Париждан бошқа нарса изларди. Пол Гоген, Ван Гог ва Тулуз-Лотреклар Мункга у айнан излаб юрган нарсани берди. Ушбу ижодкорлардаги ҳис-туйғуни рангларда ифодалаш, палитра ва контурларнинг таъсирчанлиги, айниқса, Гогеннинг “тасвирий санъат табиатга тақлид эмас, инсоннинг мустақил ва алоҳида иши бўлиши лозим” деган қараши Эдвардни кейинги ижодида асосий ўринни эгаллади. Ва биз “Мункники” деб билган, унинг шу қадар обрўсига замин яратган услуб ҳам айни шу даврдан жиддийлаша бошлаган.

 

Депрессия, қўрқув ва қайғудан яралаган асарлар


Мунк суратларининг “ҳиссий” эканлиги айтилди, бироқ, бу ҳиссийлик, масалан, у ортиқ даражада таъсирланган ва ҳаётнинг муайян жабҳаларида қисматдош бўлган Ван Гогникидан фарқ қилади. Ван Гог суратларининг сирасида завқ-шавқли, кўтаринкилик сезиладиганларини топиш мумкин. Бироқ, Мунк асарлари фақат қайғу, азоб, тушкунлик, даҳшат, ёлғизлик каби қалбни чўктирувчи ҳисларни ўзида ушлайди. Бундан ташқари, Мунк бу туйғуларни ифодалашда фақат асосий объект ёки атрибутлардан эмас, балки, ранглардан тортиб уни ўраб турган муҳитдаги барча нарсадан фойдаланади. Масалан, бирор суратининг номи, ундаги одамнинг юзи, гавда тузилиши, кийими тасвирланган воқелик мазмунини тушунтирса, атрофдаги қолган бариси айни шу ҳодиса ёки ҳолатнинг тасвирланган киши қалбида ҳосил қилган атмосферасига ишора қилади. Қуйидаги, 1894 йилда чизилган “Меланхолия” (ёки “Рашк”) суратида тушкунлик ва ўйга кўмилиб қолган йигит ва ундан узоқда турган, қайиқ орқали кетишга тайёрланаётган жуфтлик тасвирланган. Мана шунинг ўзи ва сурат номи асар мазмунини очиқлаб бериш учун етарли бўлган бўларди. Аммо, муаллиф бу севги учбурчагида вужудга келган ҳиссий муҳитни ҳар бир деталь билан ифодалашга интилган, бу албатта, тасвирдан олинадиган таассуротни батафсиллаштиради. Картинада тўқ ва қора ранглардан кенг фойдаланилган, бундан ташқари ярқирамайдиган ранглар билан бўғиқ умумий манзара ҳосил қилинган. Ёлғиз йигитнинг ўзи ҳам қора кийимда, атрофдаги деярли барча нарсалар синтетизм услубида табиий ҳолатдан бошқача тасвирланган. Бу ўринда суратда табиатга тегишли барчаси қайғудаги инсоннинг айни лаҳзадаги ботинига, ички кечинмаларига ишора қилади.

 

“Меланхолия” 1894 йил

 

Эдвард символист рассом ҳам ҳисобланади. Лекин бу йўналишда ҳам Мунк бошқа символистлардан ажралиб туради-ки, унда кўпинча рамз сифатида турли буюмлар, рамзийликда умум қабул қилинган ва ишлатиладиган нарсалардан эмас, ўзига хос бўлган синтетик услуби натижасида ўзгарган ранглардан фойдаланади. Санъатда, ўз асарларида ҳис-туйғуларнинг намойишига биринчи навбатда зўр берган рассом буни ранглар билан амалга оширди. Шунингдек, Мунк пейзажлардан кенг фойдаланган бўлсада, табиат рассоми ҳисобланмайди. Рассомлик фаолиятининг аввалида тутган йўлига эргашган ҳолда чизган суратлари гоҳ реалистик ва гоҳ импрессионизмга бўйсундирилгани ҳақиқат, аммо, кейинчалик – асосий даврда яратилган суратларда табиат табиий кўринишда эмас, бунинг устига уларда на кўтаринкилик, на завқ, на ёруғлик ва на софликни ҳис қилиб бўлади. Уларда муаллиф ёки сурат қаҳрамони ҳис қилаётган, уни азоблаётган нарсаларнинг қалбдаги оқибатини кўриш мумкин холос.

 

90 йиллардан бошлаб Мунк асарларидаги мазмун ва палитрада ўзгаришлар юз беради. 1889 йилнинг сўнгида Кристиан Мунк, яъни Эдварднинг отаси вафот этади. Отаси билан давом этиб келаётган аччиқ-тизиқларга қарамай, навбатдаги жудолик рассомга ҳам моддий ҳам руҳий томондан жуда оғир таъсир қилади. Бу воқеадан сўнг рассом шундай ёзади: “Мен атрофимда фақат ўликлар ­– онам, синглим, бобом, отам… Нима учун яшашинг керак?!»

 

***

Мунк Париждалигида пайдо бўлган қарашларидан сўнг бир қанча янгиликларга қўл уради. Энди унинг суратлари етказиши мумкин бўлган мазмунлар орасида эротик хаёллари, ижобий бўлмаган ишқий тажрибалари, истак ва умидлари ҳам тез-тез кўзга ташлана бошлайди. Айни шу воқеалар, яъни, отасининг ўлими ва оғриқли севги хаёллари унинг суратларидаги бўғиқликни, қоронғилик, ранглардаги кескинлик ва рамзийликни кучайтирди. Шу билан бирга Эдвард қизил рангга ҳам тез-тез мурожаат қила бошлайди. Айрим ўринларда бу қизиллик қонли азобни англатса, бошқаларда кучли ҳис-туйғу, эҳтиросни ифодалайди.

 

Аёллар, “Ван Гог” синдроми

 

Мунк ижодида аёл образига кўп марта мурожаат қилган ва табиийки шунга яраша кўплаб аёллар билан ишлашга тўғри келган. Аммо, Мункнинг ҳаётида унинг шахсияти ва ижодига таъсир ўтказган икки хоним бор. Иккала аёл билан ҳам қурилган муносабатлар бахтли якун топмаган, бу эса санъаткорнинг қайғуларини янада кучайтирган. Илк ишқий муносабат 1885 йилда Милли Таулов билан қурилган ва 2 йил давом этган. Айрилиқдан сўнг Эдвард кучли тушкунлик ва умидсизликдан қаттиқ қийналади. Кейинроқ муносабатни қайта бошлашга уриниб ҳам кўради, бироқ Милли энди унга бефарқ эди. Умуман олганда Мунк бундай муносабатларда уста бўлмаган ва ирода кўрсатишга ожизлик қилган, шунинг учун ҳукмронлик аёл қўлида бўлган. Ташлаб кетилиши ортидан келган қайғу ва мотив билан у бир неча суратларни чизган. Улардан бири 1894 йилда яратилган “Кул” асари бўлиб, унда бир қўллаб бошини чангаллаганча юзини пастга эгиб кетаётган қора кийимли эркак ва оқ кийимдаги уст-боши тартибланмаган аёл тасвирланган. Милли экани шубҳа қилинмайдиган аёл бошини чангаллаганча томошабинга қараб тураркан, унинг нимадандир ҳафсаласи пир бўлган, дилгир кайфиятда экани кўринади. Аёл сочларининг бир тутами ундан узоқлашаётган эркак елкасига туташиб турибди. Рассом бу билан балки, ажралишдан сўнг ҳам аёлнинг унга ўтказган таъсири ёки етказган азобини назарда тутгандир. Ҳолат ўрмон фонида тасвирланган, чунки Милли ва Мунк деярли ҳар доим ўрмонда учрашишарди.

 

“Кул”, 1894 йил

 

Милли ва Мункнинг муносабатини акс эттирувчи яна бир сурат 1895 йилда чизилган бўлиб, “Севги ва оғриқ” деб номланади. Баъзилар уни “Вампир” деб ҳам аташади, бироқ рассомнинг ўзи суратга нисбатан бу сўзни ишлатмаган. Суратда қоронғиликда эркакни қучоқлаб олган аёл тасвирланган, эркакнинг боши эгик, у ҳеч нарсага қарамаяпти ва кўрмаяпти. Аёлнинг оловранг сочлари эса уни чирмаб олган. Тасвирга қараб тахмин қилиш мумкинки, Мунк ўтмишдаги бу ишқий муносабатига ташқаридан назар солиб уни шундай кўрган, яъни, унинг ўзи ҳаяжонда ва ақлини йўқотган, унга атроф-воқеликнинг аҳамияти йўқ. Муносабатдаги устунлик ва назорат эса аёлнинг измида.

 

“Севги ва оғриқ”, 1895 йил

 

Руҳиятшуносликда “Ван Гог синдроми” деган тушунча бор, гарчи бу синдром илмий жиҳатдан рўйхатга олинмаган бўлсада, анчагина машҳур. Ушбу руҳий касаллик таърифига кўра шахс ўзига ўзи жисмоний зиён, оғриқ етказишга кучли иштиёқ сезади. Атама Винсент Ван Гог кучли стресс ҳамда руҳий қўзғалиш ортидан чап қулоғининг бир қисмини кесиб олганидан келиб чиққан. Бундай ҳолатни Мунк ҳам ўз бошидан ўтказади. 1902 йил ёзининг охири, кузнинг бошларида – Матилда Ларсен билан беқарор ва нотинч муносабатнинг сўнгги учрашувида жанжал юз беради. Аниқ нима сабаб юз бергани ҳалигача номаълум, биладиганимиз ўртадаги таранглик ва қаттиқ ҳаяжон оқибатида Мунк чап қўлида револьвер билан ўқ узади, шундан сўнг бутун умр бир бармоғини ишлатолмайди. Шунга қарамай, Матилда унинг ижодига жуда катта таъсир кўрсатади. У Мункнинг музасига, қувончи, азоби, қўрқувлари ҳамда талвасасининг манбаига айланади. Эдвард хотираларида ёзишича, уларнинг муносабатлари “тўлалигича иродасига қарши” бошланган. Матилда уни қаттиқ севиб қолиб, турмуш қуришларини истаган, бироқ Мунк турли баҳоналар билан кетиб қолаверган. Матилда эса унинг ортидан изма-из “таъқиб этган”. Ўша ёзда – ўз қўлини яралаган пайтларда Эдвард Берлиндаги кўргазмадан сўнг денгиз бўйидаги ҳовлисига қайтиб, у ердан тинчлик ва ҳаловат излаганини ёзади. Бироқ, тартибсиз кунлар ва сурункали ичкилик оқибатида руҳий муаммолар янада зўрайиб, айрим ҳолларда галлюцинация ҳам кузатиларди. Матилда билан кўришмаганига бир йилдан ошганди, зеро буни рассомнинг ўзи ҳам истамасди. Аммо аёлнинг ўз жонига қасд қилмоқчилигини эшитган Эдвард у билан учрашади. Баъзи тахминларга кўра, учрашувда Матилда тўппонча билан ўзини отмоқчи бўлганида, Мунк қаршилик қилади ва ўқ қўлига тегади. Матилда эса зудлик билан доктор чақиради ва бир умрга рассомни тарк этади. Эдварднинг ҳаёти эса аввалгидек қўрқув, ташвиш, тушкунликда ўтаверади. Бир йилдан сўнг Матилда бошқа бир рассомга эрга теккани ҳақида эшитади ва бу ҳақда кейинроқ шундай ёзади: “Мен умримни фоҳиша учун сарфладим”. Бу воқеа рассомнинг аёллар ҳақидаги тасаввурларини тасдиқлайди ва боз кучайтиради. Мунк аввалдан аёлларни ижодкорнинг кушандаси, ўзининг азобловчиси сифатида кўриб келган, энди эса уларни қотил сифатида қабул қиларди. Ушбу кўнгилсиз воқеаларга қарамай, Матилда Ларсен Мункнинг ижоди ва ҳаётидаги энг аҳамиятли шахс сифатида кўрилади.

 

“Қичқириқ” – бутун инсоният ҳайқириғи эди

 

Рассомнинг ижодидаги қолган ташқи таъсирлар оиласи, руҳий ва жисмоний саломатлиги билан боғлиқ эди. Отаси жаҳли тез, ашаддий диндор одам эди. Онаси ва синглиси Софи ёшлигида вафот этган, унинг ўзига ҳам онасидан сил касаллиги ўтганди. Шунингдек, ундаги руҳий нуқсонлар ҳам ирсий экани, бу нарса отадан мерос қилиб олингани таъкидланади. Отасининг сержаҳл ва нотабиий қўрслиги, хотинининг ўлимидан сўнг чуқур депрессияга тушиб қолиши, шу билан бир қаторда Мункнинг синглиси Лаурага болалигидаёқ руҳий хаста деб ташхис қўйилгани буни бир ҳисобда тасдиқлайди. Ёшлигиданоқ кўп қийинчиликларни бошдан кечирган Мунк айтганимиздай тушкунликка, хавотирга, депрессияга мойил бўлган. Бироқ, уни энг қаттиқ азоблаган нарса бу – қўрқув эди. Айнан мана шу қўрқув унинг ижодида кўп нарсага сабабчи бўлди. Қўрқув азоби ҳиссидан у нафақат ўзининг, балки бутун тасвирий санъатнинг чўққиларидан бири бўлмиш “Қичқириқ”ни яратади. Дастлабки нусха 1893 йилда чизилган, кейинчалик унинг яна уч нусхаси яратилган. Асарда кимдир қичқираётгани, кўприк устида ундан икки киши узоқлашгани тасвирланган. Оловранг ва қон рангидаги осмон эса ўша пайтда қичқираётган кимса ҳис қилаётган азобнинг қанчалик кучлилигини кўрсатади. Деярли ҳамма суратга қараб қичқираётган кимса Мункнинг ўзи ва урғуни ҳам шунга берган деб ўйлашади. Бироқ ўйлаб кўрилса, ҳатто қиёфа ҳам инсонники эмас. Мунк ўша пайтда хаёлан қичқириқ эшитганини ёзади ва шундай эслайди: “Мен ҳадсиз қичқириқни эшитдим, Бутун табиат менинг танамда қичқирди”. Ҳа, қичқирган кимса Мунк эди, бироқ бунда фақат тана унга тегишли бўлган. Қичқириқнинг ўзи эса борлиққа, бутун инсониятга дахлдор. “Қичқириқ” кейинроқ бошқа соҳаларга ҳам кириб борди, масалан, режиссёр Вес Крейвен ўз фильмидаги қотилнинг ниқоби учун айни ўша чеҳрадан фойдаланган. Шунингдек, бошқа кино ва мультфильмларда ҳам қўрқинчи персонаж юзи учун айни шу юз ифодасини кўрамиз. Телефон хабарларида, шу қаторда ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларда ишлатиладиган қичқиришни ифодаловчи эможида (😱) ҳам “Қичқириқ”дан фойдаланилган.

 

“Қичқириқ”, 1893 йил

 

Даҳо ижодкорнинг иқрори

 

Мунк 1908 йили касалхонада руҳий тикланиш курсини ўташга мажбур бўлади. Суиқасд истаклари, галлюцинациялар, тез-тез ҳушни йўқотиш, кучли алкоголизм, чуқур депрессия рассомни шунга мажбур қилганди. Унинг Шизофрения ҳамда чегаравий шахсият бузилиши билан оғригани тахмин қилинади. Шунингдек, унинг шахсида импульсивлик ва ташлаб кетилишдан қўрқув ҳам бор эди. Узоқ йиллар давомида рассом ўзининг тақдири ва соғлиғидан шикоят қилди, аммо кейинчалик ушбуларнинг ўз ижодидаги ўрнини тан олди, суратларига қараб, булар соғ одамнинг иши эмаслигини айтади. “Агар мен ҳамма қатори оддий ва соғлом одам бўлганимда бундай ижод қилмаган бўлардим” деб ёзган у.

 

Шифохона унга ижобий таъсир кўрсатади, ичкилик ичиш камаяди, суратлари эса ёрқинлаша борди. Энди Мункнинг палитрасида оқ, сариқ, яшил каби ранглар ҳам бор эди ва у бундан буён имкон борича салбий психологик ҳолатни тасвирловчи суратлар чизишдан ўзини тийди. Шундан сўнг то ўлимига қадар ҳаётида қайғули воқеалар рўй бермади. У кўпчилик тахмин қилганидек, ўзини ўлдирмади, 1944 йилнинг бошида 81 ёшида вафот этди. Мунк асарларидан ажралишни истамасди, уларни “фарзандларим” деб атарди. Вафотидан сўнг уйининг қулфланган хонасидан 1 008 та сурат, 4 443 та чизма, 15 391 та босма суратлар топилган. Бу унинг ҳаётида ижодининг қанчалик муҳим ва азизлигини англатарди.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ.

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси