Мустақиллик байрамида нимани нишонлаймиз ўзи, нега анъанавий ОАВ ижтимоий тармоқлар олиб чиқаётган долзарб мавзуларни кўтармайди? – мафкура майдонидаги қалтис саволлар


Сақлаш
21:08 / 07.08.2023 563 0

Ягона қурол: у ишга солинмаса-чи?

 

Фикр ва ғоя майдони ҳамиша иккига бўлинади. Жамиятда эзгу ғоялар ёнида бузғунчи ғоялар ҳам бўлиши табиий. Кейинги йилларда ижтимоий тармоқлар кутилмаган даражада кучайиб кетди. Мафкура ва маънавиятнинг биз юқорида санаган тизимларида-ку муайян даражада “элак” мавжуд. Уларнинг эзгу ғоялар тарғиботи билан шуғулланиш фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш, маълум маънода ишини тартибга солишга эришмоқ мумкиндир. Лекин ижтимоий тармоқлар орқали халқнинг онг-тафаккури ва қалбини эгаллашга қаратилган бузғунчи ғояларга қарши қандай кураш олиб борамиз?

 

Бугунги вазият миллий мафкура ва маънавият ишини мустақилликнинг дастлабки чорак асридагидан кўра тамоман бошқа даража ва технологиялар асосида олиб боришни тақозо этяпти. Шундай экан, кимларгадир эски бўлиб туюладиган доно гапни такрорлашдан асло чарчамаймиз: фикрга қарши – фикр, ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши – маърифат билан жавоб қайтаришга мажбурмиз. Мафкуравий курашнингягонақуроли– сўз. Айнан сўз пичоқниқинидан,илонни иниданчиқарадиҳам;пичоқниқинига, илонниинигақайтариб киритадиҳам.

 

Кўнгилда бир хавотир мавжуд: кейинги йилларда ҳозирги 30 ёшгача бўлган ёшларнинг онг-тафаккурини шакллантиришда кўп нарсани бой бериб қўймадикмикан? Бугун шундай бир авлод шаклланмоқдаки, у қўйиб берсангиз, ҳатто маънавият, мафкура каби тушунчаларни эскирган, аҳамиятсиз деб билади. Бу тушунчалар бир қадар киноя, сарказм нишонига айланганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хўш, нима қилмоқ керак? Бу кескин курашга дадил кириш ва енгилмаслик учун айнан қандай чоралар кўрилмоғи лозим? Шундай вазиятда ёш авлодга маънавиятни қандай тушунтириш, сингдириш мумкин?

 

Бу саволларга икки оғизгина қилиб жавоб қайтаришнинг иложи йўқ. Шунинг учун аввал бизга айнан нималар кўпроқ таҳдид солаётганини бир қур назардан ўтказишга тўғри келади.

 

 

Эски даврни қўмсаш хавфи

 

1998 йили Германияга журналистик сафарга борганман. Мюнхенда Бавария радиосининг кекса ходими билан суҳбатлашишга тўғри келди. “Германиянинг бош муаммоси нима?” деб сўрадим ундан. “Собиқ ГДРдаги ўрта яшар ва кекса аҳоли. Улар эски тузум тасаввурлари билан яшайди-да”, деди у. “Бу муаммони қандай ечиш мумкин?” деган саволимга эса “50 йил кутиш керак. Бошқа йўли йўқ”, дея жавоб берди.

 

Бизнинг мустақил давлатга айланганимизга ҳали ярим аср бўлганича йўқ. Ҳар қандай макон ва замонда ижтимоий-сиёсий тузумнинг ўзгаришидан кимлардир ютади, кимлардир ютқазади. Шундай экан, ютқазганлар ўша тузумни қўмсамайдими? “Қўмсаса қўмсайверсин!” дейишингиз ҳам мумкин. Лекин бу масалага халқ сифатида оқилона муносабатимиз қандай бўлмоғи даркор? Бу энди жиддий мафкуравий масала.

 

Икки жиҳатдан шўро даврини оқлашга асло ҳаққимиз йўқ. Биринчидан, мустамлакачиликни қўмсаш – занжирбанд шернинг озод этилганидан кейин яна ўша темир боғичини соғинишидай гап. Иккинчидан, коммунистик мафкура 74 йил инсоният жамияти устида сиёсий эксперимент ўтказди. Ҳолбуки, халқаро меъёрлар, сиёсий эксперимент у ёқда турсин, ҳатто айрим даволаш усуллари бўйича одамлар устида тиббий эксперимент ўтказишни ҳам тақиқлайди. Бу сиёсий эксперимент ўзини мутлақо оқламади: уни биринчи бўлиб жорий этган Россиянинг ўзи биринчилардан бўлиб ундан воз кечди. Лекин шу кеча-кундузда айнан ўша шўро даврини эсга соладиган лавҳалар асосида тайёрланган видеороликлар ижтимоий тармоқларда ўз ватандошларимиз томонидан баҳузур тарқатилаётир. Бир қарашда бу шунчаки хотирага ўхшар, безарар ҳам туюлар. Тагида эса улкан ғаразли мақсад яширин. Яна ўша империячилик, яна ўша гегемонлик, яна ўша мустамлакачилик хуружи!

 

Хўш, бундай хавфдан одамларни ким огоҳ этади?

 

Қайси тизим таркибида бўлади, билмадим-у, назаримда, муттасил равишда ана шу ахборот хуружларига қарши махсус мафкуравий кураш олиб борадиган, яъни фуқароларни шундай хавфлардан ўз вақтида айнан ижтимоий тармоқлар орқали бохабар қилиб турадиган материаллар тарқатиш, бузғунчи ғояларга ўз вақтида кучли ва асосли зарба бериш билан шуғулланадиган кучли бир журналистик ташкилот тузиш зарурга ўхшайди.

 

 

Янги муаммо – янги ечим

 

Бир таниқли маърузачи вилоятларимиздан бирига борибди. Тингловчилар орасида ижтимоий тармоқлардаги ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар йўқ дейсизми? Нотиқни қалтис саволларга кўмиб ташлашибди... Шу биргина фактга кўра “Аҳоли ўртасидаги маъруза қилиш усули эскирди” деб хулоса қилиш тўғри эмас. Ҳозирда бирламчи вазифа – тарғиботнинг шаклини эмас, мазмунини янгилаш. Шаклни бир идиш сифатида тасаввур қилсак, унга нимани солиш ихтиёримизда-ку. Ҳеч нима одамлар билан юзма-юз гаплашганга етмайди. Жонли мулоқот берадиган самарага бошқа усулда эришиш мушкул. Бу усулдан дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам воз кечилгани йўқ, ахир.

 

Тарғиботда фикрий таъсирнинг турли усулларидан фойдаланиш лозим. Масалан, мультфильмларни олайлик. Бизда ҳар йили 650–700 минг бола туғилади. Бу – мактабгача ёшдагиларнинг ўзи мамлакатимизда 4 миллиондан кам эмаслигидан далолат беради. Хўш, шунча бола учун ўзбек тилида нечта мультфильм яратилган? Бошқа тиллардан қанча таржима қилинган? Ҳаддан ташқари оз. Болаларимиз ноилож “YouTube”га кириб, хорижий тилдаги мультфильмларни кўради. Уларда ҳам эзгу ғоялар илгари сурилгандир. Аммо, афсуски, болаларимиз ўзимизники қолиб, ўзга миллат қаҳрамонлари руҳида улғаяди. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда мультфильм ёшлар онг-тафаккурига сайқал беришнинг қулай ва оммалашган тури ҳисобланади.

 

 

Нега ғояни сингдириш қийин?

 

Одамларнинг феъл-атвори, онг-тафаккури, ҳаётдан кўзлаган мақсад-муддаоси, тирикчилиги, ижтимоий мақоми, жамиятга муносабати, тарбияси ҳар хил бўлади. Биз эса баъзан мафкура ва маънавият масаласида ҳам аҳоли онги, қалби ва хулқи кўрсаткичларини яратгимиз келади. Ўзимизча яхши даражали ҳудудларни “яшил”, ўрта даражали ҳудудларни “сариқ” ва қониқарсиз даражали ҳудудларни “қизил” ранг билан кўрсатмоқчи ҳам бўламиз. Йўқ, ижтимоий-маънавий жабҳани хасталикка чалинган фуқаролар сони ёки жиноят миқдорига қараб баҳо бериш каби рақамларда акс эттирса бўладиган осон масала ҳисобламайлик. Миллий мафкура ва маънавият соҳасида бу юзаки ёндашувдан бошқа нарса эмас.

 

Баъзан ижтимоий-маънавий муҳитни сўровномалар асосида аниқламоқчи ҳам бўламиз. Ишонингки, бу усул асл манзарани кўрсатмайди. Биринчидан, сўровномада муайян саволларгина берилади. Иккинчидан, бунда, барибир, аҳолининг жуда оз қатламигина қамраб олинади. Учинчидан, одамларимиз ҳозирча юрагидаги асл муносабатини ифодалашдан кўра, кўпроқ бошқалар нима деяётганига қараб иш кўришга мойилроқ.

 

Миллий мафкура ва маънавият ҳолатини аниқлашнинг кўп тармоқли комплекс тизими ишлаши зарур. Миллий мафкура ва маънавият масаласини ҳаётдан, борингки, сиёсат ва иқтисодиётдан айри, фақат ахлоқ-одоб, маърифат, маданият, адабиёт, санъат дебгина тушунадиганлар адашади. Масалан, бир туманни олайлик. Иқтисодий жиҳатдан у мамлакат ва вилоятда қай ўринда? Сув, электр, газ, йўл муаммоси қандай даражада ҳал этилган? Мактабгача таълим болаларнинг неча фоизини қамраб олган? Мактабларнинг моддий-техникавий базаси талабга жавоб берадими? Таълим кўрсаткичлари қай даражада? Жиноятчилик даражаси-чи? Ёт оқимлар таъсирига тушганлар, эҳтиёжманд оилалар, ишсизлар қанча? Аҳолининг халқ қабулхоналарига мурожаатларида қайси масалалар етакчилик қиляпти?.. Эҳ-ҳе, санайверсак, адоғи кўринмайди. Хўш, булар тумандаги ижтимоий-маънавий муҳит даражасини белгиламайдими?..

 

 

Давлат ва халқ бирлиги

 

Бугун ахборот майдонида давлат ва халқ ўртасини бузишга қарши ошкора ё пинҳона тарзда қаттиқ кураш кетяпти. Шу мақсадда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиляпти. Халқда шундай тасаввур ҳосил қилиняптики, гўё давлат ишида ишлаётганларнинг бари – ўғри, каззоб, порахўр. Астағфируллоҳ!.. Гўёки давлат идоралари ходимларининг иши фақат мамлакат бойликларини ўзлаштириш, халқни талашдангина иборат бўлиб қолган. Ҳолбуки, Мустақиллик байрамида нимани нишонлаймиз ўзи? Айнан давлатга эга бўлганимизними? Ахир, давлат – халқнинг энг катта бойлиги эмасми?

 

Муаммога аниқлик киритиб олайлик: давлатни қоралаш – бошқа нарса, давлат идоралари ходимлари фаолиятидан норозилик – тамоман бошқа нарса. Ёт ғоя тарғиботчилари кўпчиликнинг ана шу икки нозик тушунчани фарқламаслигидан фойдаланиб, давлат идоралари ходимлари фаолиятини танқид қилиш орқали зимдан давлатнинг ўзига зарба бериб, одамларни унга қарши қайрашни мақсад қилаётгандек. Номақбул ҳаракатлари билан халқ ишончи йўқолишига сабаб бўлаётган давлат хизматчилари йўқ эмас, албатта. Аммо давлат уларнинг касрига қолмаслиги керак.

 

Нима учун бугун одамлар ижтимоий муаммо ечимини излаб, давлат идоралари, расмий оммавий ахборот воситаларига эмас, нодавлат ОАВ, блогерларга мурожаат қиляпти? Нима учун расмий телеканаллардан кўра нодавлат телеканаллар жойлардаги муаммоларни очиқ-ошкора кўтариб чиқяпти? Нега ижтимоий тармоқлар орқали давлат, Конституция, қонунлар, фармону фармойишларга очиқдан-очиқ провокацион муносабатлар бўляпти-ю, бунга расмий, асосли, мантиқли, профессионал даражада жавоб қайтарилмаяпти?

 

Ҳуқуқий-демократик давлатларда ОАВда туҳмат билан чиққан шахс судда жавобгарликка тортилади. Майли, улар ўз йўлига. Ёлғон, туҳмат, иғво гапларга ўз вақтида жавоб берилмаса, яъни халққа оқнинг оқлигию қоранинг қоралиги тушунтирилмаса, ёт кучлар ижтимоий-маънавий муҳитни бундан баттар лойқалатаверади-ку.

 

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. “Қарс икки қўлдан чиқади” деганларидек, давлат ва халқ бирлигига эришиш ҳар икки томонга бирдек масъулият юклайди. Ҳозирги замон кишисининг рисоладагидек яшаши учун нима керак? Уйингизда сув, электр, газ, чиқинди ташиш тизими, интернет бўлиши; пойабзалингиз лойга ботмайдиган равон йўлдан юришингиз; яқин атрофингизда боғча, мактаб, поликлиника ва дўконлар бўлиши лозим. Булар, таъбир жоиз бўлса, давлатнинг минимал вазифалари сирасига киради. Давлат, ҳеч бўлмаганда, ана шуларни бажармаса, одамлар кўнглида унга нисбатан табиий равишда норозилик пайдо бўлади. Давлат идораларида ўтирган маъмурларнинг фуқаро талаб ва эҳтиёжларини қондиришдаги масъулиятсизлиги, тамагирлиги ва бошқа иллатлар ўз-ўзидан раиятнинг айнан давлатдан домангирлигига олиб келади.

 

Демократик жамиятда халқ давлатдан норози нуқталарини билдириб туради. Бу талаблар қонуний бўлса, давлат уни бажаришга мажбур. Мана, бир муддат аввал Чилонзор туманида кўп йиллик дарахтларни кимларнингдир манфаати учун аёвсиз кесиш бошланди. Аҳоли норозилик билдирди. Бу масала дарҳол Президент администрациясида муҳокама қилинди. Жиддий хатога йўл қўйгани учун давлат раҳбари топшириғига асосан туман ҳокими ва прокурори лавозимидан озод этилди. Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун Тошкент шаҳри ҳокими ва прокурорига қаттиқ ҳайфсан берилди. Энг муҳими, дарахтларни кесиш тўхтатилди.

 

Алқисса, халқнинг давлатга нисбатан талабларини ифодалаш ҳам ОАВ, жумладан, ижтимоий тармоқларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

 

 

Қонун устуворлиги – бош масала

 

Давлат сиёсатининг жойлардаги ижроси миллий мафкура ва маънавият соҳасининг ўзак масалалари сирасига киради. Чунки давлат билан халқ ўртасидаги яқинлик, ўзаро ишонч, мақсад бирлиги кўп нарсани ҳал қилади. Халқ давлатга ишонмаса, давлат халқининг қудратли кучига таянмаса, юксалиш бўлмаслиги худди “Икки карра икки – тўрт” дегандек аён гап. Аммо бунга эришиш жуда-жуда қийин-да! Чунки давлат сиёсатининг ижросига масъул кимсаларнинг бир қисми шу жараёнда ўз манфаатини биринчи ўринга қўяди.

 

Давлат ҳар бир фуқаронинг иш билан банд бўлиши, меҳнат қилиб, рўзғор юритишидан манфаатдор. Тома-тома кўл бўлур, ахир. Қилинган ҳар қандай меҳнат самараси мамлакат иқтисодиётига ҳисса бўлиб қўшилади. Шу кунларда қишлоқлардаги эҳтиёжманд, меҳнатга лаёқатли-ю, аммо ишсиз қолган аҳолига кредит асосида иссиқхона қуриб бериш йўлга қўйилди. Ҳовлисида бир сотих иссиқхонага эга киши ҳам меҳнат қилиб, даромад топади-да. Лекин ўша иссиқхонани қуриб, кўчат ва ўғит етказиб берадиган ташкилотларнинг айрим вакиллари шу ердан ҳам ноқонуний даромад топмоқчи. Хўш, нима қилишади? Лойиҳада кўрсатилган 4х4 сантиметрли профил ўрнига 3х3 сантиметрли профилдан иссиқхона устухони ясалади. Умрида иссиқхона билан шуғулланмаган эҳтиёжманднинг бўйнига ҳужжат асосида 4х4 сантиметрли профилнинг нархи илинади. Ҳеч ким бориб профилни ўлчаб ўтирмайди-ку. Жиноятми? Жиноят!

 

Тўғри, аввалига ҳеч нарса ўзгармагандек туюлар. Аммо қишда экин айни гуллаган маҳалда қаттиқ шамол турадию иссиқхонани таг-туби билан кўтариб ташлайди. Агар у 4х4 сантиметрли профил билан ясалганида бўронга ҳам дош берар эди. Ўша бечора камбағалнинг уйи куйди деяверинг. Биринчидан, гарданига илинган кредитни тўлашдан уни энди ҳеч ким озод қила олмайди. Иккинчидан, экинларни шу ҳолатга келтиргунча кетган маблағу шунча меҳнатнинг кули кўкка совурилди. Учинчидан, давлатнинг мақсадли маблағи тамоман йўққа чиқди. Тамагир маъмурларнинг жиғилдони сабаб бир оиланинг қандай мушкулот гирдобида қолганини тасаввур қилиб кўринг! Бу каби балолардан қутулмас эканмиз, соғлом маънавий муҳит ҳақида сўзлаш беҳуда бўлиб қолаверади.

 

 

Шахсий қараш ва жамоатчилик фикри

 

Ҳар инсон шахсий фикрга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Мамлакатда миллион-миллион киши яшайдими, демак, муайян бир нарса-ҳодисага оид миллион-миллион фикр мавжуд. Табиийки, бу фикрларнинг кўпи бир-бирига қарама-қарши ҳам. Уларнинг тўғри, адолатли, оқилона, самаралисини аниқлаб, эл-юрт орасида ёйиш миллий мафкура ва маънавиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Буни давлат амалга оширса, мажбурлов қуролини ишга солган бўлиб чиқади. Ана шунинг отини “жамоатчилик фикри” деймиз. Бунда масалага кўпчиликнинг манфаатидан келиб чиқиб ёндашмоқ лозим.

 

Ижтимоий тармоқлар шунчалар томир отдики, бугун хоҳлаган фуқаро ўз фикрини оммага очиқ-ошкор ёйиш ҳуқуқи ва имконига эга. Бу – катта ютуқ. Шу тариқа ақл ривожланади. Фикрни фикрга солиштириш имконига эга бўламиз. Ҳамманинг, биринчи галда, давлатнинг афкор омма билан ҳисоблашишига тўғри келади. Лекин жамиятда мақбул позицияни белгилаш нопрофессионаллар қўлида қолиб кетмаслиги керак. Ҳозир кўпинча шундай бўляпти ҳам. Ижтимоий тармоқда фикр билдираётганларнинг ҳаммаси ҳам ўзи муҳокама юритаётган соҳа бўйича мутахассис бўлавермайди. Масалага нопрофессионал муносабат эса кўнгилсизликларга олиб келади.

 

Мамлакатимиз энергетика масъулларидан бири аҳоли электр энергиясидан катта қарздор бўлиб қолгани, бу эса соҳага сарфланган маблағнинг қопланмаслигига олиб келаётгани ҳақида ахборот берди. Интернетда арининг уяси ковланди-ку! Мансабдор “сўзбўрон” қилинди. Эътирозчилар орасида камина танийдиган, бир вақтлар масъул лавозимда ишлаган кишилар ҳам бор. Нима эмиш, кетса давлатнинг пули халққа кетибди-да! Ана, холос! Бу иқтисодий-сиёсий билимсизликдан бошқа нарса эмас.

 

Давлат нима? Фаолияти ишлаб чиқариш ва хизматлардан тушган солиқлар асосида шакллантирилган бюджет маблағи ҳисобига таъминланадиган ташкилотлар мажмуаси. Электр ишлаб чиқариладиган маҳсулот экани маълум. Ҳар қандай ишлаб чиқаришга маблағ сарфланади ва маҳсулот сотилганида ўша маблағ, албатта, фойда билан қайтиши шарт. Акс ҳолда, бу соҳа ўсишдан тўхтайди. Агар электр токини ҳам бюджет ҳисобидан тўлаш тизими жорий этилса, давлат ўз конституциявий функцияларининг бир қисмини бажаришга маблағ тополмай қолади-ку.

 

Яна айрим юртдошларимиз ҳалигача давлат ишхона яратиб бериши керак деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бугунги сиёсат ишлаб чиқаришда давлатнинг улушини тобора камайтиришга қаратилган. Демак, булар – бир-бирига тамоман зид тушунчалар. Халққа масаланинг моҳиятини обдан ва асосли тарзда тушунтириш ҳам маънавият, ҳатто мафкура вазифасидир.

 

 

Меҳнат, меҳнат ва   яна меҳнат

 

Нега анъанавий ОАВ ижтимоий тармоқлар олиб чиқаётган долзарб мавзуларни кўтармайди? Ҳамма масалада баҳс-мунозара қилиш шарт эмасдир. Лекин долзарб масалалар хусусидаги тўғри, ҳаққоний ва оқилона фикрни халқ газета, журнал, радио-телевидениедан олсин-да.

 

Майли, баҳс-мунозаралисини қўятурайлик, бошқа “силлиқ” мавзуларда ҳам ижтимоий тармоқ пешқадамлик қилаётган жойлар бор. Дейлик, ҳусайний узуми токини парваришлаш бўйича анъанавий ахборот воситаларидан пичоққа илингулик материал топмоқ маҳол. Блогер эса боғбоннинг олдига камера кўтариб боради. Хўш, бу кичик мавзуми? Асло! Бозор иқтисодиёти шароитида томорқаларимизда ҳозиргидан неча-неча карра кўп ва хўб узум етиштиришимиз, уни жаҳон бозорида сотишимиз мумкин-ку.

 

Туркия сафарида тўрт қаватли уй томида ҳам токсўри қилинганини кўрган эдим. Ерга экилган токни чўзиб, 12–15 метр баландга олиб чиқишган, мева солиб ётибди. Анъанавий ахборот воситалари ҳаётдан узоқ мавзулар билан машғул. Ваҳоланки, халқни меҳнатга ундамоқ, бунинг йўлларини намуна қилиб кўрсатмоқ лозим. Дунёда қайси мамлакат халқи биздан бойроқ яшаётган бўлса, албатта, бунга меҳнат билан эришган. Ҳатто ер остидаги тап-тайёр бойликлар ҳам катта меҳнат эвазига қазиб олиниб, инсон эҳтиёжига ишлатилади.

 

 

Зиёли масъулияти

 

Нега юртимизнинг машҳур зиёлилари ижтимоий тармоқларда фаол эмас? Профессионал қаламкашлар кўп масалаларни “майда мавзулар” деб ҳисоблаши табиий. Бу борада уларни бутунлай қоралаб ҳам бўлмас, эҳтимол. Бироқ қурғур мафкура борасида мавзунинг катта-кичиги бўлмайди-да. Ҳозирги мураккаб мафкуравий ва маънавий вазият илғор зиёлиларимизнинг ниҳоятда фаоллашишини тақозо этади. Бунинг тарихда синалган биттагина йўли бор: меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш. Мана, кейинги йилларда илмий даражага эга муаллимларга юқори ҳақ тўлаш жорий этилиши ортидан диссертациялар ҳимояси кўпайди. Яхши ҳақ тўламасдан ҳам одамлардан меҳнат талаб қилиш – бозор иқтисодиёти тизими моҳиятига зид. Соҳаси бола-чақасини боқишга имкон бермаётган тушкун қаламкашдан жамиятни олға етаклаш қувватига эга некбинликни кутмай қўяқолинг.

 

Кенг омма фикран оғишга мойилроқ келади. Демак, оммани роҳи ростга етаклаш зиёлиларнинг асосий вазифаси бўлиб қолаверади. Битта локомотив кўплаб вагонларни тортгани сингари, мунавварларимиз ҳам мамлакат аҳлини тўғри йўлга бошламоғи шарт.

 

Султонмурод ОЛИМ

 

Tafakkurжурнали, 2022 йил 3-сон.

“Мафкура майдони: қалтис саволларга холис жавоблар кутади” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси