“Келажак ҳақида ўйлагим ҳам келмайди” – Варганза мардикор бозоридан ёлғонсиз ҳикоялар


Сақлаш
17:04 / 13.04.2023 774 0

Мардикор бозорида савдо қизиган. Бу ерда ўн беш-ўн олти яшар ўсмирларни ҳам, олтмишни қоралаб қолган кишиларни ҳам учратасиз. Кўпчиликнинг қўлтиғига оқ сумка қистирилган... Кўзлар атрофга иш излаб, олазарак боқади... Китоб туманининг Варганзасида қишин-ёзин иш топилади. Ўзи катта, бой қишлоқ, аҳолиси эса савдогар, уддабурон кишилар. Мардикорлар асосан туманнинг бошқа жойларидан, қўшни Чироқчидан ҳам келишади. Ҳамманинг истаги бир: қош қорайгунча уйга нимадир олиб қайтиш.

 

«Мардикор бозориям худди мол бозорига ўхшаб қолди, чироғим» – Шомурод ака ҳикояси

 

Шомурод ака бир кам олтмишга кирган. Соқоли тоза қирилган бўлсада, кўзлари киртайган, қадди букилган, юзини ажин босган, ингичка қўллари қарилигини сездириб қўяди.

 

– Мардикор бозориям худди мол, от бозорига ўхшаб қолди, чироғим, – дейди у ва ёнидаги норғул йигитни қўлини бигиз қилиб кўрсатиб гапида давом этади: – Мана шу йигит бир кунда 200 минг сўмгача топади. Бозори чаққон. Бекор қолмайди, ишчи излаб келган борки, унинг куч ўйнаб турган билакларига маҳлиё бўлади. Менчи? Олтмишни урган бир чолман. Баъзан йўлимда аранг юраман. Афсус, ўттиз йиллар аввал колхозда ишлаган пайтимда бу ёшимда келиннинг қўлидан чой ичиб, невараларни эркалаб ўтираман, деб хаёл қилардим. Аммо...

 

Ёлғиз ўғлим бор. Суйганига уйлантирдим. Қайнона-келин келиша олмади. Дунёда ҳамма тўполон бир ён, икки аёлнинг жанжали бир ён бўларкан. Ўзим табиатан юмшоқфеъл одамман, бировга бақириб гапиришни ёқтирмайман. Лекин ора-сирада қаттиққўллик, чўрткесарлик керак экан, чироғим. Ўғил жонивор икки ўртада эзилиб кетмасин, дедимда, қишлоқнинг четидан томорқа олиб, шарт икки хона уй солдим, ёшларни ўша ёққа кўчирдим. Қулоқку тинчиди, лекин ўғлим кўчиб кетгач, тирикчилик гардани бутунлай елкамга тушди.

 

Тинмайман, қишлоқда жамики ишни қиламан, сувоқчилик, ғишт қўйиш, ариқ қазиш, мироблик, боғбонлик... Тонг қоронғисида даштдан беда ўриб келиб сотдим ҳам. Ёшлардек Россияга ишга кета олмайман, ҳатто Тошкентниям орзу қилмайман. Узоқроққа чиқсам, касал-пасал тегиб, бирор нима бўлиб қолишдан қўрқаман. Кўпчилик аҳволимни кўриб, ишга олиб кетгиси келмаганидан арзонга бўлсаям кўнавераман. Чап қўл ўлгур яхши ишламайди. Тўрт йилча аввал, бир жойга лўмбозга боргандик. Ҳаммаси ёш, кучли йигитлар, мени юзхотир қилиб, қўшиб олишганди. Ёш тана, ўйноқида, биттаси лой тўла пақирни куч билан отди... Илиб оламан деб бўларим бўлди... Ҳартугул, инсоф қилиб, пулни тенг бўлиб, менгаям ҳақимни беришди...

 

«Ёшлар ундай, ёшлар бундай», дейишади. Бу гапларга қўшилмайман. Мана, ёшлар ишлаяпти: биз буларнинг ёшида ўйнаб-кулиб юрганмиз. Ҳозир сигир ҳам пул деб кавш қайтаради. Ҳамма пул дардида. Бугун иш ололмайман, чоғи. Кампир жаврайдиган бўлдида...

 

«Машина олдик, иморат солдик. Аммо мардикор бўлиб қолавердик» – йигирма олти ёш Беҳрузнинг ҳикояси

 

Беҳруз йигирма олти ёшда, норғул, елкалари кенг йигит. Унда Шомурод акадаги ҳорғинлик, чарчоқ унча сезилмайди.

 

– Россия, Қозоғистон, Тошкентда мардикорчилик қилганман. Бундай ўйлаб қарасам, энг кўп Олмаотада ишлаган эканман. Тоғлар бағрида жойлашган чиройли шаҳар, у ерда «участка» қурганмиз. Коллеж вақтидан пул топиш ҳаракатидаман, – дейди йигит. – Ўқиш? Ўқиб бири икки бўлганларни жуда кам кўрдим. Омади келгани, иши ўхшагани яхши яшаяпти. Мен ҳам университетга ҳужжат топширгандим, аммо имтиҳонга бормаганман. Ўша куни яхшигина соққали иш чиқиб қолганди. Отамга маслаҳат солдим. Бироз кайфи бор эди, ўқиб шаҳар олиб берармидинг, қабилида ўн беш дақиқа нутқ сўзладида, ишга боришимни буюрди. Ўша куни ўқиб, катта одам бўлишдан буткул умидимни уздим, қора меҳнатга кириб кетдим.

 

Айтганимдек, Олмаотада бетон қуйдик, ғишт тердик, қора-сувоқ қилдик... Иккита укам бор. Машина олдик, участка солдик. Аммо мардикор бўлиб қолавердик. Машинамиз қўр тўкиб, уйда турибди. Кўчага миниб чиқай десак, шу бугун топган пулимнинг ярмини бензинга, устага харажат қиламан. Қишлоғимизда деярли ҳамманинг янги иморати бор, машинаси бор... Лекин кўпчилик қора ишчи, Магадан, Камчатка деган жойларгача боришади.

 

Ҳозир Россияда, Қозоғистоннинг шимолида совуқ. Остона, Оқтўбе каби жойларнинг қаҳратони олдида Москваники ҳам ҳеч нарса эмас. Ташқарида ишласанг, қўлинг таёқдек қотади. Бирор ҳафта шу ерда мардикорлик қилиб, кейин жўнашга қарор қилдим.

 

Бир сафар Олмаотадалигимда қўлим чиқиб кетганди. Ҳужжатимиз бўлмагани учун дўхтирга кўринишга қўрққандик, хўжайин келгунча тухумнинг сариғини суриб ётганман... Ўшанда кўзимга ҳамма нарса ёмон кўриниб кетганди. Қозоғистон кўчаларида пусиб юрардик, полиция тутиб олишидан жуда қўрқардик. Чегарадаги воқеаларни айтиб ўтирмай, айримлари очиқчасига четга тортиб, пул сўрайди. Тортишгим келмайди, икки минглик яшил қоғозни қистираман, нари кетади. Бўлмаса нарсангизни титиб, безовта қилаверади...

 

Буёғини сўрасангиз, тўнғичман, онам икки йилдан бери қиз қидиради. Келажак ҳақида баъзан ўйлагим ҳам келмайди, бильярд ўйини ёқади. Келажак, орзулар, оила ҳақида ўйлаб, кўнглим хижил бўлишни бошласа, бильярд ўйнагим келиб қолади. Тошларнинг шақирлаши билан овунаман...

 

«Мактабни чиройли кийиниб, чиройли гапирадиган синфдошларимга қолдирдим, ўшалар ўқисин. Мен эса ишлашим керак» – 9-синф ўқувчиси Алишернинг ҳикояси

 

Мардикор бозорида мактаб ўқувчилари ҳам бор. 9–11-синфда ўқийдиган бўйи узун, келбатли йигитларни кўп учратасиз бу ерда. Ҳатто уларнинг мижозлари бошқаларга қараганда кўпроқ бўлади. Ёш бола яхшида – қулоғини қимирлатмай ишлайди, ортиқча гапирмайди, ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмайди. Алишернинг ҳам бўйи мирзатеракдай узун. Ингичкароқ бўлишига қарамасдан, иш деганни кўрдим демайди. Баъзан мактабга боргиси келмаса, шарт «Дамас»га ўтириб, Варганза қишлоғига келади.

 

– Ёзда отамга қўшилиб, қурилишда ишлайман. Қишлоқда ким кўп, том соладиган кўп. Кўпчилик Россияга кетиб, ишчи кучи тақчиллашади, – дея ҳикоя бошлайди 9-синф ўқувчиси Алишер. – Отам бир ойда ишлаб, икки миллион сўм топса, меники билан 3-4 миллион сўм бўлиши мумкин. Оиламизга катта ёрдам дегани бу.

 

Ростини айтсам, олий маълумот олиш ниятим йўқ. Мактабни дарсда галстук тақиб, чиройли гапирадиган синфдошларимга қолдирдим, ўшалар ўқисин... Мен эса ишлашим керак. Отам ҳали элликка кирмади. Аммо сочи оқарди, ўзи чарчаб қолди. Ҳозир бу ерга келганимни билмайди, бошқа жойга кетган. Уйдагилардан яшириниб келдим ишга... Бироз пул йиғиб қўйдим, яқинда катта опамга бешик тўйи қилишимиз керак. Ўша куни отамга бир даста пул бериш ниятидаман, анча ёрдам бўлади.

 

Ўқитувчим бир марта уйга бориб, дарс қолдираётганимни айтибди. Ота-онам ўртага олиб танбеҳ беришди. Аммо сезиб турдим, бу беозор танбеҳ эди, улар менинг ўқиб, олим бўлиб кетишимдан умид қилаётгани йўқ. Фақат бир нарсани исташади: болам пул топаман деб қийналмасин. Аммо бунинг иложи борми?

 

Пул тансиқ, яхши нарса, унга эга чиқиш учун меҳнат кераклигини ҳамма биладику. Тунов куни мардикордан қайтаётганимда бир ўқитувчимиз кўриб қолди. «Дамас»дан тушаётганимда кир устимга, бозор сумкамга қараб, бошини сарак-сарак қилди. Аммо наилож...

 

«Анор қўпориш вақтида бутун танам тиканга тўлиб кетади, хотиним фонарь ёруғида битталаб териб олади» – уйидан ҳайдалган Сирожиддиннинг ҳикояси

 

Ўттиз беш ёшли, бақувват йигит Сирожиддиннинг ўн беш йилдан бери қора меҳнатдан боши чиқмайди.

 

– Хайриятки, шу пайтгача қаерда ишламай, яхши ҳақ оламан. Ўзимни мақтамайману, лекин кўпчилик ишимдан рози бўлади. Дунёдан меҳнатдан осон нарса борми? Ер юмшатиш, тош-тупроқ, қум ташиш менга чўт бўлмай қолган. Бу йил қиш қаттиқ келиб, узум, анорларни совуқ урди. Варганзада бир ойдан бери анор қўпоряпмиз.

 

Кундузи иш қизиғида ҳеч нарса билинмайди. Айниқса, муллажиринг қўлга киргач, кайфият кўтарилиб, уйга боргунча қўшиқ хиргойи қилиб кетамиз. Кейин эса... бел узилгудай бўлади, баъзан иситма кўтарилади, ич бузилади, ошқозон безовта қилади... Анор қўпориш вақтида бутун танам тиканга тўлиб кетади. Уйга боргунимча қўлларим зириллаб оғрийди, хотиним фонарь ёруғида битталаб териб олади.

 

Ҳозир қўшни туманда иморат кўтаряпман. Ўзим кенжаман, аммо акам мени уйга сиғдирмаяпти, онам ҳам унинг ёнини олади. Кучлироқ ва пулдорроқ эмишман, йўлимни топиб кетарканман. Аммо ҳозирги замонда товуққа катак қуриш ҳам жуда катта пулга тушади. Уч хонали уй тикка бўлгунча, онамдан уч марта қайта туғилдим ҳисоб. Ўн беш кунлардан кейин Россияга учаман. У ердаям минг долларлик иш қучоқ очиб кутаётгани йўқ, ҳаммаси тахмин-таваккал. Лекин пешонада бори, ҳайё-ҳуйт деб жўнаймиз...

 

Ўзбекистоннинг, Қашқадарёнинг бир чеккасида жойлашган Варганза қишлоғидаги мардикорларнинг арзиҳолини ўқидингиз. Ўзларининг илтимоси билан исмлари ўзгартирилган. Аммо ҳикояларини ўзгартирмадик, бирни ўн қилиб ёзмадик, не гапирилган бўлса, шундайлигича қоғозга туширдик. Ич-ичимизда Аллоҳдан уларнинг мушкулини осон айлашини сўрадик. Неча йиллар ўтиб, мақолани қайта ўқиганда ҳафсаламиз пир бўлиб, «Ўзгармабмиз!» дегулик қилмасин.

 

Улуғбек ОРИПОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси