“Сиёсат билан ишим йўқ” дейдиганлар, қаердасиз?


Сақлаш
10:09 / 29.09.2023 568 0

Сўз – атомдан кучли. Бу кўп бора айтилган ҳақиқат. Адабиётнинг қон қонига “атом”нинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак деган қоида сингиб кетган. Бошқа соҳаларда ҳам сўз шундай қудратга эга.  У инсон мулки. Унинг онги, тафаккури, бутун дунёқараши, миллатининг маҳсули. Демак, ҳар бир соҳада сўзнинг қудрати, қадри бор. Шу каби сиёсатда ҳам!

 

Сиёсатда сўз “бошқарув”, “ғоялар кураши”, “ҳаракатга/ҳаракатсизликка келтириш”, “ундаш, чорлаш” каби кўплаб вазифаларни бажаради. Кўз олдингизга келтиринг, қўғирчоқ театрида қўғирчоқлар бир ҳаракат билан қўлини кўтаради, рақс тушади, ҳаракатланади – онгсиз равишда. Сўз ҳам шундай таъсир кучига эгаки, у онгли инсонни ҳам бемалол бошқара олади.

 

Сўз деганда фақат нутқлар, матнлар тушунилмайди. Тилшунослар новербал усул деб айтадиган ҳаракатлар ҳам борки, бунинг натижасида ҳам онгимизда сўз пайдо бўлади. Бунда  “тана-сўзловчи” (турли қўл ишоралари, мимикалар, ҳис-туйғу ифодалари), “сурат-сўзловчи”, “видео-сўзловчи”, “кино-сўзловчи”, “қўшиқ-сўзловчи” каби кўринишларда бўлиши мумкин.

 

Америкалик политолог, социолог Г.Лассуэлл “Язык власти” китобида тилга ҳокимият ҳолатини намоён қиладиган, сиёсий тенденцияларни белгиловчи омил сифатида қараш лозимлигини, сўз ва ҳокимият бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини айтади.

 

Сўз – пропаганда, манипуляция, коммуникатив стратегия деб айтилаётган ҳар қандай кучли таъсир усулларининг асоси. Хўш, бу “қурол”дан бизнинг сиёсий сферамизда қандай фойдаланилади? Депутатлар, сиёсат соҳасидаги фаоллар, расмий идоралар халқ билан мулоқотда сўздан ўринли фойдалана олмоқдами? Сиёсий мулоқотларда аслида доимий мулоқот иштирокчиси бўладиган омма, халқ-чи? Сўзнинг таъсирини қандай англайди?

 

Биз ҳар куни давлат билан “гаплашамиз”

 

Сиз давлатдан ҳар куни турли хил “message”лар оласиз. Уларнинг кўриниши, етказиш усули ҳар хил. Булар сизга нутқлар, расмий баёнотлар, турли хил кўрсатувлар, шарҳлар, ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали етиб боради. Масалан, қонун ҳужжатлари ҳам давлатнинг сиз билан мулоқоти. Унда белгиланган ҳар бир норма давлатнинг сизга айтаётган “сўзи”.

 

Кимдир унга “жавоб қайтаради”, кимдир шунчаки қабул қилади. Лекин ҳар икки ҳолатда ҳам сиз тўлиқ мулоқот иштирокчисига айланасиз. Шу сабабли сиёсатга қизиқмайман, дейдиганлар ҳам бир кунда бир неча маротаба давлат билан “гаплашади”.

 

Ҳар бир янгилик, ўзгаришларга қайсидир маънода ўз муносабатимизни билдириб боришимиз, “давлат” билан мулоқотимизни мустаҳкамлайди. Ахир, фақат эшитувчи суҳбатдош бўлиш ҳам коммуникацияни “ўлдиради”.

 

Тилшуносликда давлатнинг халқ билан мулоқотини ўрганадиган йўналиш коммуникатив стратегия ва тактика доирасида таҳлил қилинади.

 

Сиёсатда коммуникатив стратегия – бу бутун бошли мулоқотнинг ипидан игнасигача, натижасигача режалаштиришдир. Тактика эса шу режани амалга ошириш усули.

 

Сиёсатга қизиқмайман”, “у билан ишим йўқ” дейдиганлар, қаердасиз? Шу ерда бўлсангиз билиб олинг, аслида сиз ҳар куни уйда ўтириб телефон, телевизор, газета ва бошқа воситалар орқали сиёсат билан мириқиб “суҳбатлашасиз”. Сиз истайсизми-йўқми, гапирасизми ёки гапирмайсизми, сиёсат “гапираверади”. Гап эса тешик қулоғимиз орқали, албатта, онгимизга етиб боради. Шунинг учун бефарқлик билан “менинг ишим йўқ” дейиш – мен ўз тақдирим билан қизиқмайман дейишдек гап.

 

Мамлакатдаги ўзгаришлар, аввало, ҳар биримизнинг онгимиздаги ўзгаришлар билан уйғун бўлган тақдирдагина реал ҳаётимизда тўла-тўкис акс эта бошлайди. 

 

“Қовун тушириш”лар давлатга ишончсизлик келтиради

 

Сўз шахмат ўйини бўлса, нутқ ҳар бир ўйинчининг ўз ўйин қоидаси. Бу тилшунослар кўп эслатадиган ҳақиқат. Шундай ҳақиқатки, сўз нотиқнинг тилида зарга, нўноқнинг тилида заҳарга айланади.

 

Сиёсат кишиси учун сўзни ўринли ишлатиш, уни ҳис қилиш жуда муҳим.

 

Ижтимоий тармоқларни титкиласак депутатларимиз, давлат бошқарувининг маълум бир функциясини амалга оширувчи расмий идора вакиллари ва бир қатор сиёсатчиларимиз ўз нутқларида “қовун туширган” ҳолатларини бемалол топиб оламиз. Айбсиз Парвардигор. Бироқ халқ давлат билан шу сиёсий вакиллар орқали “гаплашади”. Уларнинг сўзини давлат сўзи деб қабул қилади. Шундай бўлгач, бу сўз дегани ўринли, тўғри, мазмунли бўлиши керак. Чунки давлат ва халқни бу мулоқот орқали ўзаро ишонч боғлаб туради.

 

 

Майли, номма ном айтмайлик. Лекин мулоқотда “қамоқда ўтириш билан қўрқитган”, “Конституцияда бор моддани яна қайта таклиф қилган”, “кўп гўшт ейишда айблаган”, “пивани кўп ичган аёлларда мўйлов пайдо бўлишини айтган” ва яна бир қатор трендга чиққан “қовунчилар” анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Энг ёмони, халқ уларнинг нутқидан кейин давлатга нисбатан ишончига путур етаётганини кўрсатди. Бу бўйича мемлар, карикатуралар роса авжига чиқди.

 

 

Ҳазил ҳазилку-я, лекин ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деган мақол бежиз айтилмаган.

 

 

Хўш, нимага одатда сиёсатчиларимиз нутқларида бунақа “калла қўйиша”ди. Ўйлашимизча, жуда оз, балки оздан ҳам кам сиёсатчиларимиз ўз “сиёсий имидж”лари устида бош қотиради. Имидж дегани чиройли кийиниш, қиммат костюм-шим билан ўлчанмайди. “Сиёсий имидж”нинг намоён бўлишидаги асосий факторлардан бири, аслида, таъсирчан нутқ ҳисобланади. Амалиётда кўпинча вазирлар, депутатлар тайёр матнлардан фойдаланишади. Матн узун, рақамларга тўла, бутун фаолият ёритилган, шаблонли ҳисобот шаклида бўлади. Бу кўриниш эса мулоқотни “ўлдиради”.  Ўйлашимизча, алломаларимиз айтганидек, сиёсатчилар нутқи тўғри, равон, қисқа, адолатли, яъни ёлғон аралашмаган ва албатта, чиройли талаффузга эга бўлиши лозим. Бунинг учун шунчаки ҳисоботлардан иборат матн эмас, таъсирчан, мақсадли, мазмунга бой, фикр бор, аниқ гаплар ёритилган матнлардан фойдаланиш керак. Сўзга худди инжу каби муносабатда  бўлиш, фақат адабиётчилар учун эмас, сиёсатчилар учун ҳам сув ва ҳаводек зарурдир.

 

Масалан, ҳукумат ва халқ мулоқотининг бир кўриниши: депутатларимиз қонунчиликдаги айрим ўзгаришларни маъқуллашгани ҳақида хабар берди.  Унда никоҳ, жамоат жойларида кийиниш, кўп хотинликни тарғиб қилиш бўйича киритилаётган янги, қатъий нормалар бор. Булар ижтимоий тармоқларда мулоқотларнинг марказини ташкил қилди. Блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қизғин баҳсларга киришди.

 

Депутатларнинг бу “message”ларига берилган “жавоблар” қайта алоқага ҳам зарурат пайдо қилди. Алишер Қодиров бу бўйича ўз фикрларини билдирди.

 

Гап бу ҳақида эмас. Гап сиёсий мулоқотларнинг чалкашлигида. Яъни, депутатлар бу халқнинг вакиллари, халқ улар орқали ҳукумат билан “гаплашиши” керак.

 

Лекин кузатишларимизга кўра, кўпинча депутатларимизнинг халқ билан “гапи бир жойдан чиқмай” қолади. Аслида, халқ вакиллари уйи, аввало, халқ билан самарали коммуникация қоидаларини яратиб олиши керак.

 

Ҳозир ташқаридан қарасак, “халқ билан халқ” мулоқот қилаётгандек. Сиёсий коммуникацияда қонунчилик палатаси депутатлари “халқ”га айланиши ва “халқ ва ҳукумат” мулоқотини яхши йўлга қўйиши лозим.

 

Халқ вакиллари халқ билан мулоқотни тўғри ва самарали ташкил қилиб, давлат билан халқ ўртасида ишончли “кўприк” вазифасини ўташи керак.

 

Шунда самарали коммуникация ишончга  айланади. 

 

Сиёсат ҳақида гапирмаслик керакми?

 

Сиёсат қўрқув, гапирмаслик, “нозик” одамларнинг “нозик” мавзулардаги тор доирадаги суҳбатларими? Йўқ, сиёсат айнан сизу биз, халқ билан боғлиқ  фаолият. Жамиятни бошқаришга қаратилган фаолият. Биз истамаймизми, қизиқмаймизми ёки хоҳламаймизми, сиёсат доим биз билан. У ўз фаолиятини биз билан боғлиқ тарзда олиб бораверади.

 

Қарашларимизда сиёсатга тилни тилиб бўлса ҳам гапирмаслик керак бўлган “юксак” соҳа сифатида эмас, сизнинг, менинг, ҳаммамизнинг тақдиримиз сифатида қараш шаклланиши лозим. Шунда биз ҳақимизда гапирилаётган гаплар, қилинаётган ишлар, ислоҳотлар бизга ҳам қизиқ бўла бошлайди.

 

Нега баъзан ютуқ ёки камчиликлар ҳақида гапиришдан кўра, жим туришни афзал кўрамиз?

 

Буни бир ҳолатга ўхшатгим келади. Кичкина қизим қайсаргина. Ҳар сафар опаси қўшиқ айтса, йиғлаб, хархаша қилиб уни тўхтади. Майли, у йиғлаб шовқин қилмасин деб, биз ҳам ундан айтмаслигини сўраймиз. Шу билан опаси ҳам истамайгина тўхтайди.

 

Мулоқотлардаги маълум мавзуга қўйилган “чегаралар” ҳам шундай пайдо бўлади.  Аслида, баланд овозда айтилаётган муаммо  фақат бир кишига ёқмаслиги мумкин. У куч билан  “мавзуни ёпишга” ҳаракат қилади: бақиради, қўрқитади... Атрофдагилар ҳам “қўй, шу шовқин қилмасин, айтмай қўя қол”, дейди. Кўпчилик сўзи билан мавзуга “нуқта” қўйилади. Цензурани жамиятнинг ўзи ҳам пайдо қилади. Энг ёмони, ўзимиз ўзимизга қўйган “чегаралар”.

 

Бир марта “оғзи ёпилган” одам, кейинги сафар ўз “ички чегараси” билан мулоқотда шу мавзуни очмайди.

 

Самарали коммуникациянинг муҳим талаби эса ошкоралик, шаффофлик, ишончли ахборот, адолатли танқид  ва албатта, ўзаро ишонч!

 

Ҳар қандай чегара бу омилларнинг барчасини йўқ қилади. Буларсиз ўтган мулоқот “маска” кийиб олган одамга ўхшайди.

 

Давлат, халқ, ОАВ, фаоллар ҳеч бир ёлғонларсиз, шаффоф, ошкора, ишонч билан гаплашганда сиёсат инсонлар манфаати учун хизмат қила бошлайди.

 

Ситора БАРЛИБОЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси