150 асар, 150 иштирокчи, 1050 йиллик юбилей – Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди


Сақлаш
15:10 / 04.10.2023 547 0

Буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусига бағишланган тадбирлар Нукус шаҳри, Беруний тумани, Урганч, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтди. Бу ҳақда OYINA.UZ портали хабар бермоқда.

 

Конференцияда Туркия, Озарбойжон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Италия, Малайзия, АҚШ, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Миср каби 20 га яқин давлатлардан келган олимлар ҳамда мамлакатимизнинг етакчи профессор ва тадқиқотчилари қатнашди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман тадбирлари тўрт кун давом этди.

 

 

Биринчи кун – 25 cентабр

  

 

Халқаро илмий-амалий конференциянинг биринчи куни Қорақалпоғистон Республикасида ўтди. Иштирокчилар Нукус халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. И.В.Савитский номидаги санъат музейига саёҳат уюштирилди. Сўнг Беруний туманига йўл олинди. Бу ерда улуғ аллома шарафига ўрнатилган ҳайкал пойига гулчамбар қўйилди ҳамда рамзий қабри зиёрат қилинди. Беруний тумани Маданият саройида асосий тадбир ўтказилди, алломанинг илмий меросига бағишланган қизиқарли маърузалар тингланди, спектакль намойиш қилинди. Амфитеатрда концерт дастури қўйилди.

 

 

 

 

 

 

 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 25 августда қабул қилинган “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори улуғ аждодимизнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлди. Бу эса пировардида Янги Ўзбекистоннинг ирфоний ва руҳий асосларини мустаҳкамлаш, янги илмий мактабларни яратиш ва ривожлантиришга хизмат қилади, – дея таъкидлади Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо.

 

 

Абу Райҳон Берунийнинг илм уммони нечоғлик поёнсиз эканини унинг улкан қомусий олим сифатида яратган асарлари яққол кўрсатиб турибди. Фалсафа илми билимдони бир вақтнинг ўзида астроном, математик, геолог, географ, биолог, ўлкашунос, ўсимликшунос, маъданшунос, тарихчи, манбашунос, диншунос, адабиётшунос, жамиятшунос, мантиқшунос, илоҳиётчи ва шоир бўлган. Академик И.Крачковский сўзи билан айтганда, Берунийнинг шуғулланган соҳасини санашдан кўра шуғулланмаган соҳасини санаш осонроқдир.

 

 

Иккинчи кун – 26 сентабр

 

Анжуманнинг иккинчи кунига Хоразм вилояти мезбонлик қилди. Меҳмонлар Маънавият ва маърифат маркази биносида мутафаккир ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи саҳна кўриниши билан қарши олинди. Шундан сўнг “Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси”, “Абу Райҳон Беруний илмий меросида амалий фанларнинг ўрни”, “Абу Райҳон Беруний ва ижтимоий-гуманитар фанлар” каби йўналишларда маърузалар тингланди. Хорижлик олимларнинг Нуриллабой саройига, афсонавий очиқ осмон остидаги музей – Ичанқалъага, ўз даврида кўплаб олимларни бир нуқтага бирлаштирган, мустақиллик йилларида қайта тикланган Хоразм Маъмун академиясига ташрифи таассуротларга бой бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

– Илмий фаолиятим давомида бир неча ўн йиллар мобайнида Абу Райҳон Беруний асарларига тез-тез мурожаат қиламан. Бугун аллома туғилиб-ўсган юртга келганимдан жуда бахтиёрман. Университетда талабалар билан Беруний ўқишларини ташкил этамиз, китобларида кўтарилган масалаларни ўрганиб муҳокама қиламиз. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, Абу Райҳон Беруний дунё тан олган ўн олимнинг биридир. Унинг мавзуга қараши маълумот берувчи, тавсифловчи ва тушунтирувчи – чин маънода замонавий академик қарашдир. Ҳар бир асари фанлар тарихида янги уфқларни очгани бежиз эмас, – дейди туркиялик профессор Мустафа Демиржи.

 

 

Учинчи кун – 27 сентабр

 

Анжуман иштирокчиларини бир нуқтага тўплаган навбатдаги манзил Тошкент шаҳри бўлди. Меҳмонлар дастлаб “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументига гул қўйдилар. Кун давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида тарихий қўлёзмаларни варақладилар, Адиблар хиёбонидаги шоир-ёзувчиларнинг ҳайкаллари билан танишдилар, Алишер Навоий ҳамда Абу Райҳон Беруний ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйдилар, Ўзбекистон Миллий университети олимлари билан учрашув ўтказдилар, Тошкентнинг кўҳна қиёфасини ўзида акс эттирган Ҳазрати Имом мажмуасини томоша қилдилар ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейидаги “Китаб ал-сайдана фи-т-тибб” китоби тақдимотида иштирок этдилар. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказидаги улкан бунёдкорлик ишлари меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Италиялик тадқиқотчи Массимилиано Боррони ўз таасуротлари билан бўлишди:

 

 

– Анжуман тадбирлари бизга ғоят манзур бўлмоқда. Тошкент менга жуда ёқди. Дарахтларга тўла манзараси, Адиблар хиёбони, маданий ёдгорликлари… Умуман, ҳаммаси чиройли. Буюк олим Абу Райҳон Беруний сабаб шу манзилларга келдик. Айтишим ўринлики, сизларнинг аждодингиз жуда қобилиятли ва жуда зеҳнли бўлган. Унинг кўп асрлар олдин яратган асарлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аллома меросини ўрганишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Шарқшунослик институтида қадимий қўлёзмаларни ўқиб кўрдим, бу жараён мени ҳаяжонга солди…

 

Тўртинчи кун – 28 сентабр

 

“Hyatt Regency” меҳмонхонасида анжуманнинг асосий қисми бўлиб ўтди. Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва бошқа мутасаддилар конференция иштирокчиларини қутлади. UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади онлайн табрик йўллаб, буюк мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг илмий мероси келажак авлодларни ҳам илҳомлаштиришда, маданиятларни бир-бирига яқинлаштиришда давом этаверсин, дея эзгу тилак билдирди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Икки шуъба мажлислари қизғин руҳда ўтди. Мамлакатимиз ва чет эл олимларининг 40 дан зиёд маърузаларида Абу Райҳон Беруний илмий меросининг турли жиҳатлари ёритиб берилди. Айниқса, хорижлик мутахассислар буюк аллома ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Шубҳасиз, Беруний шахси бундай ҳурмат-эътибор ва эътирофга муносибдир. Малайзиянинг Ҳадҳари Ислом институти профессори Фариза Шам таъбири билан айтганда, “Ҳар бир ёш авлод Берунийни ўзи учун ибрат деб билса, унинг инсоний хусусиятларига эргашса, унга ўхшашга интилса, ҳаётига янада мазмун киради ва катта ишларга қодир бўлади”.

 

Юксак савияда, ёрқин таассуротларга бой тарзда ўтган конференция айни юқори нуқтасида якунланди. Иштирокчиларга махсус сертификат, анжуманнинг маърузалар тўплами, Абу Райҳон Беруний асарларининг кўпжилдлиги ва эсдалик совғалар таққим этилди. Якдиллик билан таъкидланганидек, бундай халқаро конференциялар илмий ривожланиш ва халқаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўтган тўрт кунлик хулосалардан англаш мумкинки, илмий-амалий анжуман олдига қўйилган асосий мақсадларга аъло даражада эришилди. Жаҳон берунийшунослиги янги тадқиқотлар учун туртки олди.

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

OYINA.UZ мухбири

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси