“Ҳуррият мансабдорларнинг кайфияти, майлига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак” – Сардор Салим сиёсий мезонлар ҳақида


Сақлаш
16:08 / 25.08.2023 572 0

Фукуяманинг башорати

 

1989 йили Совет давлати ва унинг тамали бўлган социализм ғояси таназзули аниқ бўлган кезларда америкалик сиёсатшунос Фрэнсис Фукуяма либерализм ва социализм ўртасидаги “совуқ уруш”да либерализм узил-кесил ғалаба қозонганини ёзган эди. Олим “Тарих интиҳоси ва сўнгги одам” китобида эса инсоният мафкуравий эврилишларнинг сўнг нуқтасига етиб келгани, бундан буён Ғарб либерал демократияси бошқарувнинг ягона мақбул шакли сифатида бутун дунёга тарқалишини башорат қилади (Francis Fukuyamа. The End of History and the Last Man. Free Press, 1992).

 

Либерализмнинг асосида секуляр, автоном ва рационал индивидуализм туради. Индивидуализм эса, Европа тарихий тараққиёти, жумладан, Маърифатпарварлик ва Реформация даврининг ноёб маҳсулидир. Либерализм ўн йиллар мобайнида, диний қараш ва анъаналардан қатъи назар, барча маданиятларга мос тушадиган универсал қадрият сифатида талқин этилди. Хусусан, 90-йилларда Ғарб маданиятига мансуб бўлмаган жамиятларда либерализм ва демократия тарғиботи кучайди. Пировардида, либерализм ижтимоий уюшишнинг муқобил шаклларидан бири мақомидан муҳокама этиб бўлмас гегемон мафкура ва Ғарб империализми ҳамда глобал ҳукмронлиги (“Вашингтон консенсуси”) тимсолига айланди-қолди. Ваҳоланки, Ғарбда ҳам, бошқа минтақаларда ҳам унга муқобил назариялар ҳамиша мавжуд бўлган.

 

Ана шундай мафкуралардан бири – республикачиликдир (жумҳуриятчилик). Уни янги сиёсий лисон қидираётган ўзбек жамияти учун ҳам мақбул ғоя десак янглишмаган бўламиз. Биринчидан, либерализмдан фарқли ўлароқ, жумҳуриятчилик ўзбек сиёсий тафаккури ва амалиётида азалдан мавжуд. Иккинчидан, жумҳуриятчилик либерализмга хос – инсон эркинлиги, социализмга хос – тенглик, миллатчиликка хос – сиёсий миллат, динга асосланган ғоялардан эса инсоний фазилат каби энг яхши жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган.

 

 

Бош ғоя – таҳаккумсизлик

 

Ушбу мафкурага “ҳурриятга асосланган идора шакли бўлмиш республикага ишонч-ихлос” дея мухтасар таъриф бериш мумкин. Лотинчада “res” – нарса, иш, “publica” эса умум, уммат, жумҳур каби маъноларни англатади. ResPublica бу – уммат уюшиб, бамаслаҳат амалга оширадиган ҳаракатлар демак. Араб ва туркий   тилларга мазкур   ибора   “жумҳурият” шаклида кирган.

 

Европалик мутафаккирлар Никколо Макиавелли, Жон Мильтон, Жеймс Ҳаррингтон, Олжернон Сидней, Томас Пейн ҳамда АҚШ давлати “ота”лари Жон Адамс, Томас Жефферсон, Жеймс Мэдисон классик республикачилик ғояси асосчилари саналади. Филип Петтит, Квентин Скиннер, Маурицио Вироли каби янги давр файласуфлари эса ушбу назарияни замонамизга мослаб такомиллаштирмоқда. Жумладан, ирланд файласуфи Филипп Петтитнинг 1997 йилда чоп этилган “Republicanism. A Theory of Freedom and Government” китоби XX асрда аҳамиятини бир оз йўқотган ғояни том маънода қайта жонлантирди.

 

Ҳар қандай сиёсий ғоя мавжуд қонунчилик, бошқарув институтлари фаолиятига ўз баҳосини беради. Республикачилик фалсафаси ҳам сиёсий воқеликни баҳолашда бир неча тамойилга суянади.

 

Таҳаккумсизлик (non-domination) тамойили. Қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш, бошқарув институтлари фаолиятини йўлга қўйиш, умуман, сиёсат юритишда энг устувор вазифа таҳаккумга – доминантликка йўл қўймаслик ёки уни камайтириш бўлмоғи лозим, деб ҳисоблайди республикачилик тарафдорлари.

 

Шу ўринда таҳаккумсизлик истилоҳига икки оғиз изоҳ бериб ўтсак. Арабча “ал-таҳаккум” калимаси ўзбек тилида ҳам мавжуд. У Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қўллаган, аммо ҳозирда ишлатилмайдиган архаик сўзлар сирасига киради. Таҳаккумнинг ўзаги – ҳукм. У тилимиздаги ҳукмдор, ҳоким, маҳкум, ҳакам сўзлари билан ўзакдош бўлиб, зўрлик-ла ҳукмронлик қилиш, сўзини ўтказиш, устун чиқиш каби маъноларни ифодалайди. Инглиз тилидаги “domination”, рус тилидаги “доминирование” сўзларида нафақат устунлик (доминантлик), айни чоқда, зулм, тазйиқ каби маънолар ҳам мужассам. Назаримизда, “таҳаккум” сўзи “domination”нинг барча маъно нозикларини тўлиқ қамрайди. Шунга кўра мазкур архаик сўзни ишлатишни маъқул кўрдик.

 

Таҳаккум манбаи бирор шахс (қул устидан ҳукм юритаётган хожа), гуруҳ (халқни идора этаётган золим ҳукумат, бир ҳовуч бойлар, ҳарбийлар ёки муайян шахсга жамоавий босим ўтказувчи омма), иқтисодий-ижтимоий ёки табиий кучлар (монополия ёки экологик омиллар) бўлиши мумкин. Республикачиликнинг асосий мақсади    – тури ёки манбаидан қатъи назар, таҳаккумни имкон қадар чеклашдан иборатдир. Негаки, у инсонни фалажлантиради, бутун имконият ва малакасидан эркин фойдаланишига, демакки, шахс сифатида камол топишига тўсқинлик қилади. Маълумки, ҳам сиёсий, ҳам шахсий эркинликка эришиш сиёсий жамоага бирлашмоқни талаб этади. Зотан, якка ҳолда заиф саналган инсонлар жамоаларга бирлашиб, истиқболини ўзи белгилашдек улкан қудратга эга бўлади.

 

Республикачилар таъбирича, таҳаккумсиз эркин умргузаронлик қилишнинг шахс учун ҳам, жамият учун ҳам афзалликлари кўп. Бундай муҳитда инсон ўз ҳаётий мақсадларини бошқаларнинг аралашувисиз, мустақил белгилайди; ўзгалар қош-қовоғига қараб яшаш, хушомадгўйлик, маддоҳлик мажбуриятидан холи бўлади. Сирасини айтганда, таҳаккумсиз жамият инсонга чин маънода озодлик туҳфа этади.

 

Таҳаккумсизлик сиёсатда устувор мақсад ўлароқ татбиқ этилганда эса, жамиятда тенглик барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан, республикачилар ҳам ўта қашшоқлик, ҳам ўта давлатмандликнинг олдини олиш ҳақида қайғуради, табақаланиш ҳаддан зиёд кучаймаслиги учун универсал базавий даромад каби қайта тақсимлаш чораларини таклиф этади. Қолаверса, бундай жамиятда биродарлик ҳисси кучаяди. Гап шундаки, барча эзгу ғоялар каби таҳаккумсиз эркинлик ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Унга сиёсий-иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш, муайян институтларни шакллантириш орқали эришмоқ мумкин. Бу эса жамоавий ҳаракат ва ҳамкорликни тақозо этади. Шу тариқа давлат ва миллатга мансублик туйғуси, биродарлик ҳисси нашъу намо топади.

 

Лотинча ResPubliсa истилоҳи сиёсий эркинлик – яккаҳоким подшоҳ ёки султоннинг инъоми эмас, балки жамиятнинг барча аъзолари умумҳаракати меваси эканига ишора қилади. Бу – амирлик, хонлик каби сулолавий идора усули; диктатура, олигархия ёки оломон бошқарувидан юксак сиёсий идеалдир.

 

Ҳуқуқ устуворлиги тамойили. Бунга кўра, жамиятда ҳар қандай куч ишлатиш – хоҳ мансабдор томонидан, хоҳ фуқаро томонидан бўлсин – фақат қонунчиликка асосланмоғи шарт.

 

Одамлар ягона жамоада яшар экан, бир-бирларининг қарор ва танловларига турли усулларда таъсир ўтказиши табиий. Таъсир воситаларининг энг жиддийси – куч ишлатиш таҳдидидир. Зўравонлик жиловланмас экан, на кишининг ўз меҳнати маҳсулига эгалиги, на жисмоний дахлсизлиги кафолатланади. Инглиз файласуфи Томас Гоббс таъкидича, муштумзўрлик муҳитида на санъат, на иқтисодиёт, на жамият равнақ топади; давомий қўрқув ва ўлим таҳдиди инсонлар ҳаётини зулмату машаққатга айлантиради (Thomas Hobbes. Leviathan. Chapter 11, 1651).

 

Демак, таҳаккумнинг ҳар қандай турини жиловлаш куч ишлатиш, зўравонлик устидан қатъий назорат ўрнатишни тақозо этади. Масалан, иқтисодий таҳаккумни чеклаш учун, аввало, бозорни тартибга солувчи, қайта тақсимлашга қаратилган чора-тадбирлар зарур. Зўравонликка эса фақат ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш орқали барҳам бериш мумкин. Қонун ҳам, аслида, таҳаккумнинг бир туридир. Лекин республикачилик наздида, бу – таҳаккумнинг ягона жоиз кўринишидир. Агарда диктатура зарур бўлса, ҳуқуқ диктатураси бўлсин, дейди мазкур назария намояндалари.

 

Эътиборга молик жиҳати, республикачилар муайян ҳуқуқий тизимни тарғиб этмайди. Уларнинг фикрича, таҳаккумни энг кўп жиловлай олган ҳуқуқий тизим – энг мақбулидир. Демак, муайян замон ва макондаги жамоа ўзи учун маъқул ҳуқуқий тизимни жорий этиши, бу тизим айни чоқда собит мезонларга жавоб бермоғи лозим. Ҳуқуқий тизим, аввало, аниқ ва пухта қоидалардан ташкил топиши, тез-тез ўзгармаслиги керак. Конституцияда белгиланган тартиб-қоидалар, дейлик, давлат раҳбари ваколат муддатини тез-тез ўзгартиравериш Асосий қонуннинг легаллигига путур етказади. Иккинчи мезон – зўравонликка олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат эҳтимолий таҳаккум ўлароқ қонунчиликда тақиқланиши керак. Масалан, оиладаги (эр ва хотин ёки ота-она ва бола ўртасида) зўравонлик классик республикачиликда таҳаккум ҳисобланмаган, лекин замонавий назариётчилар уни жиловлаш лозим деб ҳисоблайди. Учинчи мезон жамиятнинг барча аъзолари тенг ҳимоя қилинишида ифода топади. Баъзида инсон муайян гуруҳга мансуб бўлгани учунгина ҳимоядан мосуво қолади. Олис ва яқин тарихда қуллар, аёллар, қора танлилар, яҳудийлар таъқиб ва тазйиққа учрагани маълум.

 

Жамоатчилик назорати тамойили. Адолатли қонунлар ва фаол институтлар фуқароларни бошқа фуқаролар ёки гуруҳлар таҳаккумидан нисбатан самарали ҳимоя қила олади. Лекин бунинг учун қонун-қоидалар ваколатли мансабдорлар томонидан амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши лозим. Мансабдорлар бунга қодир бўлмаса ёки истамаса-чи? Республикачиларнинг уқтиришича, ҳуррият мансабдорларнинг кайфияти, майлига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. “Агарда сиз қонунчиликдан ташқари куч-қудратга рухсат (имкон) бериб қўйган ҳокимият амри остида яшаётган бўлсангиз, аллақачон қулсиз. Ҳукмдорларингиз ўзбошимча (чекланмаган) қудратга эга экани ҳақ-ҳуқуқларингиздан фойдаланишингиз уларнинг майлига, қош-қовоғига боғлиқ эканидан далолат беради”, деб ёзади инглиз тарихчиси Квентин Скиннер (Skinner Quentin. Liberty Before Liberalism. Cambridge University Press, 1997).

 

Бу каби мушкул шароитларда фақат жамоатчилик назоратигина эркинликларни муносиб кафолатлай олади. Республикачилар айнан қайси мансабдорлар фаолияти жамоатчилик томонидан назорат қилиниши кераклиги борасида баҳслашиб келади, лекин энг юқори лавозимдаги шахслар (ижроия, қонунчилик ва куч ишлатар тузилмаларини назорат қилувчи масъуллар    –    хонлар, султонлар, президентлар, бош вазирлар, спикерлар) жамоатчилик назоратида бўлиши шартлиги борасида якдил тўхтам мавжуд. “Муносиб жамоатчилик назорати” – халқ куч ишлатишга мажбур бўлмай (инқилобу исёнларсиз), одатий сиёсий жараён орқали номақбул мансабдорларни истеъфога чиқариш ва алмаштириш имкониятига эга бўлиши деганидир.

 

Таҳаккумсиз эркинлик, ҳуқуқ устуворлиги ва жамоатчилик назорати республикачиликнинг энг муҳим тамойиллари сифатида якдил тан олинган. Ушбу назария уч тамойил билан чекланмайди, албатта. Яна бошқа бир қатор тамойиллар ҳам бор. Улардан бири – “омихта тузум” ғоясидир. Бунга кўра, сиёсий тизим шундай шакллантирилиши лозимки, ҳокимият ваколатлари турли бўғинлар ўртасида расамади билан тақсимланиши, олий бошқарув бўғинлари бир-бирининг фаолиятини қисман бўлса ҳам чеклаш ёки жиловлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Яъни, мутлақ иқтидор одамни муҳаққақ бузади, демак, чексиз ҳокимият якка шахс ёки ягона гуруҳ қўлида тўпланмаслиги лозим. “Қонун чиқарувчи, ижроия ва суд – бутун ҳокимиятнинг бир қўлда ёки гуруҳда жамланишини – сайлов ёки тайинлов орқали амалга ошадими ёинки мерос орқалими, бундан қатъи назар – ҳақли равишда тирания деб атаса бўлади”, дейди АҚШ Конституцияси муаллифларидан бири, атоқли давлат арбоби Жеймс Мэдисон (Madison, James. “Federalist No. 39,” in Selected Writings of James Madison, Ralph Ketcham, ed. Hackett Publishing, pp. 99–105).

 

Замонавий сиёсий тафаккурга бу ғоя ҳокимиятларнинг бўлиниши, иқтидорнинг тақсимланиши тарзида кирган. Республикачиларга кўра, қонун ижодкорлиги билан бир гуруҳ, қонунларнинг ижроси билан бошқа гуруҳ шуғулланиши керак, учинчи гуруҳ эса улар ўртасидаги низоларда ҳакамлик қилиши лозим. Иқтидорнинг тақсимланиши ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижроия ва суд томонидан тасарруф этилиши билан чекланмайди. Айни чоқда, икки палатали парламент рисоладагидек фаолият юритмоғи, ижро ҳокимиятининг ўзида ҳам тийиб туриш механизмлари жорий этилмоғи даркор. Бу борада ҳокимиятнинг децентрализацияси, яъни ҳудудларга бошқарув ваколатини кўпроқ бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Сираси, замонавий конституционализм республикачиликнинг ажралмас таркибий қисми бўлиб, ҳокимият ваколатларининг самарали тақсимоти орқали таҳаккумнинг олдини олиш бўйича салмоқли билим ва тарихий тажриба орттирилган.

 

Либераллардан фарқли ўлароқ, республикачилар сиёсий эркинликни тасодиф маҳсули бўлган ижтимоий битимнинг натижаси эмас, балки қадриятларни онгли равишда амалиётга татбиқ этилишидан вужудга келган конституциявий тузум меваси деб билади.

 

Бу ўринда бошқа омиллар ҳам мавжудлигини унутмаган маъқул. Дейлик, рисоладагидек сиёсий тизим шакллантирилди. Шунинг ўзи тизимнинг муваффақиятига кафолат бўла оладими? Йўқ, албатта. Аҳоли онги, дунёқарашида ўша сиёсий тизимга мос қадриятлар шаклланмас экан, унинг умри қисқадир. Республикачилар илгари сурган навбатдаги тамойил – “фуқаровий фазилатлар” ғояси айни шу муаммони ҳал этишга хизмат қилади.

 

Фуқаровий фазилатлар – умум манфаатига йўналтирилган сиёсий тизимнинг фасодга учраши олдини олишга бел боғлаган, бундан минбаъд моддий манфаат кўзламаган инсонларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари мажмуасидир. Республика тартиботини ўрнатиш, қонун-қоидаларни қабул қилиш осонроқ кечиши мумкин, лекин сиёсий тизимни сақлаб қолиш учун фуқаровий фазилатлар лозим бўлади.

 

Хўш, республика умрбоқийлиги учун нима муҳим? Мухтасар айтганда, умум (жамоа) манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйишга ундайдиган фазилатлар шаклланиши керак. Саволга батафсилроқ жавоб берсак, бу борада тўрт муҳим фазилатни санаш мумкин.

 

Биринчиси – одамларнинг таҳаккумсиз эркинликка ихлос қўймоғидир. Бу жамият аъзоларининг ҳурриятни чеклашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга қарши туришини талаб этади. Зеро, классик республикачилар наздида, таҳаккумга тоқатли бўлиш ҳам тобелик, қулликдан далолат беради.

 

Иккинчи фазилат – шахснинг жамоат ишларида фаол бўлиши. Фуқаролар умум манфаати йўлидаги юмушлардан қочиб, маишатга ўралашиб қолса, сиёсий лоқайдлик кучайса, у ҳолда республика таназзули муқаррар бўлиб қолади.

 

Учинчи фазилат – сиёсий мўътадиллик. Соғлом баҳс сиёсий тизим равнақига хизмат қилади, албатта. Лекин мунозаралар қутбларга бўлиниш, қабилачилик, тарафкашликка олиб келмаслиги керак. Бу сиёсий мўътадиллик, мухолиф фикрига ҳам қулоқ тута билиш, у билан муштараклик қидириш, кези келганда ўз даъволарини жиловлашни тақозо этади.

 

Замонавий республикачилар бирдамликни тўртинчи фазилат ҳисоблайдилар. Бинобарин, фуқаролар нафақат ўз эркинлиги доирасида фароғатда яшаши, айни чоқда бошқаларнинг эркинлигига дахл қилмаслиги керак.

 

Одамзод феъл-атвори, тийнати ҳақида у қадар некбин фикрда бўлмаган республикачилар мудом бир гапни такрорлайди: инсон хом сут эмган бандадир, аксар ҳоллар эҳтиросга берилади, калта ўйлайди, умум манфаат ўрнига шахсий манфаатларини танлашга мойил. Шунга кўра, таҳаккумсиз эркинлик узлуксиз давом этадиган жамоавий лойиҳадир. Республика институтлари ташкил этилгач, эркинликларнинг фуқаролар иштирокисиз доимий муҳофаза этилишига умид қилиш соддаликдир. Аксинча, эркинликлар фақат фозил фуқароларнинг сиёсий фаоллиги орқали таъминланади.

 

Хўш, фуқаровий фазилатлар қандай шакллантирилади? Бу саволга ҳам манбаларда батафсил жавоб берилган, лекин мақола ҳажми талабига кўра қисқароқ жавобни маъқул кўрдик.

 

Республика тузумининг афзалликларини кўрган аҳолида ўз-ўзидан уни муҳофаза этишга рағбат уйғонади, фуқаролар уни сақлаб туришдан манфаатдор бўлгани учун номашруъ хатти-ҳаракатлардан ўзини тияди. Масалан, жазо муқаррар бўлмагани важидан йўл қоидаларига амал қилмайдиган ўзбекистонлик Скандинавия мамлакатларига кўчиб борса, йўл қоидаларига тўлиқ риоя этишга, яъни рисоладагидек яшашга интилади.

 

Фазилатларни шакллантиришнинг яна бир манбаи – таълим. Республикачилар, таълимда бетарафликни тарғиб этадиган либераллардан фарқли ўлароқ, мактабда таҳаккумсиз эркинликнинг афзаллигини кўрсатиб берувчи фуқаролик асосларини (ватанпарварлик дарслари) ўргатиш керак деб ҳисоблайди. Умуман, таълимда мустақил шахсни тарбиялашга қаратилган услуб-методлар рағбатлантирилади.

 

Азиз муштарийлардан ушбу сатрларни жумҳуриятчилик ғоясини шарҳлаш йўлидаги дастлабки уриниш ўлароқ қабул қилишларини сўраган бўлар эдик. Мақоламизнинг якуний қисмида “Ушбу таълимот нега ўзбек жамияти учун муҳим?” деган саволга бақадриҳол жавоб берамиз.

 

 

Ўзбек республикачилиги

 

Буни қарангки, сиёсатшунос Фрэнсис Фукуяманинг либерализм ғалабаси ҳақидаги даъвоси пуч бўлиб чиқди. Ғарб либерализми на постсовет мамлакатларда, на бошқа минтақаларда мустаҳкам илдиз отди. Бир томондан, бу – афсусланарли ҳолат. Чунки либерализмнинг жонтомири бўлган эркинлик мазкур жамиятлар учун сув билан ҳаводек зарур эди.

 

Хайриятки, ўзбек сиёсий тафаккурида либерализмга муқобил жумҳуриятчилик ғояси мавжуд. Дин ёки миллат ғоясига асосланган муҳофазакор таълимотларда шахс ҳуррияти тарғиб этилмайди. Жумҳуриятчилик эса шахсий эркинликларни улуғлайди, айни чоқда, уларни анъанавий жамиятларга татбиқ этиш йўлларини ҳам тавсия этади.

 

Республикачилик – ажнабий ғояларга кўр-кўрона тақлид ўлароқ ўзлаштирилган эмас, у ўзбек сиёсий тафаккури ва амалиётида чуқур илдиз отган мафкурадир. Улуғ аллома Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” рисоласи моҳиятига кўра жумҳуриятчилик ҳақида. Муаллифнинг фикрича, фозил одамлар шаҳрида (ёки мамлакати) ҳамма тенг бўлади, одамлар чин маънода ҳурликка эришади, бир одамнинг иккинчиси устидан хўжайинлик қилишига йўл қўйилмайди. Одамларнинг тинчлиги ва эркин ҳаётига тўсқинлик қилувчи султон (яъни яккаҳоким) бўлмайди. Улар ўз ораларидан энг олижаноб инсонларни раҳбарликка лойиқ топадилар. Раҳбарлар раият озодлиги ва тинч ҳаётини муҳофаза этади, барчага баробар муносабатда бўлади, ҳатто омма манфаатини ўз манфаатидан ортиқ кўради, умум манфаати учун шахсий манфаатидан воз кечади (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Тошкент, 1993. 190-бет).

 

Жамият аъзоларининг бири иккинчисига хўжайин ёки яккаҳоким бўлмаслиги айнан таҳаккумсиз эркинликни ифодаласа, умум манфаатини ўз манфаатидан устун кўриш жумҳуриятчилик тутумига ишорадир. Диққатга молик жиҳати, аллома бу фикрларни Никколо Макиавелли, Франческо Гвиччардини каби атоқли республикачилардан олти аср олдин баён этган.

 

Форобий ўз рисоласида фозиллар ўлкасининг зидди ўлароқ жоҳиллар шаҳридан баҳс этади. Республикачилик анъаналари ва институтлари коррупция ва бошқа иллатлар сабаб вақт ўтиб фасодга учраши, емирилиши тафаккур аҳлини ўйлантириб келаётган асосий масалалар сирасига киради. (Фасоднинг луғавий маъноси йиринглаш, газак олиш, чириш, бузилиш демакдир. Инглиз тилидаги corruption сўзи ҳам аслида коррупция ёки порахўрликни эмас, айнан шу маъноларни ифодалайди.)

 

Республикачилар наздида манфур бошқарув шаклларидан бири бўлмиш олигархия ҳодисаси ҳақида Форобий бундай ёзади: “Аммо баъзи шаҳарлар бўладики, уларда бутун халқнинг фикри-зикри, ақл-идроки бойлик тўплаш, мол-дунё орттиришга қаратилади. Улардан чиққан раҳбарлар ҳам раҳбарликни мол-дунёни кўпайтиришда деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар эрта-кеч мол-дунё тўплаш ҳаракатида бўладилар. Бундай раҳбарлар қўл остида бўлган шаҳар халқларида турли бузуқ одатлар, шаҳвоният, бир-бирини кўролмаслик, бир-бирини талаш, душманлик, низо-жанжаллар авж олади” (ўша манба, 161-бет).

 

Таассуфки, тарих фани ҳамон евроцентризм парадигмаси орқали ўрганилаётгани боис, республикачилик ибтидоси, тадрижи ва ғоялари тадқиқида асосан қадимги Юнонистон ва Рим, Венеция, Флоренция, Генуя, Новгород каби шаҳар-давлатларга андоза сифатида қаралади. Евроцентризм – мустамлакачилик қарашларига асосланган дунё модели. Унга кўра, инсоният юксак маданиятли (европаликлар) ва ёввойи халқларга (бошқалар) ажратилган. Ҳозирда бу тасниф “ривожланган” ва “ривожланаётган” миллатлар шаклини олган. Европа тамаддуни бошқа тамаддунлардан устун бўлгани учун қолган халқлар тарихнинг нофаол объекти, Ғарб эса унинг фаол субъекти – лойга ишлов бериб, уни шаклга солувчи кулолдек талқин қилинган. Бу иддао тарихнавислик, турли антропологик ва психологик назариялар ёрдамида дастакланган.

 

Сираси, илмда республикачилик фақат Ғарб сиёсий маданиятига хос, деган янглиш қараш ўрнашиб қолган. Ғарб маданиятига мансуб бўлмаган Ибн Халдун, Абу Наср Форобий каби мутафаккирларнинг қарашлари эса энди-энди илмий муомалага киритилмоқда.

 

Мақола аввалида қайд этганимиздек, жумҳуриятчилик – ўзбек сиёсий амалиётида мавжуд феномен. Масалан, ўзбек тарихчиси Бахтиёр Олимжонов ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди сўнгги 600 йил давомида камида 8 та республикачилик анъанасига гувоҳ бўлган, деган қарашни илгари суради (Алимджанов Б. Республиканизм на территории современного Узбекистана // Вестник Санкт-Петербургского университета. История. 2022. Т. 67. Вып. 1. Стр. 293–306). Булар: Самарқанд (сарбадорлар) республикаси (1365–1366); Тошкент зодагонлар республикаси (1784–1809); Туркистон мухторияти (1917–1918); Туркистон Совет Республикаси (1918–1924); Бухоро Халқ Совет Республикаси (1920–1924); Хоразм Халқ Совет Республикаси (19201924); Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (1924–1991) ва мустақил Ўзбекистон Республикаси.

 

Шарқшунос Василий Бартольд “мусулмон Ўрта Осиё шаҳарларида ҳам республикачилик анъаналари мавжуд бўлган” деб ёзганида 1365 йили Самарқандда сарбадорлар ҳокимиятга келганига ишора қилган (Бартольд В. Народное движение в Самарканде в 1365 г. // Собр. соч. Т. II, ч. 2. Москва, 1964. Стр. 362). Олим сарбадорлар даврида Самарқандни турли аҳоли қатламларининг вакиллари (зиёли Мавлонзода Самарқандий, косиб Абу Бакр Калавий ва ҳарбий Хўрдак Бухорий) бошқаргани, аҳолига енгиллик берувчи солиқ ислоҳотлари ўтказилганини республика элементлари дея талқин этади.

 

Бошқа рус тадқиқотчилари эса XVII асрда Тошкент эркин шаҳар бўлганини эътироф этади. Хусусан, Т.Бурнашев ва М.Поспелов Тошкентда республикачилик анъаналари кучлилиги, ўз-ўзини бошқариш маданияти шакллангани ҳақида батафсил маълумот беради (Поездка Поспелова и Бурнашева в Ташкент, в 1800 году // Вестник Императорского Русского географического общества. СПб, 1851). Ўзбек тарихчилари ҳам Тошкентни Генуя ва Новгород каби республикалар билан солиштириб, уни “савдогарлар республикаси” деб атайди.

 

Жадид лойиҳалари бўлмиш Туркистон мухторияти, БХСР ва ХХСР сиёсий уюшишга бўлган илк уринишлар бўлиб, уларнинг барчаси айнан республикачилик ғоялари, жумладан, конституционализмга мувофиқ ташкил топган (Адиб Холид. Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб. Тошкент, “Академнашр”, 2022).

 

Ўзини ўзбек деб ҳис эта бошлаган жадидлар ислоҳот моделларини “Ёш турклар” ҳаракатидан олган. Масалан, Абдурауф Фитрат Истанбулда таҳсил кўраётган даврда (1909–1913) Усмонийлар империяси тақдири, давлатни қай тариқа сақлаб қолиш масаласи матбуотда қизғин муҳокама этилмоқда эди. Республикачиликка асосланган ислоҳот моделларидан илҳомланган жадидлар аввал Бухорода конституциявий монархия ўрнатишни орзу қилган. Фитрат “бухороликларнинг меҳрибон отаси, миллатпаноҳ подшоҳ”га ёлвориб, “то кеч бўлиб имомимизни пўпға, азонимизни қўнғироққа, масжидимизни черковга алмаштирмоққа бошқа чора қолмагунча” ҳаракат қилишни сўрайди (Абдурауф Фитрат. Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли мударриснинг жадид мактаблари хусусида қилған мунозараси. Тошкент, “Маънавият”, 2000. 94-бет).

 

Жадидлар фикрича, ислоҳот ўтказиш мусулмон ҳукмдори сифатида айнан амирнинг зиммасидаги вазифа эди. Фитрат ва бошқа ислоҳотпарварлар дастлаб Бухоро амири ислоҳотларга бош-қош бўлади дея умид қилди. Бироқ уларнинг амирга содиқлиги шартли эди. Бухоролик ислоҳотпарварлар, аслида, “улуғ Бухоро миллати”га (миллати нажибайи Бухоро) амир ва унинг сулоласидан мустақил, уларсиз ҳам мавжуд бўлган боқий субъект сифатида қарай бошлаган эди. Амир эндиликда мутлақ монарх эмас, Бухоро халқининг хизматчисига айланиб, ҳукмронлиги ҳам миллатнинг инон-ихтиёрига боғлиқ эди. Бу том маънода республикачилик ғоясидир. 1917 йили амирнинг ислоҳотларни амалга оширишдан воз кечиши, айрим ислоҳотчиларни қатл этиши, тараққийпарварлар наздида, унинг ҳукмронлик ҳуқуқини йўқотганини англатарди. Жадидлар ёзган талабнома­ультиматумда ҳам (уни адо этиш учун Бухоро амирига 24 соат берилган, акс ҳолда, у тахтдан ағдарилиши баён қилинган) республикачилик ғоялари акс этган: “Бухорода машрута усули қурулуб, Миллат Мажлиси очилур. Амирдан бошқа барча ҳоким ва қозиларнинг азл ва насби, бутун хазина ва қўшуннинг ихтиёри Миллат Мажлиси очилгунча ёш бухороликларнинг қўлиға ўтар. Амир эса машрута қонуни бўйинча амирликда боқий қолиб, Миллат Мажлиси олдида масъул топилур” (иқтибос Адиб Холиднинг “Ўзбекистон таваллуди” китобидан олинди).

 

Миллат сифатида сиёсий уюшиш – мутараққийликнинг шарти ва кафили деган маслакнинг узил-кесил ғалабаси 1924 йилда Ўзбекистон республикага айланиши билан рўёбга чиқди. 1991 йилда дунё харитасида пайдо бўлган мустақил Ўзбекистон давлати эса ўзини ўзбек деб англаган сиёсий жамоанинг том маънодаги “ResPublica”сидир.

 

 

Хулоса

 

Постсовет ўзбек жамияти ўз орзу-ҳавасларини ифода эта оладиган янги сиёсий лисон қидирмоқда. Либерализм ёки миллатчилик турли сабабларга кўра ўзбек жамиятида чуқур илдиз отмади. Кейинги вақтларда муҳофазакорлик кенг тарқалаётгандек, лекин муҳофаза қилишга арзигулик қадриятлар мавжудлиги ҳамон савол остида. Диний лисондан фойдаланишнинг гарчи ўзига яраша афзалликлари бўлса-да, ҳозирги фикрий таназзул даврида тафриқани янада кучайтириши мумкин. Бизнингча, айнан республикачилик ўзбек жамиятининг интеллектуал ва ахлоқий янгиланиши учун мақбул ечим бўла олади. Гап – республикачилик тамойиллари асосида дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишда қолган.

 

Сардор САЛИМ

 

 Tafakkurжурнали, 2022 йил 4-сон.

“Янги сиёсий лисон эҳтиёжи” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси