Бу курашда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ. Ўзбек жамиятидаги дилеммалар


Сақлаш
10:04 / 26.04.2023 728 0

Жамиятимиз иккита қарама-қарши позицияга эга асос, яъни дилеммаларга тўла. Тарафларнинг кўринмас кураши кеча ёки бугун бошланмаган. Реал вазиятлар ва турли таъсирлар остидаги одамлар табиатида ҳақлик ва ноҳақлик тушунчалари узоқ йиллардан бери тўқнашиб келмоқда.

 

Oyina.uz колумнисти Сирожиддин Рустамов бугун жамиятимиз қарашларига сингиб кетган дилеммаларни таҳлил қилишга уринади.

 

Аёллар ва эркаклар

 

 

Энг кўп баҳслар остида қоладиган дилемма жамиятдаги аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тарозиси билан боғлиқ. Бир томондан, гендер тенглиги йўлидаги ҳаракатлар аёллар учун алоҳида “бонуслар” ишлаб чиқади, бошқа томондан эса жамият аёллар учун сунъий тўсиқлар яратади. Сир эмаски, оилада, меҳнат муносабатларида, мансаб ва масъулиятли лавозимларда эркаклар олғирроқ... Бу миллатга хос азалий қадриятлар натижаси. Эркаклар нуқтаи назари бўйича аёллар бир қадам орқада бўлгани тўғрироқ. Бу фикрни қўллаб-қувватлайдиган аёллар йўқ эмас. Лекин ўз имкониятларини эркаклардан юқори баҳолайдиганлар ҳам топилади.

 

Масалан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўз чиқишларининг бирида “Ўйлайманки, бизда битта аёл қиладиган ишни, хафа бўлманглар, ўнта эркак ҳам қила олмайди” деган эди ва бу фикр тарафларнинг турли муҳокамаларига сабаб бўлган.

 

Келинлар ва қайноналар

 

 

Тренддаги маҳаллий сюжетларнинг навбатчи персонажлари ўртасида чин маънода дилемма мавжуд. Одамлар айтишадики, қайнона ҳеч қачон она, келин эса қиз бўлолмайди. Бу фикр кўп ҳолларда ўзини оқлайди. Масалан, ўз онамиз дакки беришини тўғри тушунамиз, лекин қайнонанинг дакки бериши зулм билан баробар. Ёки фарзандимиз эркалик қилишини тўғри қабул қиламиз, лекин келиннинг эркалик қилиши учига чиққан сурбетлик. Маълум бўладики, аксарият қайнона-келинларнинг психологияси айнан рақобат ва зиддият формуласига мосланган. Шундай экан, ҳар икки тараф ўзича ҳақ ва ҳар икки тараф курашда “жабр” кўради.

 

Бир қарашда маиший даражадаги бу дилемманинг таъсири сабаб қанчадан-қанча оилалар бузилади, фарзандлар ота-онасидан айрилади... Сўнгги йилларда машмашалар соясида фожиавий тўқнашувлар ҳам содир бўлаяпти.

 

Аслини олганда, жамиятдаги муносабатларни тартибга солишдан олдин ўз оиламиздаги зиддиятларга барҳам беришимиз лозим.

 

Пойтахтликлар ва вилоятликлар

 

 

Кўнгилни хира қилувчи яна бир дилемма иштирокчилари пойтахтликлар ва вилоятликлар. Умуман олганда, пойтахтда қолган вилоятликлар мавзусини аския қилиш тенденцияга айланган. Сюжетларда эса асосан вилоятликлар камситилади: ёки шевасини унутган, ёки босар-тусарини билмай қолган, ёки шаҳар маданиятини ўзлаштира олмаган чапани қиёфаларда намоён бўлишади. Реал ҳаётда ҳам баъзи Тошкент одамлари вилоятликларнинг эркинлигига норозилик билан қарашади. Худдики шаҳарни улардан “ҳимоя” қилмоқчи бўлишади. Вилоятликларга ҳатто “аватар”, “индейс” деб лақаб ҳам қўйишган. Вилоятликлар эса кўпинча пойтахт аҳлини такаббур, ёлғончи ва “қуруқ” одамлар дея сифатлайди. Замонавий шароитда яшаётгани учун шаҳарликлар баъзи қишлоқ одамларининг ғашини келтириши ҳам мумкин. Хуллас, айб кимдандир қидирилади.

 

Умуман олганда, маҳаллийчилик ва тарафкашлик бошқа вилоятлар ўртасида ҳам учраб туради. Бу худди Ватан ичида Ватан талашишга ўхшайди. Томонларнинг ҳақиқатини бу борада оқлаб бўлмайди.

 

Диндорлар ва либераллар

 

 

Аслида турли дин вакиллари ўртасида ўз эътиқодини устун қўйиш борасида асосий дилемма мавжуд. Лекин эътиборни бошқа тарафга қаратамиз. Бугун жамиятимизда диндор ва дин борасида либерал фикрлайдиган икки қатлам ўртасида ҳам кўринмас тўқнашувлар бўлиб туради. Кимлардир тўла шариат асосида яшаш тарафдори,  кимлардир дунёвий давлат тамойилларига таяниб динга эркинроқ ёндашадилар. Масалан, бир шахснинг замонавий видеоси остида тахминан икки хил изоҳга кўзингиз тушади:

        Видео жуда яхши чиқибди, ижодингизга омад;

        Эссиз вақт... Ундан кўра ибодат қилсангиз бўлмайдими?

 

Бу реал дилемма, шубҳасиз, бу вазиятда ҳақ ва ноҳақларни аниқлашнинг имкони йўқ.

 

Ёшлар ва кексалар

 

 

 

 

Жамиятда бир-бирига қарама қарши фикрлайдиган яна бир муҳим қатлам – ёшлар ва кексалардир. Ёшлар кексалардаги принципларни қабул қила олишмайди, кексалар ёшлардаги бебошликка тоқат қила олмайди. Бу икки қатламни қабул қилишда ҳам фикрлар икки хил: кимдир катта авлоддаги тажриба ва донишмандликни устун қўйса, кимдир ёшлардаги энергия ва янгиликка мойилликни қадрлайди. Баъзида икки тараф ҳам ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга уринади. Масалан, талабаликда ижодий қарашларимизга паст баҳо берган устозларимизни кексаликда ва қотиб қолганликда айблардик. Ишонч билан ҳукм ҳам чиқарардик:

 

– Ўрнини эгаллаб олишимдан қўрқади!..

 

Худди шундай, катта авлодга ёш раҳбарлар томонидан бироз замонавий талаб қўйилса, ҳақиқий тушкунлик бошланади:

 

– Ёшимиз бир жойга бориб қолди, ёшлар бизни атай четга чиқаришмоқчи...

 

Бир қарашда томонларнинг ўз ҳақиқатлари бор ва бу курашда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ.

 

Педагоглар ва талабалар

 

 

Ёш ва даврлар билан боғлиқ дилемманинг яна бир кўриниш бор. Дейлик, таълим соҳаси мисолида изоҳлаймиз. Бир томонда, ўқитувчилар талабалар устидан шикоят қилишади:

        Ҳозиргиларга ўқиш керак эмас... Калла бўм-бўш!

 

Бошқа томонда, талабалар ўқитувчиларидан норози:

 

        Дарс ўтишни билмайди... Умуман, ўз устида ишламайди!

 

Сиз ҳам тушундингиз, навбатдаги кураш қаҳрамонлари талабалар ва ўқитувчилар. Таълим соҳасига бегона бўлмаган ҳар қандай инсон бу курашдан четда қолмаган. Аслида айбни бошқалардан эмас, ўзидан қидирадиган жамиятга айланган кунимиз бу дилемма ўз аҳамиятини йўқотади.

 

Беморлар ва шифокорлар

 

Ҳар бир соҳада маълум дилеммага дуч келиш мумкин. Катта эҳтимол билан, улар стереотиплар, қадриятлар ёки ҳўл-у қуруқ баравар ёнган вазиятлар орқали вужудга келган. Масалан, тиббиёт соҳасида шифокор ва беморларнинг ҳақиқатлари тўқнашади.

 

Шифокорлар айтади:

        Одамлар соғлиғини қадрига етмайди ва йиқилиб қолсагина шифокорга мурожаат қилишади...

 

Беморлар айтади:

        Ҳозирги шифокорларнинг дард-у ҳаёли пул, улардан даво топиб бўлмайди.

 

Яъни, бу ўринда ҳам томонлар айбни бир-бирига тўнкашади. Айнан мана шу дилемма таъсирида ёқимсиз воқеалар ҳам тез-тез содир бўлиб турибди: шифокор беморга қўполлик қиляпти ёки унинг ҳаётини сақлаб қола олмаяпти; бемор ва унинг яқинлари эса шифокорларга таҳдид қилмоқда ёки калтаклаяпти.

 

Одамлар бу дилеммани йўқолишига умид ҳам қилмай қўйишган.

 

Пиёдалар ва ҳайдовчилар

 

Тирбанд шаҳар кўчаларида бу тарафларнинг тўқнашувлари авжига чиқиб бораяпти. Инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат шуки, агар сиз рулда бўлсангиз, пиёда ноҳақ, агар сиз пиёда бўлсангиз ҳайдовчи ноҳақ. Бошқача айтганда, ҳайдовчининг назарида ҳамма пиёдалар йўл қоидасини бузади ва пиёдалар йўлакчасида имиллайди. Пиёдаларнинг ҳақиқатига кўра ҳайдовчиларнинг аксарияти “ўпкасини босолмайди”. Ачинарлиси, бу дилемма атрофидаги қурбонлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Реал вазият сўнгги ҳукмни чиқаради: икки тараф ҳам шунчаки сувдан қуруқ чиқиб кета олмайди.

 

Мансабдорлар ва халқ

 

Мансабдорлар ва халқ – бутун жамиятнинг яхлит икки қатлами. Улар бир-бирига узвий боғлиқ. Шундай бўлса-да, ўртада катта бир жарлик пайдо бўлган. Мансабдорлар учун халқ доим негатив, аламзада, яхшиликни билмайдиган ва дангаса хусусиятларида гавдаланади. Халқ учун эса мансабдорлар доим бепарво, ўзини ўйлайдиган, ўзгалар ҳаққини ўзлаштириб оладиган, қўпол ва қўрс шахслардир. 

 

 

Афсуски, бу сифатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Мансабдорлар ёки халқ орасидаги ижобий “қаҳрамонлар” ҳам кўп ҳолларда мана шу сифатлар соясида қолиб кетишади. Энг ёмони, кўринмас зиддиятларнинг таъсирида икки қатлам тобора бир-биридан узоқлашиб кетаверади. Бир-биридан қўрқишади ёки нафратланишади. Керак бўлса, бир-бирининг мусибатидан ҳузурланишади. Тўқнашувлар оқибатида мансабдорлар халқ ишончини, халқ эса мансабдорларнинг хайрихоҳлигини йўқотиб қўяди. Тан олайлик, бу жуда хавфли сигнал.

 

Маълум дилеммалар вақт омили ёки қадриятлар алмашинуви таъсирида йўқолиб бориши мумкин. Лекин аксарияти охири кўринмайдиган курашга қурилган. Юқоридаги таҳлилдан маълум бўладики, дилеммаларнинг сабаби икки турдаги феъл-атворга бориб тақалади:

 

        айбни ўзгалардан қидириш;

        кибр ва худбинлик.

 

Агар жамиятимизни тўзиб кетган уйга қиёс қиладиган бўлсак, билингки, ҳеч ким четдан келиб тартибга келтириб бермайди. Ҳамма гап ўзимизда. Ана энди ўйлаб кўринг. Кибр ва худбинликни четга суриб тартиб ўрнатамизми ёки тўзиб ётган “уйда” яшайверамизми?

 

Сирожиддин РУСТАМОВ.

Oyina.uz

Фото: Холида МУСУЛМОНОВА

Суратда: ЎзЖОКУ талабалари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси