“Эр ўзи нимага керак?”, “Дунё сенинг тоғангмас”, “Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга!” – Интернетдаги тренд иборалар шарҳи


Сақлаш
13:03 / 25.03.2023 1052 0

Ҳар бир даврнинг тренддаги иборалари, машҳур жумлалари бўлади. Бу табиий. Масалан, авваллари қайсидир китоб ёки фильмларда ишлатилган иборалар одамларнинг сўзлашувига фаол тарзда кириб келган:

-       “Марғилонда шундай келинимиз бор экан-у, билмаган эканмиз”;

-       “Хўш, иннан кейин-чи...”;

-       “Эркак киши хотиннинг яхши-ёмонлигини қағдан билсин?!”;

-       “Чой, чой, намунча кўп чой ичишади булар?!”...

 

Энди тасаввуримизни бугунги кунга созлаймиз. Ҳозир бутун дунё бизнинг миттигина телефонимизга жойлашиб олган. Бу ерда трендлар тез-тез янгиланиб туради. Муаллифлар эса кино ёки асар қаҳрамонлари эмас, ён-атрофимиздаги юртдошларимиз... Oyina.uz колумнисти Сирожиддин РУСТАМОВ сўнгги йилларда интернетда машҳурликка эришган иборалар, уларнинг қисқача тарихи ва муаллифлари ҳақида материал тайёрлади.

 

“Биз билгандик, биз кутгандик”

 

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Рухсора Машарипова бу жумлани юртимиздаги ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақидаги интервьюсида қўллаган. Кейинчалик интервьюнинг бир қисми оммага тарқалиб, турли муҳокама ва танқидларга сабаб бўлган. Ибора шу қадар машҳурликка эришдики, одамлар кутилмаган ёки қовун туширилган воқеаларда беихтиёр шу гапни қўллай бошлашди.

 

Келинг, энди ибора муаллифига тўхталамиз. Асли урганчлик бўлган бу юртдошимиз Тошкент давлат иқтисодиёт университетини намунали тарзда якунлаган. Ҳозирда Bugun.uz янгиликлар сайтининг видеоблогларида кўриниш бераётганидан маълумки, Рухсора журналистика соҳасида карьерасини давом эттирмоқда.

 

 

Оташин интервьюси билан боғлиқ саволларга жавобан шундай дейди: “Жамият бизни шундай тарбиялади, жўшқин нутқларни вақтида ҳамма олқишлади, ҳеч ким нотўғри демади… Кейин бу менинг характеримга сингиди… Мен шундай улғайдим, ҳаётни гўзал ва оқ ранглардан иборат деб ўйлаганман… Лекин охирги воқеалар характерим ва хулосаларимни ўзгартирди. Ҳаётга реал қарашни ўргандим…”

 

Ҳозирда Рухсора Машарипова муаллифлик қилаётган видеоблогларнинг аксарияти танқидий-таҳлилий руҳда, демак, “Биз билгандик, биз кутгандик” ибораси ортидаги танқидлар уни чиндан ҳам ўзгартира олди.

 

“Дунё сенинг тоғангмас”

 

Сўнгги бир йилда иши юришмаганлар, режаси амалга ошмаганлар ёки катта синов олдида турган одамларга қарата “Дунё сенинг тоғангмас” дейдиганлар кўпайди. Бу юморга йўғрилган мотивацион иборанинг келиб чиқиши Жава тахаллуси билан танилган Жавоҳир Абдухолиқовга бориб тақалади.

 

 

Жиззах вилоятида туғилган хонанданинг “Дунё сенинг тоғангмас” деган таронаси омма орасида тез тарқалди. Жаванинг нафақат қўшиғи, балки ташқи кўриниши ҳам ноодатий эди: у ҳар доим оқ ниқобда кўриниш берди. Хонанда бундай имиж сабабини очиқламаган, лекин мухлислардан шунчаки пиар деб қабул қилмасликларини сўраган. Аслини олганда, қўшиқ ҳам, ташқи кўриниш ҳам яхшигина пиар бўла олди.

 

Воқеанинг интригали давоми ҳам томошабинларни узоқ куттирмади. Бир муддат ўтгач, қўшиқ хонанданинг платформаларидан ўчирилди. Маълум бўлишича, ижрочи ва мусиқа муаллифи ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан. Лекин бу қўшиқ ва айнан “Дунё сенинг тоғангмас” ибораси аллақачон Жава номи билан оммалашиб бўлган эди.

 

“Лолитто, куйиб ўл, душман”

 

Бир неча ой олдин содда келиннинг ўз онасига юборган видеохабари интернетда тарқалиб кетди. Маълум бўлишича, келин янги оиласидан, янги уйидаги шароитларидан мамнун ва бу ҳақида онасига мақтаняпти. Қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган видеодаги “Лолитто, куйиб ўл, душман” жумласи одамлар лексиконига кириб борди. Кўплаб юртдошларимиз ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида, инста-вайнларда ва ҳаттоки маҳсулот рекламаларида бу иборадан фойдаланишди.

 

 

Ярим ҳазил, ярим чин маънода айтилган ибора тарихи эса у қадар кулгили эмас. Видеода кўриниш берган келин сирдарёлик Мафтуна Абдураупова бўлиб, ўзининг айтишича, Лолитто унинг амакиваччаси ва биринчи турмуши айнан шу қиз сабабли бузилган. Аламзада кайфиятдаги аёл видеохабарда Лолиттога мурожаат этиб, унга ўзини бахтли кўрсатишга уринган.

 

Тарқалган видео ва ўша машҳур ибора эгасига машҳурлик олиб келди ва Мафтуна Абдураупова аллақачон блогерлик фаолиятини ҳам бошлаб юборган.

 

“Мен Турсунхонман, соғ бўласла”

 

Ижодкорлар машҳурликка эришиш, ўзини пиар қилиш учун кўп вақт, меҳнат ва маблағ сарфлайди. Лекин ҳаваскорона видео ҳамда икки оғиз гап билан ҳам шуҳрат қозониш мумкин экан. Буни Турсунхон, аниқроғи, 14 ёшли Турсунмурод Абдуллаев исботлади дейиш мумкин.

 

 

Маълум бўлишича, унинг бурнида муаммоси бор, бу эса сўзларни аниқ талаффуз қилишига бироз халақит беради. Шунга қарамай, “Мен Турсунхонман, соғ бўласла” иборасининг муаллифини бугун инстаграмда 70 мингга яқин обуначи кузатади.

 

Аввалига масхараомуз талқинлар билан муҳокама марказида бўлган видео кутилмаган даражада трендга чиқди. Натижада кўплаб юртдошларимиз бирор муҳим фикр ёки изоҳи сўнгида “Соғ бўласла” дейишни одат қилишди.

 

“Янги Ўзбекистон стратегияси”

 

Сўнгги йилларда юртимизда рўй бераётган воқеаларга ҳам таҳлилий, ҳам танқидий руҳда қараш тенденцияга айланди. Шундай атмосферада бўрттирилган шараф ва мадҳбозлик одамларнинг ғашига тега бошлади. Бироқ “Янги Ўзбекистон стратегияси”, “Маҳаллабай ишлаш тизими” номли шеърлари билан интернет “юлдуз”ига айланган Жамшидбек Ботиров реал муносабатларга умуман парво қилгани йўқ. Ўз шеърларини қайта ва қайта турли давраларда ўқийверди. Натижада эътироз ва эътибор даражаси юқорилаб, муаллифни машҳурликка чиқариб қўйди. Бир нечта китоблари нашр этилган Жамшидбек асли Фарғона вилоятида туғилган ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Сатирик муносабатлар ва танқидларга қарамай ижодкор қоғоз қоралашда давом этмоқда. 

 

 

“Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга!”

 

Баъзи юртдошларимиз қандайдир маиший муаммоларга дуч келишса, сарказм билан  “Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга” деб қўйишади. Бу жумла қатидаги маъноларни исталганча шарҳлаш мумкин. Мақсадимиз бу эмас. Шунчаки машҳур иборани айтишга айтиб қўйиб, ўзи камера ва микрофонлардан қочиб юрган Ҳакимбек билан танишиб қўяйлик.

 

 

Интернетдаги изоҳлардан маълум бўлишича, видеодаги “шоир” Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилади. Асосан устачилик билан шуғулланади, дўстлари даврасида қўшиқ хиргойи қилиб туради. Чапани ва ҳазилкаш бу йигит иштирокидаги видео 2020 йили тасвирга олинган. Бироз муддат ўтиб тарқалиб кетган.

 

Муаллифнинг охирги видеоларидан билиш мумкинки, Ҳакимбек бу чиқишидан хижолатда. Демак, инсон ўзи истамаган ҳолда ҳам машҳурликка эришиши мумкин.

 

“Сувнинг таъми муз билан...”

 

Карантин даври ибратли, қизиқарли ва дилни хира қилувчи кўплаб воқеалар билан ёдда қолди. Бутун халқимиз янги шароитларга мослашишга ҳаракат қилди. Ўша пайти ижтимоий тармоқларда онлайн машғулот учун ролик тайёрлаётган тарбиячи қўққисдан ўз фарзандларини ҳақоратлагани акс этган видеолавҳа тарқалганди.

 

 

Тасвирдаги аёл Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 7-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ҳилола Нурматова экани тезда маълум бўлди. Унинг уй шароитида тасвирга олган видео дарси адашмовчилик оқибатида МТТ телеграм гуруҳига жойланган ва тезда ўчириб ташланган. Лекин ролик орадан ўн бир кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

 

Аслида лавҳадаги ҳақоратомуз ибора кўпроқ машҳур бўлган, бироқ “Сувнинг таъми муз билан” жумласи ҳам ана шу маънони ифодалай бошлади (қайси ибора ҳақида гап кетаётганини билдингиз-ку, ёзишимиз шартми?!) Шу-шу, чин дилдан қилинган меҳнат қадрланмаса ёки айни авжида кимдир халақит берса, “Сувнинг таъми муз билан” дейдиган, наманганлик боғча опани эслайдиганлар кўпайди.

 

“Эр ўзи нимага керак?”

 

Кейинги пайтда тренд ибораларга муаллифлик қилишда психологлар фаоллик кўрсатишди. Айниқса, “Эр ўзи нимага керак?” саволи билан кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Наргиза Сатторова анча вақт муҳокамалардан тушмади. Муаллиф  бу иборанинг контекстдан юлиб олинганини тушунтиришга ҳар қанча уринмасин, барибир одамларнинг “негатив” тугмачаси ўчгани йўқ.

 

 

Асли самарқандлик бўлган мутахассис йирик психологик марказига эга. Бир қанча видеолойиҳалари ҳам бор, ОАВда тез-тез чиқиш қилиб туради. Охирги воқеалар оқибатида машҳурликка эришган бўлса-да, муайян қатламдаги одамларнинг ишончини йўқотиб қўйди. Баъзан трендга чиқиш ҳам инсоннинг оёғидан тортиб турувчи тушовга айланиши ҳеч гап эмас.

 

Наргиза Сатторова тажрибали психолог, шу боис тушкунликка тушиб қолгани йўқ (юқоридаги айрим “муаллифлар” трендга чиқиб кетиш оқибатида оғир руҳий ҳолатни бошдан ўтказганлар).

 

Эътибор берадиган бўлсак, қуйидаги хусусиятларга эга жумлалар машҳурликка эришган:

-       Юморга йўғрилган иборалар;

-       ноқулай вазиятларда айтилган сўзлар;

-       ижтимоий муаммоларни ифодаловчи гаплар;

-       мантиқсиз ва ҳақиқатга зид жумлалар;

-       инсон ҳиссиётини ва нафратини қўзғовчи иборалар.

 

Кўпчилик виртуал ҳаётда эмоцияга эрк беради ва беихтиёр равишда қайсидир ибораларнинг оммалашишига ҳисса қўшади. Эътиборли тарафи, уларнинг аксарияти атайин трендга чиқишни мақсад қилмаган ва видеоларнинг эффектидан ўзлари ҳам ҳайрон қолган.

 

Мақоламиз якунида икки хулосани илгари суриш мумкин: 1) трендга чиқмоқчи бўлсангиз, чуқурлашиш шарт эмас; 2) ўйнаб гапирсангиз ҳам ўйлаб гапиринг.

 

“Интернетдаги тренд иборалар шарҳи” мавзусидаги материалнинг биринчи қисмига шу ерда якун ясаймиз ва бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Сирожиддин РУСТАМОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси