Бўлар экан-ку ёхуд бугуннинг кечадан фарқи нимада?


Сақлаш
17:08 / 03.08.2023 561 0

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!”, деган бош ғоя асосида амалга оширилиши белгилаб олинди. Ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йиллари халқимизнинг минг йиллар давомида орзу қилиб келган озодлик, эрк ва эркинлик йўлидаги курашларининг мантиқий натижаси бўлди. Бу йиллар мобайнида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли равишда тўлақонли аъзосига айланди. 

 

Айниқса, сўнгги олти-етти йил аввал бошланган янгиланишлар, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дадил қадамлар нафақат мамлакатимиз аҳолисида, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятида ҳам ҳурсандчилик билан кутиб олинмоқда.

 

Бугун халқимиз Янги Ўзбекистон аслида янги ҳаёт учун кураш эканлигини, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларсиз мамлакатимизда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган барча соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш асло мумкин эмаслигини яхши англаб турибди.

 

Қолаверса, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳар бир кун биз учун авваллари хаёлимизга ҳам келмаган имконият ва истиқболларни яратиб бермоқда. Шу нуқтаи назардан ҳам, юқорида номи қайд этилган қарорда ўтган қисқа, аммо тарихий жараёнлар, ислоҳотларга бой тарихий давр мазмун-моҳиятини очиб бериш лозимлиги таъкидланади. Мазкур вазифани “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор”, деган ҳаётий шиор моҳияти ва аҳамияти ила очиб берилишига эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. 

 

Шундай экан, бизнинг вазифамиз ана шу икки даврни адолат тамойилларига амал қилган ҳолда холис таҳлил қилишдан иборат.  Таҳлилларни “Кеча” (1991-2016 йиллар) ва “Бугун” (2016 йилдан ҳозиргача) рукни остида амалга оширамиз. Уларнинг айримлари қуйидагилардан иборат:

Кеча мамлакатимизда мажбурий меҳнат авж олганлиги билан ажралиб туради. Маълумки, 1930 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-конвенциясида, кейинчалик, унинг 2014 йилдаги қўшимча баённомасида мажбурий меҳнат қаттиқ тақиқланган, уни амалга ошириш инсон ҳуқуқларини паймол қилишдан иборат эканлиги қайд этилган бўлсада, бироқ узоқ йиллар давомида бу масалага бизда эътибор берилмади.

Айниқса, оқ пахта биз учун “қора доғ” бўлди. Вазият шу даражага етдики, 2010 йилда мамлакатдаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича петицияга имзо чекдилар.

 

Мазкур даврда ижтимоий ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин ходимларни асосий фаолиятидан иш пайтида ажратиб олиб, гўёки, “ижтимоий фойдали меҳнат” баҳонасида турли вазифаларни бажаришга мажбур қилиш одатий ҳол бўлиб қолди. Бу нарса айниқса, таълим тизимининг барча бўғинларида ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида авж олди. Мактаб ўқитувчилари ўз фаолиятининг қарийб чорак қисмини қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, бошқа ташкилотлар функционал вазифаларига кирган топшириқларни бажаришга мажбур бўлдилар. Натижада таълим тизими сифати кескин пасайиб кетди. Ўқитувчи, мураббийларнинг таълим тизимидан бошқа соҳаларга ўтиб кетиш даражаси ўсди. Болаларнинг таълим олиш даражаси тушиб кетди, уларнинг дунёдаги илғор мамлакатлардаги ўз тенгдошларидан билим савияси бўйича кўрсаткичлари салбий мазмунга эга бўлди.  

 

Бугун эса мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Аслида мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича жиддий ишлар 2017 йилнинг бошиданоқ бошланган эди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаол ҳаракатини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

 

Халқаро ташкилотлар, экспертлар Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлаб турди. 2022 йил 10 март куни мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг бекор қилинганлиги, раҳбариятнинг мазкур масала бўйича қатъий муносабатини эътиборга олиб “Cotton Campaign” халқаро каолицияси Ўзбекистон пахтасига жорий қилинган бойкотни бекор қилди. Шундай қилиб, 12 йил давом этган бойкот барҳам топди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида эришган катта ва салмоқли ютуғи эди. Мазкур масалада Ўзбекистон раҳбариятининг муносабати қатъий эканлигини янги таҳрирдаги Конституция мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг 44-моддасига кўра мажбурий меҳнат тақиқланди.  

 

Кеча биз учун кўплаб масалалар, бажарилиши қийин бўлган вазифалар атайин жамиятдан яширилди. Шунинг учун ҳам бу даврда “ёпиқ мавзу”лар сони талайгина эди. Ана шундай “ёпиқ мавзу”лардан бири – камбағаллик масаласи эди. Инсон ҳар доим яхши яшашга фаровон турмуш кечиришга, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Аммо, Ўзбекистон шароитида биз камбағаллик деган сўзни ишлатишга шошмадик. Аниқроқ айтадиган бўлсак, биз ўзимизни ўзимиз алдадик, расмий маълумотларда бу ҳақда ахборотлар беришни ўзимизга эп билмадик. Камбағаллик сўзи ўрнига “эҳтиёжманд”, “кам таъминланган” каби сўзларни ишлатишга мажбур бўлдик. Бу нарса расмий доираларда муайян даражада хотиржамлик кайфиятини пайдо қилган бўлсада, бироқ аҳолининг камбағаллик даражаси, шунга мос равишда, ижтимоий норозилик ҳолати йилдан-йилга ортиб бораверди.

 

Бугун эса Ўзбекистон ҳукумати катта сиёсий ирода кўрсатиб, мамлакатимизда камбағаллик муаммоси мавжуд эканлигини, у узоқ йиллар давомида шаклланган, ўта аянчли ҳолатга айланиб бораётганлигини баралла айтишдан чўчимади. Мамлакатимиз тарихида илк бор мазкур масала 2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилди. Шуни таъкидлаш керакки, бу масала ана шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий сиёсатининг энг долзарб масаласига айланди. Айримларда аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий нафақа тизимини яхшилаш, турли имтиёзлар бериш билан камбағаллик муаммосини ҳал этса бўлади, деган фикр бор. Қайд этиш лозимки, масалага шу тахлитда ёндашув бир ёқлама ёндашув ҳисобланади. Бунинг натижасида айрим масалаларни муайян макон ва вақт ҳолатида ҳал этиш мумкиндир. Аммо бундай ёндашув жамиятда йиллар давомида шаклланган камбағаллик муаммосини асло ҳал этмайди. Камбағалликни камайтиришнинг энг ишончли ва тез этиш йўли эса аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

 

Ўзбекистонда камбағалликни кисқартириш бўйича хориж тажрибаси жиддий равишда ўрганилди. Унинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди, камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усули, аҳоли моддий таъминотининг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларнинг 14 нафар экспертлари жалб қилинди. Бугунги кунда “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси” асосида жиддий ишлар амалга оширилмоқда. 2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайган. Йил давомида 200 минг тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. 10 минг корхона фаолияти кенгайтирилди. 11 мингтасининг қуввати тикланди. Олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунга келиб 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилди.

 

Кеча ниҳоятда катта имкониятларга эга бўлган ҳолда мамлакат иқтисодиёти, ҳусусан саноат соҳасида олиб борилган туб ўзгаришлар, ислоҳотлар Ўзбекистонни жаҳондаги йирик саноати ривожланган мамлакатга айлантиришга имкон бермади. Айни пайтда, мавжуд саноат соҳаси мамлакат ва миллатнинг тоборо ортиб бораётган табиий эҳтиёжларини ҳам қондира олмади. Айниқса, давлат корхоналарининг трансформациясини ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юз бермади. Самарасиз корхоналар сони йилдан-йилга ортиб бораверди. Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг фундаментал драйверлари яратишда сусткашликка йўл қўйилди. Соҳага замонавий, юксак техника ва технологияларнинг жорий этилишидаги камчиликлар эса меҳнат унумдорлигини оширишга йўл қўймади. Ялпи ички махсулот таркибида саноат ишлаб чиқариши соҳасининг улуши 2016 йилда 19,5 фоизни ташкил этди, холос. Саноат ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилган инвестициялар ҳажми 2010 йилда аранг 4,9 триллион сўмга етди.

 

Бугун эса Янги Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг энг асосий йўналиши бўлган саноат соҳасини ривожлантириш асосий вазифага айланди. Мамлакатимиз “аграр-индустриал давлат”дан “индустриал-аграр давлат”га айланди. Саноат соҳасидаги сиёсатни самарали амалга ошириш, саноатни инновацион асосда ташкил этиш, уни ривожлантиришда драйвер ва ўсиш нуқталарини белгилаб олиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш орқали саноат тармоқлари рақобатбардошлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Бундай муваффақиятларга эришишда ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмини ташкил этувчи саноат соҳасининг улуши сезиларли бўлди.

 

Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистон саноати Мустақил давлатлар ҳамкорлиги мамлакатлари орасида жадал ўсмоқда. Масалан, Ўзбекистонда 2022 йилда саноат ишлаб чиқариши физик ҳажми индексининг ўсиши 5,2 фоизни ташкил этга бўлса, бу рақам Қозоғистонда 1,1 фоизга, Россияда 0,6 фоизга, Озарбайжонда 1,1 фоизга пасайган. Мамлакатимизда саноат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ютуқлар салмоғи тобора ортиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 551,1 триллион сўмга етди. Ваҳоланки, бу рақам авваллари 63 миллиард сўмдан иборат эди, холос. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ишлаб чиқариш соҳасининг улуши 2022 йилда 26,7 фоизни ташкил этди, соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажми мазкур йилда 124,6 триллион сўмга етди.

 

Кеча “мамлакат хавфсизлигини  таъминлаш” баҳонасида ўта қаттиқ ва мутлақо мантиқсиз паспорт тизими амал қилди. Ўша даврда Ўзбекистон ҳудудида 60 дан ортиқ текшириш пунктлари ташкил этилди. Жумладан, Хоразмдан Тошкент шаҳригача 17 та, Фарғона водийсидан пойтахтгача 8 та шундай пунктлар фаолият кўрсатди. Бундай пунктларнинг вазифаси давлат ва миллат хавфсизлигига “раҳна солаётган шубҳали шахслар”ни аниқлаш, уларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланишига йўл қўймаслик эди. Вазият шу даражага етдики, одамлар ўз яқинларининг жаноза тадбирларига, тўй-маросимларига ҳам бора олмай қолдилар. Баҳона битта: текширилувчининг ё паспорти ёдидан чиқиб қолган ёки бундай шахслар текширувчиларда шубҳа уйғотган. Табиийки, бундай ҳолат одамларимизда ҳақли норозиликларни келтириб чиқарарди. Айниқса, хориждан келган меҳмонларнинг бундай пунктлардан ўтишидаги жиддий муаммолар вазиятни янада кескинлаштирар, уларда Ўзбекистонга бўлган ишонч кайфиятининг сўнишига сабаб бўларди.

 

Бугун эса ўша текширув пунктлари бекор қилинди. Машҳур қизиқчимиз айтгани каби “энди фуқароларимиз ўзларини бемалол Ўзбекистонликмиз, дея оляптилар”. Бугун йўлларимизда ҳеч қандай пунктлар, постлар, сунъий тўсиқлар йўқ. Одамларимизнинг мамлакатимиз бўйлаб эркин-эмин ҳаракатланишини кўриб инсон ҳайратга тушади:

– Бўлар экан-ку, наҳотки, бир мамлакатнинг аҳолиси бўлсак-да, бир-биримизга ишонмасак, ҳужжатсиз ҳаракат қила олмасак?

 

Текширув пунктларининг бекор қилиниши оқибатида одамлар орасида муайян даражада шаклланиб бораётган ишончсизлик кайфияти йўқолди, кишилар ва куч ишлатар органлари ўртасида ўзаро ишонч ва самимийлик ришталари  пайдо бўлди.  

 

Кеча мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини коррупцион ҳолатларсиз тасаввур этиб бўлмас эди. Ўзбекистон жамиятида “сендан угина, мендан бугина” қабилида ишлаш тизими авж олган эди. Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш соҳаларида коррупция ҳолатлари жуда кўп учрар, одамларнинг норозилик кайфияти эса тобора ортиб борарди.

 

Коррупция ҳолатининг жамият ижтимоий қиёфасига салбий таъсири кучлидир. Бу нарса жамиятда ижтимоий табақаланишнинг кучайишига, қонун устуворлиги тамойилларининг обрўсизланишига таъсир этади. Айниқса, мазкур салбий ҳолат халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончини йўқотиб, халқаро ҳамжамиятда мазкур мамлакатга бўлган дўстона муносабатларга путур етказади.

 

Таълим тизимида шаклланган коррупция ҳолатлари, порахўрлик, таъмагирлик жамият учун зарур бўлган ҳар томонлама етук мутахассис кадрлар корпусининг шаклланишига имкон бермади. Тўғри, ана шундай мураккаб шароитга қарамасдан ўз ҳаётий принципларидан воз кечмаган минглаб ватандошларимизни топиш мумкин эди. Улар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ўз вазифаларига виждонан муносабатда бўлдилар. Оммавий ахборот воситаларида, турли анжуманлар, йиғилишларда коррупция жамиятни ичидан туриб емирадиган қурт эканлигини, у билан жиддий, тизимли равишда курашиш давлат ва жамиятнинг ҳаёт-мамоти эканлигини қайд этишдан чарчамадилар.  

 

Бугун эса ана шундай механизм, чуқур ўйланган таъсирчан тизим яратилди. Таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, 2016 йилнинг охиридан мамлакатимизда бошланган янгиланишларнинг айнан коррупция балосидан қутқаришдан бошланганлиги жуда тўғри бўлди. Чунки, жамиятда амалга оширилиши мўлжалланган барча ислоҳотлар тақдири ўша машъум ҳолатни йўқ қилиш билан боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Қонунчилик палатасида 2016 йил 24 ноябрда тасдиқланган, ўша йилнинг 13 декабрида Сенат томонидан маъқулланган ва 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзоси билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда мазкур масаланинг ўта жиддий маънога эканлигига қаратилган яна бир эътибор эди. Ушбу фармонга биноан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Бу эса шубҳасиз, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлиги ва ҳаётбахш эканлигини таъминлаш йўлидаги дадил қадам эди. Шунингдек, соҳадаги ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш билан бирга халқаро рейтинглар ва индексларда юқорилашга ва юртимиз нуфузини яхшилашга хизмат қилмоқда. Масалан, 2022 йил учун “TRANSPARENCY INTERNATIONAL” ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индекси рейтингида Ўзбекистон 2021 йилда 2020 йилга нисбатан 7 поғона юқорилаб, 140 ўринни, 2022 йилда эса 14 поғонага юқорилаб, 126 ўринни эгаллади ҳамда индекс баҳосида қаторасига 5 йил давомида барқарор ўсишга эришди.

 

Бугун бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар туфайли, айниқса, коррупция ҳолати жуда авж олган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида меҳнат қилаётган юз минглаб ходимлар маошларининг оширилиши, улар меҳнатини муносиб баҳолаш механизмларининг яратилиши, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон жамиятида унинг илдизларини емиришда асосий рол ўйнайдиган коррупция ҳолатларининг таг-томири билан йўқ қилишга хизмат қилади.

 

Кеча одамларимиз ўз пешона тери билан ишлаб топган пул маблағини нақдлаштириш борасида азоб чекди. Банклар бу вазифани уддалаб беролмади. Дўконлардан махсулот оладиган бўлсак уларнинг нархини 10 фоизга қиммат баҳоларда олишга мажбур бўлдик. Бозорлардан махсулот сотиб олишдан ҳам мураккаброқ муаммо йўқ эди. Ўша пайтлари ҳаётимизда “обнальшик” деган “ишбилармонлар”нинг янги тоифаси юзага келди. Бундай ишбилармонлар пулни нақдлаштириш учун одамлар устидан 30, ҳатто 40 фоизгача судхўрлик қилишди. Биз эса чидашга мажбур эдик. Бу борада айниқса давлат секторида ишлайдиганлар, ўқитувчилар, соғлиқни сақлаш ходимлари энг кўп зарар кўрдилар. Оладиган маошнинг тайини, чўғи йўқ. Бироқ биз фарзандларимиз ризқини қийиб, катта-катта фоиз ҳисобига ўз меҳнатимиз эвазига ишлаб топган пулимизни қандайдир “ишбилармон”ларга беришга мажбур бўлдик.

 

Миллий валюта алмашинув жараёни ҳам жиддий равишда бузилган эди. “Қора бозор” савдоси авж олди. Бунинг натижасида савдо-сотиқ, тадбиркорлик ва ишбилармонлик жараёнларида сунъий тўсиқлар юзага келди.

 

Бугун эса ўша муаммо таг-туги билан ҳал бўлди. Барча қишлоқ-шаҳарларда банк карталаридаги пулларни нақдлаштиришнинг 24/7 тизими ишга тушди. Айни пайтда пул-кредит сиёсати соҳасида кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини сотиб олиш имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса  одамларда эртанги кунга бўлаган ишончини янада мустаҳкамлади.  

 

Кеча мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича муайян ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож фуқаролар рўйҳати тузилди, уларнинг муносиб турмушини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилди. Қатор-қатор дастурлар, концепциялар яратилди. Бироқ бу ишлар ўз самарасини бермади. Биз юқорида қайд этганимиз каби, камбағаллик даражаси пасаймади, аксинча, унинг салмоғи ортиб бораверди. Турар жойга эга бўлмаганлар сони йилдан-йилга кўпайиб борди. Ишсизлик муаммоси ҳал этилмади. Ҳар йилги хисоботларда иш билан таъминланганлар сони 700 мингдан бир миллион кишигача этиб тақдим этилган бўлсада, аммо реал ҳаётда уларнинг сони жуда кам эди.  Мамлакатда халқ манфаатларини ифода эта олмайдиган “давлат – жамият – инсон” тамойилига амал қилинди. Давлат қурилиши ва бошқаруви, барча сиёсий тузулмалар, уларнинг иш услублари ва фаолияти ҳам ана шу тамойил асосида шаклланган эди.

 

Бугун эса инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор ва муқаддас мақсадига айланди. Жамият қурилиши ва давлат бошқарувида ана шу муҳим ва эзгу ғояга суянилмоқда. Бундай сиёсат “Давлат – инсон учун” ва “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

 

Бугун давлат бюджетининг асосий қисми ижтимоий соҳага ажратилмоқда. 2023 йили давлат бюджетида 130 триллион сўм, яъни жами харажатларнинг салкам 50 фоизи ижтимоий соҳага ажратилган. Ижтимоий ҳимояга мухтож аҳолини, уларнинг ҳар бир қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим механизми жорий қилинди. Хусусан, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугун 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак бериляпти. Ажратилган маблағлар эса 7 бараварга кўпайди.

 

Алоҳида эътибор кам таъминланган оилалардаги болаларга қаратилмоқда. Бундай болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар оширилди.

 

Масаланинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 115- ва 122-моддалари билан аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари ҳуқуқий кучга айлантирилди. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар янги таҳрирдаги Конституциямизда 3 баробар ошди.

 

Ўзбекистон давлатининг аҳоли ижтимоий ҳимоясини тўлақонли равишда таъминлашга доир фаолиятида, сўзсиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1 июндаги фармони билан Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши катта воқеа бўлди. Бу – жуда катта, мисли кўрилмаган ютуқ.

 

Кеча минг йиллар давомида ўзаро қардошлик муносабатларини йўлга қўйиб келган, анъанавий тарзда борди-келди алоқалари асосида яшаб келган қардошларимиз – Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон давлатлари билан бўлган чегараларимиз тақа-тақ берк эди.  

 

Ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган ҳаётий мисол: 2014 йили Наманган вилоятининг Косонсой тумани ва Қирғизистон Республикаси чегарасида бир томонда муштипар она, чегаранинг нариги тарафида бир неча йиллар аввал қўшни давлатга келин бўлиб тушган ўша онанинг қизи бир-бирларига қараб юм-юм йиғлаб турибдилар. Келин ўз фарзандига тўй қиляпти. Она эса ўз набирасининг тўйида иштирок эта олмайди. Чунки чегарадан ўтиш мумкин эмас.

Бундай ҳолатни кўришнинг ўзи азоб. Афсуски, ана шундай вазиятни барча қўшни давлатлар чегараларида ҳам кўриш мумкин эди. Қанчадан-қанча ватандошларимизнинг юрак-бағри эзилиб кетмади-я...

 

Бугун эса сунъий равишда қўйилган ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашишига салбий таъсир кўрсатган барча тўсиқлар олиб ташланди. Тўғри, давлат чегаралари муқаддас ҳисобланади, уларни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиз. Масалан, Ўзбекистон бугун Қозоғистон билан 2356, Қирғизистон билан 1476, Тожикистон билан 1282, Туркманистон билан 1831 километр чегараларга эга. Уларнинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилиш фуқаролик вазифамиздир. Бироқ бугун бутун дунёда кучли глобаллашув кетаётган бир даврда у ёки давлатнинг фақат ўз қобиғида яшаши мутлақо мумкин эмас. Айниқса, асрлар давомида бир дарёдан сув ичиб, қиз бериб, қиз олган ўзбек-тожик, ўзбек-қозоқ, ўзбек-қирғиз, ўзбек-туркман оилаларини қандай қилиб ажратиб ташлаш мумкин?!

 

Шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватладилар, улар кучли сиёсий ирода намойиш қилдилар. 2017 йили Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар очила бошлади. 2019 йил ҳолатига келиб, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги барча 17 та назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланди. Ҳудди шундай ишлар бошқа қўшни давлатлар билан чегараларда ҳам амалга оширилди. Бунинг натижасида бир томондан, ҳар икки давлат фуқароларининг азалий дўстлик ришталари яна жонланди, узоқ йиллар бир-бирининг дийдорига тўймаган яқинлар, дўст-биродарлар яна яқинлашдилар.  

 

Кеча Ўзбекистонда кичик ватани – ўз уйига эга бўлмаган юз минглаб оилалар бор эди. Одамларни муносиб уй-жой билан таъминлаш ҳақида кўп гаплар бўлган бўлса-да, бироқ мазкур масалани реал ҳаётда амалга ошириш имкони бўлмади. Ўша пайтларда турли оилалардаги ҳаёт тарзидан хабаримиз бор – каталакдек кичик уйларда уч, тўртталаб оилалар ўнлаб ёш болалари билан истиқомат қилар, муносиб турмуш учун уларда на санитария-гигиена қоидаларига амал қилинар, на нормал ижтимоий муҳит бор эди. Ҳаётнинг оғирлигидан оилавий келишмовчиликлар кучайиб, ажралишлар салмоғи эса йилдан-йилга ортиб борарди.

 

Келинг, яхшиси, биргина мисол келтирайлик: 1991 – 2016 йилларда Тошкент шаҳрида 77,2 минг хонадонли 1287 та кўп қаватли уйлар қурилди холос. Тошкент шаҳридек азим маконда бу рақам денгиздан томчи эди. Уй-жойга мухтож бўлганларни ҳар бир тоифадаги фуқаролар ичидан топса бўларди. Қанчадан-қанча олимлар, зиёлилар, ҳатто мамлакат ва миллат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлганлар уй қидириб сарсон-саргардон бўлдилар. Ахир буни унутиб бўладими?! Яқин тарих-ку!

 

Бугун мамлакатимиз катта қурилиш майдонига айланди. Натижада сўнгги 6 йилда мамлакатимиз бўйича 300 мингта ёки аввалги йилларга қарганда 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, барчасида жадал равишда уй-жой қурилиши давом этмоқда. Баъзан одам ҳайрон қолади: наҳотки, Ўзбекистонда ўз кичик ватани – уй-жойига эга бўлмаганлар шунчалик кўп бўлса?! Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай эди. Бугун Ўзбекистонда ҳар бир оилани уй билан таъминлаш давлат олдидаги энг катта вазифага айланди. Шу маънода, 2023 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни алоҳида таъкидлаш лозим. Одамларни уй-жойлар билан таъминлашда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” ва бошқа давлат дастурлари доирасида қурилган массивларнинг бўш ерларида кўп қаватли уй-жойлар қуриш давом эттирилади ва 2023 йилда қуриш ҳажмлари 90 мингтага етказилади. Биргина жорий йилда 38 та “Янги Ўзбекистон” массивларида 31 мингта, бошқа давлат дастурларидаги массивларда 8 мингта, ҳусусий пудрат ташкилотлари ҳисобидан 51 мингта квартиралар қурилиши белгиланди. Келгуси етти йилда 15 миллиард АҚШ доллари йўналтириш ҳисобига, қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилиши таъминланади. Бу том маънода буюк ғалаба бўлади.

 

Кеча миллий маданиятимиз аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш борасида маълум даражада иш олиб борган бўлса-да, бироқ бу борада тўлақонли фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўлмади. Кўплаб ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилинган бўлса-да, уларнинг самарадорлик даражаси паст бўлди.  Маданият масканларини бошқаришнинг ҳуқуқий базаси жуда эскирган, маданият ва санъат ходимларини ижтимоий ҳимоялаш тизими яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Узоқ йиллар давомида “Маданият тўғрисида”ги Қонун қабул қилинмади.

 

Бугун эса маданият ва санъат том маънода давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2017-2023 йиллар мобайнида маданият ва санъат соҳасига оид 4 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 35 тадан ортиқ фармон ва қарорлари, Ҳукуматнинг 100 дан ортиқ қарор ва фармойиши қабул қилинди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора 2021 йил 23 январда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилди. Илк маротаба 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди. Миллий ва жаҳон маданияти намуналари билан аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика Бахшичилик санъати марказлари ҳамда унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада институти, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилди. Адолат юзасидан қайд этиш лозимки, узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон санъатига бунчалик даражада катта эътибор берилмаган эди.

 

Кеча мамлакат таълим тизими муаммолар гирдобида ўралашиб қолган эди. 2016 йилда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиздан ошмас эди. Бундай муассасаларнинг моддий-техник базаси ўта ночор бўлиб, уларнинг бинолари деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган, боғчаларни малакали тарбиячилар билан таъминлаш ҳолати барчани ташвишга солар эди. Хусусий мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш амри маҳол эди. Мактаб таълим тизимидаги аҳвол эса ундан ҳам баттар эди. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастури замонавий талабларга жавоб бермас, унинг концептуал жиҳатлари аллақачонлар эскирган бўлиб, самарадорлик даражаси жуда паст эди. Таълимга замонавий методикани олиб кириш масаласи эса ўткир муаммо бўлиб қолаверди. Мактабларда таълим сифатининг пастлиги, хориж тажрибасига беэътиборлик, мажбурий меҳнатнинг авж олганлиги, ойлик маошлар ҳажмининг ўта камлиги туфайли ўқитувчилар, айниқса, эркак ўқитувчилар таълим муассасаларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

 

Касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш бирор-бир натижа ва самара бермади. Узоқ йиллар давомида бундай таълим муассасаларида миллионлаб ўғил-қизларимиз таълим ва касб-ҳунар эгаллаган бўлсалар-да, унинг натижаси жамиятни қониқтирмади. Олий таълим тизимидаги аҳвол ҳам деярли қониқарсиз эди. 2016 йилги маълумотларга кўра ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан ошмади. Шу даврда мамлакатимизда бирорта ҳам нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилмади. Сиртқи таълим тизими ёпилди.

 

Бугун эса таълим тизими том маънода янгиланмоқда. 2023 йилги маълумотларга кўра болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72 фоизга етди. Мактаб таълимида қисқа вақт ичида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди, 200 га яқин мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил этилди.

 

Таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, мактабларга минглаб хорижий муаллимларнинг таклиф этилиши мактаб таълимининг яхшиланишида алоҳида рол ўйнади. Айниқса, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг кўрилиши ушбу соҳа мутахассисларининг нуфузини янада оширди.

 

2022 йилги маълумотларга кўра ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 38 фоизга ёки 4,2 баробарга ортди. Олий таълим муассасаларининг сони 2016 йилдаги 77 тадан бугунги кунда 210 тага ошди. Шунингдек, 65 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилди, хорижий олий таълим муассасалари сони 4,2 баробар кўпайди.

 

Яна шу нарсани қайд этиш лозимки, қисқа вақт ичида авваллари биз учун мутлақо нотаниш бўлган, бизнинг тассаввуримизда ҳам бўлмаган, моҳиятан янги тушунчалар, атамалар пайдо бўлди. Гап “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”, “Президент Халқ қабулхоналари”, “Ижтимоий ахлоқ”, “Маърифатли жамият”, “Янги маънавий макон”, “Давлат – инсон учун” каби кўплаб янги атамалар номланиши хусусида ҳам эмас. Энг асосийси, бугун шу каби тушунчалар мамлакатимиз аҳолисининг реал ҳаётига тўлиқ кириб келганлиги, улар халқимиз ҳаётида аниқ самара ва натижалар бераётганлигидадир. Аслида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун”, деган бош ғоянинг рўёби ҳам шунда, деб ўйлаймиз.

 

                                                        Абдухалил МАВРУЛОВ,

                                             тарих фанлари доктори, профессор



“Oyina.uz”ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси