Ўзбекистондаги дам олиш учун энг яхши масканлар ТОП-10 талиги


Сақлаш
00:07 / 22.07.2023 2579 0

Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти юқорилиги, тарихий обидалар, хушманзара жойларга бойлиги ҳақида кўп ва ҳўп гапирганмиз. Шу сабаб яқинда ижтимоий тармоқларда ўтказилган “Ўзбекистоннинг туристик масканларидан бохабарлик” ҳақидаги кичик сўровноманинг натижалари ҳам кутилмаган, шу билан бирга кутилгандек бўлиб чиқди: аксар юртдошларимиз саёҳат қилиш мумкин бўлган жойлар деганда, фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванигина билишади. Шу сўровнома турткиси сабаб, 35 кун узликсиз давом этган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” лойиҳасида юртимиздаги турли гўзал масканларга саёҳат уюштирилди.

 

Oyina.uz саёҳат давомида борилган ва ҳар бир юртдошимиз ташриф буюриши керак бўлган дам олиш учун энг зўр масканларнинг ТОП-10 талигини келтириб ўтади.

 

10. Амирсой. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган ушбу туристик комплекснинг асосий хусусияти тоғ чўққисида жойлашгани бўлиб, бу ерда салқин ва мусаффо тоғ ҳавосидан нафас олишингиз ҳамда замонавий канат орқали тоғ чўққисига кўтарилиб, бетакрор манзаралардан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Комплекс қишда чанғи спорти билан шуғулланувчилар учун ҳам хизмат кўрсатади, аммо бу ерда катта (очиқ) сув ҳавзаси яъни кўл мавжуд эмас. Нархлар бошқа дам олиш масканларига нисбатан қиммат.

 

 

9. Тошкент денгизи. Тошкент вилоятининг Туябўғиз сув омборига сув тўлиши эвазига ҳосил бўлган дам олиш маскани. Халқ тилида “Ташморе” деб аталадиган ушбу кўл жуда катта ҳудудни эгаллаган бўлиб, соҳили дам олиш ва чўмилиш учун жуда қулай. Кўл саёз бўлгани учун сув ҳарорати илиқ ва нисбатан хавфсиз. Тошкент шаҳридан бор йўғи 1 соатлик йўл (50км) узоқликда жойлашган ушбу ҳудуд шаҳар шовқинидан чарчаган, иссиқдан қочиб салқин жой ахтарганлар учун айни муддао. Бу ерда шунчаки дам олишингиз ёки соҳил бўйида “пикник” уюштиришингиз мумкин. Шунингдек, кўлда сайр қилиш учун қайиқ ва бошқа аттракцион хизматлар ҳам йўлга қўйилган. Нархлар ўртача.

 

 

8. Айдаркўл. Жиззах ҳамда Навоий вилоятларида жойлашган Ўзбекистондаги энг катта сув ҳавзаси. Етиб бориш узоқ ва бирмунча ноқулайлигини айтмаса, соҳил бўйида дам олишни истовчилар учун ажойиб маскан. Айдаркўл ҳавзаси бўйида ҳар икки вилоят томонида ҳам бир нечта дам олиш жойлари қурилган. Ҳудуднинг ажойиб томонларидан бири, шахсий автомобилингизда борсангиз, соҳил бўйида бемалол чодир қуриб дам олсангиз бўлади. Нисбатан илиқ ва соҳилга яқин жойлари саёз бўлган кўлда эса ёш болалар ҳам бемалол сузишлари мумкин. Бироқ, шаҳардан узоқлиги сабаб масканда инфраструктура яхши йўлга қўйилмагани яққол сезилади. Шунингдек, кўлда қайиқ ва бошқа сув транспорт воситаларида ҳаракатланиш тақиқланган.

 

 

7. Хонобод. Бу кичик шаҳарча Ўзбекистонинг энг шарқий нуқтасида, яқинда Қирғизистон билан тузилган чегара битимига кўра, тўлиқ Ўзбекистон ҳудуди деб белгиланган Андижон (Кампирвот) улкан сув омборининг этагида жойлашган. Шунданми, шаҳарча худди Европа шаҳарларидек ям-яшил, дарахтлар ўрмонмисол зич ва баланд. Ҳарорат қанчалар баланд бўлмасин, атрофдаги серсоя атмосфера ҳисобига сиз уни деярли ҳис этмайсиз. Қушларнинг навбат талашиб сайраши дилга ҳуш ёқади. Айниқса, боғ ҳудудида сайр этиш сизга унутилмас онларни бахш этиши аниқ. Хаёлингизда тарихда хонлар бежиз бу ерларга дам олиш учун келмаган экан, деган ўй айланади. Бироқ, шаҳарда катта кўл мавжуд эмас, сув омбори ҳавзасида эса чўмилишга рухсат берилмайди.

 

 

6. Бойсун тоғ канёни. Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги Дарбанд дарасидан Мачай ғори томон ҳаракатланганда йўл сизни улкан тоғлар бағрига олиб кириб кетади. Ичкарида ўта ноёб табиат гўзаллигига гувоҳ бўласиз: икки тарафингизда худди чизиб қўйилгандек қизғиш ранг баланд тоғ ва йўл ёқалаб юқоридан оқиб тушаётган шарқироқ сой манзарасида одам ўзини тушь кўраётгандек ҳис қилади. Бундай гўзалликни Ўзбекистонинг бошқа еридан топа олмайсиз. Сал тепароқда муздеккина, Хожаимайхона булоғининг шифобахш суви гўё танангиздаги ғуборларни ювиб кетгандек бўлади. Ундан ҳам юқорилаб чиқилганда, Мачай дараси келади. Дарада тошлар оралаб сайр қилган киши бу манзараларни бир умр унутмайди. Ҳудудда дам олиш учун алоҳида жойлар бор, аммо егуликни ўзингиз билан олиб келишингиз лозим. Саёз бироқ тез оқувчи сой суви жуда муздеклиги ҳисобига чўмилиш деярли имконсиз. Хуллас, экстремалга яқин дам олишни хоҳловчилар учун ажойиб маскан.

 

 

5. Чодак. Наманган вилояти, Поп туманида, шундоққина Қамчиқ довонидан тушаверишда чап томонда жойлашган баҳаво қишлоқ. Бу ер ўзининг сўлим табиати ва мусаффо тоғ ҳавоси билан ажралиб туради. Чодакда сой бўйига, ҳаттоки устига ўрнатилган айвонли хонадонларни ижарага олишингиз ёки шу каби ошхоналарда овқатланишингиз мумкин. Қишлоқ юқорисида жойлашган “Мўъжиза” деб номланган шаршара ҳам сизга унутилмас завқ беролади. Ундан ҳам тепароқда эса Ўзбекистондаги илк шиша кўприкка дуч келасиз. Адреналин ишқибозлари учун экстремал имконият! Шунингдек, бу ерда болалар учун ҳам аттракционлар фаолияти йўлга қўйилган. Хуллас, қишлоқ оилавий дам олишни истаганлар учун энг мақбул масканлардан бири.

 

 

4. Нанай. Шундоққина Қирғизистон тоғлари биқинида, Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида жойлашган қишлоққа яқинлашганингиз сари горизонтда гўзал тоғ манзарасининг гувоҳи бўласиз. Манзилга етиб борганингизда эса атрофдаги табиий кўкаламзорлик ва мусаффо тоғ ҳавоси сеҳрлаб қўяди гўё. Бу ерда дам олувчилар учун ижарага берилувчи хонадонлар билан бирга, меҳмонларга тоза қирғиз қимизи ва бешбармоғидан тортиқ қиладиган сўлим тамаддихоналар ҳам бор. Қишлоқ йўли бўйлаб чўмилиш мумкин бўлган ўртача чуқурликдаги сой оқиб ўтади. Шунингдек, бу ерда от минган чавандозларни кўп учратасиз, истасангиз, пул тўлаб ўзингиз ҳам уларнинг сафига қўшилишингиз мумкин. Ёввойи табиат билан ёлғиз қолишни истаганлар эса тоғнинг тепасига чиқиб “пикник” уюштириши, бетакрор манзарадан баҳра олишлари мумкин.

 

 

3. Чорвоқ. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган шу номдаги улкан сув омбори ҳавзаси атрофида тоза тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлишингиз ва чўмилиб ҳордиқ чиқаришингиз мумкин. Дам олувчилар учун яхта, қайиқ ва скутерда сайр этиш хизматлари мавжуд. Айтиш керакки, бу турдаги хизматларни юртимизнинг бошқа ҳудудларидан топиш қийин. Умуман олганда, Чорвоқда инфраструктура ва хизмат кўрсатиш сифати деярли пойтахтникидек. Шу боис ёз мавсумида бу ерда дам олувчилар сони жуда кўп бўлиб, нархлар ҳам шунга мутаносиб баландроқ. Бу ерда дам олиш учун танлов кенг – соҳил бўйидаги сўрилардан тортиб, хонадон ва дачалар ижараси ҳамда алоҳида люкс категориядаги курорт зоналарни топиш мумкин.

 

 

2. Зомин. Жиззах вилоятининг “Зомин тоғлари” ўзининг ноёб табиати билан ташриф буюрувчиларни лол қолдириб келади. Арчазорлар билан бурканган баланд тоғлар бўйлаб ичкарига кириб борганингиз сари ҳавонинг софлигини, нафас олганингизда танангиз яйраётганини ҳис эта бошлайсиз. Тепаликка кўтарилганингиз сари тоғларнинг мафтункорлиги ортиб бораверади. Бекорга Зомин “Ўзбекистон Швейцарияси” деб аталмаганига гувоҳ бўласиз. Салқинлик, сокинлик ва тоза тоғ ҳавосида дам олишни истаганлар учун Зомин ажойиб танлов. Бу ерда маҳаллий аҳоли хонадонларининг айвонларини ижарага олиш, алоҳида кемпинг ёки замонавий меҳмонхоналарда қолиш мумкин. Тоғларнинг катта қисми ўрмон қўриқхонаси бўлгани учун олов ёқиш тақиқланган. Шу боис белгиланган ҳудудлардан бошқа жойларда дам олиш тавсия этилмайди. Меҳмонхоналарни ҳисобга олмаганда, нархларнинг ҳамёнбоплиги эса жонингизни киритади.

 

 

1. Ўзбекистон Швейцарияси деб нисбат бериладиган яна бир маскан –Шоҳимардон. Фарғона вилояти Фарғона туманида жойлашган Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги эксклавига ўтиш учун Қирғизистон ҳудудидан кесиб ўтиш лозим. Шу боис Шоҳимардонга бориш учун хорижга чиқиш паспорти талаб этилади. Водил орқали чегарадан пиёда ёки шахсий автомобилда ўтиш мумкин. Аввал чегарадан чиқиб, Қирғизистонга кирасиз ва 20 кмдан сўнг яна Ўзбекистонга яъни Шоҳимардонга кириб борасиз. Шу тариқа манзилга етиб боргунча 4 марта постдан ўтилади. Қайтишда ҳам шу ҳолат такрорланади. Тўғри, етиб бориш бироз машаққатли жараён, бироқ Шоҳимардондаги бетакрор ва ноёб табиат манзарасини кўрибоқ, барчасини унутасиз. Атрофдаги гўзаллик монитордан чарчаган кўзларингизга ҳузур берса, шарқираб оқаётган сойнинг товуши асабларингизга малҳам бўлади. Олаётган нафасингиз софлигидан танангиз ором олади.

 

 

Шоҳимардонда уникал табиат комплексига гувоҳ бўласиз – бир томон улкан тошли, бошқа томон ўрмонли тоғлар билан қопланган, бир ён шарқироқ сойли адирлик бўлса, тоғлар тепасида улкан Қуббон кўли ҳосил бўлган. Бу ерга келган шаҳар шовқини ва цивилизациядан чарчаган киши ўз уйини топгандек, ўзини ёввойи табиатга сингиб кетгандек ҳис эта бошлайди. Шоҳимардонда, албатта, бир кун қолиб тонг оттириш тавсия этилади. Ишонинг, бу ҳаётингизнинг энг унутилмас онлари бўлиб қолади. Бунинг учун нархи у қадар қиммат бўлмаган хонадонлар ёки дачаларда қолишингиз мумкин. Шунингдек, тоғ ёнбағирларида чодир қуриб дам олишга ҳам имкон бор.

 

 

Айтиш керакки, ушбу 10 масканнинг ҳар бирига қилинган бир кунлик саёҳат сизга бир умрлик таассурот ва гўзал хотираларни улаша олади. Шундай экан, телевизор ё монитор қаршисидан узоқлашиб саёҳатга чиқишингизни ва ҳаётингизни ёрқин саҳифалар билан бойитишингизни тавсия қиламиз.

Обиджон ЛАТИПОВ.

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси