“Бирлашсак – Ватанмиз!” Қайта-қайта уқтирилаётган ибора шарҳи


Сақлаш
16:09 / 14.09.2023 507 0

“Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак! Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”

 

Бу сўзлар яқинда, аниқроғи, Ўзбекистон Республикасининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Янги Ўзбекистон” боғининг минбаридан тантанавор жаранглади. Улар оддийгина товушлар бирикмаси эмас, қалб садоси, кўнгил наъраси бўлиб, Ўзбекистон осмонида мамлакат Президенти тилидан жаранглаб, акс-садо берди.

 

Барча учун айтолмасман-у, аммо менинг қалбимда бу сўзлар беҳад ларзавор акс-садо берди, вужудларимни жимирлатиб юборди. Негаки, бу сўзлар замирида бори ҳаётимизнинг кечаги ва бугунги кунлари армон-у аламлари, орзу-ю умидлари мужассам бўлиб турибди. Буни тушунган тушунади, билган билади... Балки бу сўзлар бирикмаси қатидаги маъно бугунги навқирон авлодимиз учун гўзал даъват бўлиб, қалб-у онгига киргандир. Балки бу авлод ҳар бир фарзандга оталар ўгит берганидек, юрт раҳбарининг ўз халқига айтган ўгити деб қабул қилаётгандир. Бу табиий, албатта. Чунки ёш ўғил-у қизларимиз, набираларимиз бир бўлмаслик, бирлашмаслик алам-у андуҳлари, хўрлиг-у хорликлари нима эканини билмайди, билавермайди. Китоб-у киноларда ўқиган, кўрган бўлса, мабодо, уни асосан маълумот, ахборот, қуруққина тарих, дея ўз фикратида қайд этади, холос...

 

Етимлик нимадир

бизлардан сўра,

Ўнинчи йилларнинг

саргардонлиги

Иситма аралаш

қўрқинч туш каби

Хаёл кўзгусидан

ўчмайди сира.

Мен етим ўтганман,

оҳ, у етимлик...

Вой, бечора жоним,

десам арзийди.

Бошимни силашга

бир меҳрибон қўл,

Бир оғиз ширин сўз

нондек арзанда

Мен одам эдим-ку,

инсон фарзанди. 

 

ХХ аср ўнинчи йилларининг очлик, юпунлик, сарсон-у саргардонликларини танасида ҳис қилмаган биз элликвой-у олтмишвойлар, яъни йигирманчи аср 50-60 йилларида туғилиб ўсган авлодга юқоридаги сатрлар буюк Ғафур Ғуломнинг оҳу нолалари бўлиб садо берганди, холос. Аммо бу мисралар маъноси ниҳоятда аччиқ аламли хотиралар ўлароқ, ота-боболаримизнинг бетийиқ кўз ёшлари, гиря-ю оҳларига сабаб бўлгани аниқ.

 

Худди шу каби истиқлолимизнинг 32 йиллик тантанасида “бир бўлиш”, “бирлашишга” оташин даъват менинг авлодим кўз ўнгида ҳам ўз ҳаёт йўли, тақдири билан боғлиқ не-не воқе тарихларни жонлантирган бўлса, ажаб эмас. Ҳарқалай, мен – “Бирлашсак – Ватанмиз!” деган иборани шунчаки сўз бирикмаси деб қабул қилолмадим. Инчунун, олтмиш беш йиллик умримнинг танг-у тор пучмоқлари, ота-онамнинг биз жужуқларининг қорнини тўқ, устини бут қиламан деб гирён юришлари, саҳармардондан то тун қоронғусигача не бир юмушлар ила андармон бўлиб, фарзандларининг орзу-ҳаваслари илинжида тиним билмаслари хотиримга келди. Отамнинг вазмин ўй суриши, олис хаёлларга берилиши, онагинамнинг бизни ухлатиб қўйиб, “Попоп” (“Зингер”) тикув машинаси ғилдирагини дўқиллатиб дорпеч, қийиқча ҳошияларини босиб, анвойи гул, қанот ёзган кабутар тасвирларини матога ип-ипак билан чизиб, кўз нурини нисор этганча то тонгга қадар тиним билмаслиги кўз қароғимни соғинч ва алам сувлари билан тўлдирди. Учини учига базўр улаб, дастурхонни нон-у чойга фаровонроқ қилармикинман, деб соғу носоғ уриниб ётиши устига, вақти-вақти билан қизил погонли нозирлар кириб “закон”ни пешлаб туриши, таъма-ришват илинжини қондириб, яна ўша юпун рўзғорга маҳкум этиб кетиши хотира кўзгусидан сира ўчмайдиган манзаралар... “Болам, ҳунарлик хор бўлмайди”, дея ҳали суяги қотмаган мен болачани маҳалладош косибга шогирд бериб, “ўз корингга ўзинг яра” деб туришлар унутиладиган умр лавҳалари эмас. Шунда ҳам шукроналик туйғусини дилга ва тилга тугиб, бундан ёмонроқ бўлса нима қилардинг, деб насиҳат қилиб туришлар ҳам ҳаётимизнинг кейинги кечишларида беиз ўтгани йўқ. Ҳар тонг саҳар кўз очиб, ёруғ дунёни кўриб турганимизнинг ўзиёқ шукроналик сурури эди, алҳамдулиллоҳ!

 

Камина бу ўтмишларга шикастадиллик билан бежиз мурожаат қилаётганим йўқ. Умр дарёсининг оқимларида бир бўлмаган халқ, бирлашмаган юртнинг пахта деб, тилла-ю маъдан деб “ўзбек иши”, “пахта иши” деган маломатлар остида не-не таҳқирларга дучор этилгани, эл учун бир иморат тиклайман деса ҳам “катта оға”лардан изн сўраб, Москов эшикларида сарсон-у саргардор юрган дамларни унутмоқ бу хотирага, миллат хотирасига хиёнат демакдир.

 

Ўз кечмишларинг-у, унга эш она юртнинг узоғу яқин ўтмишини кўз олдингда кино тасмаларидек жонлантирсанг, озурда кўнглингнинг алам-армонларини танангда қайта ҳис этсанг, бир бўлмаслик, бирлашмаслик андуҳларининг заҳми заҳри йўқолмаган оғир хасталик бўлиб, яна не-не азобларга дучор этишини англаб етасан.

 

Хўп, ўтмиш-ку ортда қолди. Ўттиз икки йилдан бери мустақил юрт, мустақил давлат, ягона халқмиз. Тилимиз, динимиз, ҳудудий бирлигимиз барқарор. Хўш, бир бўлиш, бирлашишга энди нима моне? Нега ҳануз бир бўлиш, бирлашиш қайта-қайта уқтирилиб турибди?! Демак, бу борада йиртиқ-ямоғимиз, нуқсон-у камимиз бор ҳали. Айни шу ҳол сиёсий, иқтисодий ва маънавий камолимизни не бир жойларида оқсоқлантириб, секинлатиб, балки тўхтатиб ҳам турибди. Таассуфки, бу ҳолат-вазиятни биз, ўзбекистонликларнинг аксарияти сезмай, англолмай юрибмиз, шекилли. Демак, шунга яраша ижтимоий юксак туйғулар нелигини билмай, ўз қобиғимиз, ўз манфаатларимиздан баланд бўлолмай турибмиз.

 

Ижтимоий туйғу Ватан ҳисси, халқ эканингни идрок этиб ҳаракатланиш, жамоа-жамият билан вобаста умргузаронлик қилиш демакдир. Фақат ўз томининг бут бўлиши-ю ўз қурсоғининг тўлиб туришини кўзлаб яшаш охир-оқибат илм тилида эгоцентристларни, халқ тилида худпарастлар-эгоистларни, кўчанинг қўпол лаҳжасида яккамоховларни урчитади. Бот-бот улуғларимиз ёдга келади. Нима, Ҳазрат Навоий бобомиз, ота бобоси-ю дўсти Ҳусайн Байқаро инъом этган мулкни тасарруф этиб, баҳузур яшаса бўлмасмиди?! Жадид боболар-чи?! Уларнинг ўзлари-да жуда маъмур бўлмасалар-да, ўртаҳол турмуш-рўзғорларини қийиб, топган маблағларини мактаб, матбуот, театр, хайрия каби миллат камолига хизмат этувчи ишларга сарфлашдан не наф топар эдилар?!

 

Кел, эй миллат, бу кун бир маслаҳат бирлан қарор ўлсун,

Бу кундан ўткан ишларға пушаймон бирла ор ўлсун.

Қилайлук бул куни ғайрат ҳамма бирдан қилиб ҳиммат.

Жаҳолат чўл-саҳросиға, минбаъд сабзазор ўлсун.

 

Мана сизга Абдулла Қодирийнинг 21 ёшида – 1915 йилда ёзган сатрлари. Отаси берган боғда узумзорини парваришлаб, дала-туздан топган даромадини катта рўзғорида ғамлаб, бемалол еб ётавериши ҳам мумкин эди-ку?!

 

Йўқ, инсонда ҳайвоний инстинкт, эҳтиёждан ташқари, жамият ичида яшаркан, ижтимоий туйғу, ижтимоий фикр ҳам бўлади. Бусиз у муайян жамият аъзоси эмас. Ватан, ота юрт, она тил вакили эмас. Қайда қорни тўқланса, шу ерни маскан тутгувчи махлуқот, холос. Ижтимоий туйғуси бор одамгина миллат, халқ, Ватан деган тушунчаларни идрок этади, муносиб турмуш тарзини белгилайди, ҳаётини жамият ҳаёти билан боғлайди, ижтимоий мазмун билан тўлдиради.

 

Шу маънода, Президентимизнинг “Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак”, деган сўзлари ватандошларимизнинг барчасида ижтимоий туйғу ва фикр умр мезонига айланишини исташ даъватидир. Бу даъватга қалбан қулоқ тутган одам ўз хатти-ҳаракатини шу мезон негизига қуриши зарур, албатта. Шундагина инсон ҳар бир қадамини ўйлаб, фикран таҳлил этиб, мулоҳаза билан қўяди.

 

Ҳозир ахборот, рақамлашган технологиялар даври. Саводи бор одам барчаси электрон ахборот воситаларининг “қул”и. Бу табиий жараённи ҳеч бир куч тўхтата олмайди. Фақат ҳар бир инсоннинг маънавий даражаси ўша электрон воситалардан оқиб келаётган ахборотни ва ўзи ҳам иштирокчисига айланган медиамакон жараёнларини оқилона ёки, аксинча, пала-партиш, нодонларча ўзлаштириши ва иштирокчига айланишини белгилайди. Ижтимоий тармоқлардан бори элга ошкор бўлаётган маълумотлар том маънода халқимизни бир бўлишга, бирлаштиришга хизмат қилса, биз ягона халққа, чин ватанпарварга айлана оламиз. Худпараст истак ва кайфият билан тарқатилган ҳар бир ахборот, маълумот фақат ва фақат бузғунчиликка, бошбошдоқликка, парокандаликка хизмат қилади. Кичик бир хабар катта талотўпларга, миллий парокандаликка, қонли уруш, хунрезлик, даҳшатли муҳорабаларга баҳона бўлиши инсоният тарихидан яхши маълум. Катта майдонларни қўйиб, кичик дарчадеккина туйнукчалардан худбин хоҳишлар, майда гина, аламзадалик, ҳасадгўйлик билан бўй кўрсатиб қолаётган нохуш, бетайин, беасос маълумотлар, даъвою иддаолар чивин қўнгандек бўлса-да, катта ижтимоий ниятларни кўзлаб иш тутаётган инсонларга ножоиз дилхиралик, асаббузарлик, пировардида ҳатто оғриқли хасталиклар олиб келиши ортиқча исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Бу ҳол энг юқори курсилардаги давлат хизматчиларидан то қуйида ўз кори аъмоли билан машғул кишиларгача дахлдор. Хўш, шундай худпараст даъво ва чиқишлар бир бўлишга, бирлашишга ёки ягона халқ, Ватан бўлишга хизмат қиладими?! Эҳтиросларни жумбушга келтириб, жамоалар орасига қутқу солиш, фитна уйғотиш охир-оқибат қандай якунга олиб келиши маълум-ку?!

 

Каминани таниган, билганлар сезиб тургандир. Шу кунларда маломат-у туҳмат тошлари кино даргоҳларига ҳам отиб турилибди. Бирор асоси, исботи бўлмаган иддаолар, ҳаттоки номини ҳам ошкор қилишдан қўрққан қуёнюрак касга эътибор қилмай, қўл силкиб қўя қолиш ҳам мумкин эди. Киши бўй-бастидан тубан хор-у хасга оёқ қўйиб, ўзи-да кирланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўша Абдулла Қодирий бобомиз “Миллатга бир қарор” шеърида ёзганидек, “Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этди”, дея ўгирилиб кетавериш ҳам оқиллик белгиси. Аммо бошқа бир улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг мана бу даъвати кишини бепарволикдан қайтаради:

Ҳушёр боқ, то фоний умр кечади,

Тегрангда турли хил тошлар учади.

Бири қора ҳасад ё ғараз тоши,

Бири ёвуз туҳмат ё мараз тоши.

Майлига қай бири келмасин, қачон,

Улардан муддао ҳамиша аён.

Улар сабр косанг тўлдирмоқ бўлар,

Улар умринг гулин сўндирмоқ бўлар.

Бошимдан ўтганин этсам гар аён.

Ҳушёр боқ уларга ҳамиша, ўғлон.

. . .

 

Маломат тоши бу, маломат тоши!

 

Ҳа, миллат овози бўлган буюк шоирнинг ўгитини ҳамиша ёдда тутмоқ зарур. Илло, бу ўгит катта мақсадларгагина интилиб, йўлдаги майда чақир тиканакларга лоқайд бўлмасликдан огоҳ этади. Аслида бугун бизнинг ягона халқ, Ватан бўлишдек улуғвор ҳаракат ва режаларимизга соя солаётган, аниқроғи, миллатга рахна солишга уринаётган узоғу яқиндаги иллатлар майда, туси ёлғон, тутуриқсиз беҳуда икир-чикир амаллар. Булардан баланд бўлиш, уларни равон йўлларимиздаги хор-у хас деб қарашимиз жоиз, албатта. Аммо асло бепарво, беписанд бўлиш керак эмас.

 

Яна ўша Истиқлолимиз байрамида ирод этилган нутқ хотирга келади:

“Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”. Шоядки, “бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!”

 

Шуҳрат РИЗАЕВ

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2023 йил 185 сон.

“Бирлашсак – Ватанмиз!” мақоласи

 

 

 

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси