Дорида заҳарли модда борлиги нега 18 бола ўлгунича аниқланмаган? Шуни аниқлашга масъул бўлган масъул ким? Шу масъулнинг устидаги масъул-чи? – фаоллар кўрилган чоралардан қониқмаяпти


Сақлаш
13:12 / 28.12.2022 772 0

Самарқандда “Док-1 МАКС” сиропини ичган 18 нафар боланинг ўлими кенг жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожига назар солсак, дори таркибида заҳарли модда этиленгликоль аниқлангани маълум қилинди ва ҳолат бўйича ДХХ томонидан жиноят иши қўзғатилди. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 18 нафар болани сақлаб қололмагани учун ота-оналардан узр сўради. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги муҳокама ва баҳслар тингани йўқ. Oyina.uz бир гуруҳ зиёлиларнинг мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини жамлади.

 

Раҳимжон Раҳмат,

адабиётшунос:

 

– Ўйласам, даҳшатга тушаман: Самарқандда доридан заҳарланиб 18 нафар ёш бола вафот этган. Андижонда эса 3 нафар ёш бола хонадонда содир бўлган ёнғинда куйиб ўлган. Ис газидан оилавий ўлим топишлар тез-тез кузатиляпти.

 

Ушбу ҳодисалар кўпчилигимизга пашша чаққанчалик таъсир қилмади. Қўйларга хос фикрласак керак: бўри менга тегмайди. Яна ўйлаймиз: фожеа узоқда содир бўлди, менинг болам сиропдан ҳеч қачон ўлмайди (самарқандлик норасидаларнинг ота-оналари ҳам шу кўргиликни орзуламаган аслида).

 

Бу – калта ўй. Шошмасангиз, бўри сизга ҳам етиб келади. Шошмасангиз, бошингизга тўсинлари ёнаётган том қулайди. Нега ССВни, дорисотар монополларни, беморга қасддан кераксиз дори тайин қиладиган нопок дўхтирларни тит-питини чиқариб танқид қилмадик? Ёки ўзимиз ҳам ўша нопоклар қаторидамизми?

 

Нега жамоатчилик ўз тақдирининг яратувчисига айланолмаяпти? Жамиятга муқобил фикр, ғоя бериши керак бўлган сиёсий партиялардан умид йўқ. Сессияларда ухлаб вақт ўтказадиган депутатлардан совуқ сувчалик фойда кўрмаяпмиз. Шоирман деганлари отарчилар билан тўйма-тўй санқийди. Ёзувчиларни фақат фойдасиз тадбирларда кўриб қоласан.

 

Бизда жамоатчилик фикри жуда кучсиз. Худди ўз уйимизда меҳмонда яшаётгандекмиз. Нега фикран ва руҳан фаол эмасмиз? Жамиятимизнинг ўзгариши, янгиланиши, ҳаётимизга соя солаётган иллатларнинг йўқолиши айнан фикримиздаги фаоллик билан боғлиқ-ку!

 

Чумчуқ пир этса, юрагимиз шир этади. Қўтонга қамалган қўйлар, бўйнидан боғланган бузоқлар эмасмиз-ку. Оддий, руҳан ва фикран фаоллик сўраляпти сизлардан, дунёни ағдар-тўнтар қилинглар, дейилмаяпти. Ҳозир давр бошқа. Фикран фаол кимсанинг бошига дарровдан қилич кўтариб келинмайди. Жамиятимиздаги иллатларни танқид қилиш сиёсатга қарши чиқиш ҳам эмас.

 

Ўн саккизта итнинг боласи эмас, ўн саккиз нафар инсон фарзанди ўляпти. Пешонамиз деворга теккани шу – 18 норасида сиропдан заҳарланиб ҳалок бўлди. Лекин пешонамиз деворга урилиб ёрилса ҳам, во ажаб, кўз дегани очилмаяпти-ку.

 

Азиза Қурбонова,

журналист:

 

 

– Ҳиндистоннинг “Quramax” компанияси Ўзбекистондаги 18 бола фожиаси бўйича бирор баёнот бердими? Бу компания Док-1 МАКС” таблеткаси ва сиропларини фақат Ўзбекистонга экспорт қиладими, муаммо фақат бизда чиққанми? 18 нафар ўзбек боласи ўлгани, яна бошқа болаларнинг ишдан чиққан буйраклари учун бу компания бирор гап айтиши керакмасми, бу иши халқаро судга тортгулик эмасми? Ёки дорининг муайян партияси ўзимизда ертўлада қалбакилаштирган бўлиб чиқар? Жиноят иши очилганми, қатъий тергов-текширув шарт. Бу доридан кейин болаларда буйрак билан боғлиқ муаммолар бўлгани, ҳатто болалар гемодиализга тушиб қолганини ёзишди. Дорининг ножўя таъсиридан даволанаётган болаларнинг тикланиш сарф-харажатларини, вафот этган болаларнинг компенсациясини ким тўлайди? ССВ, Фармагентликнинг кейинги ҳаракати нима бўлади?

 

Тағинам, Самарқанд болалар тиббиёт маркази бош шифокори ҳушёр экан, кузатилаётган бир хил диагнозни тизимга солиб, нохуш ҳолатлар доридан келиб чиқаётганига аниқлик киритган ва юқори органга мурожаат қилган. Балки худди шундай муаммо бошқа вилоятларда ҳам бўлаётгандир, ўлим статистикаси таҳлили зарурдир? Кўп эҳтимол билан бу жараён бордир, кейинги рақамлар ҳам ошкор этиладими?

 

Ҳуқуқ-тартибот органлари ўз йўналишида текширувни қилаверсин, бундай пайтда ССВ ва Фармагентлик раҳбарлари битта пост билан қутулмай, брифинг бериши керак эмасми?! Миллат болалари фожиаси бўлди бу, кризис вазиятда аҳолига кимдир изоҳ бериши, келгуси хатти-ҳаракатларни айтиши шарт эмасми?

 

Балки қалбаки серия ёки брак ишлаб чиқарилган дори партиясини аниқлашда аҳоли ва шифокорларнинг тезкор иштирокини таъминлаш учун “горячая линия” ташкил қилинар?

 

Мен билмайман, аммо менга худди 7 киши ишдан олиниб, жиноят иши очилгани камдек туюляпти. Чунки бу оқибат билан курашиш. Энди бефойда кураш. Сабабларни аниқлаш ва йўқотиш, бошқа қайтарилмаслиги учун аниқ-тиниқ режа йўқлиги кўпроқ чўчитади.

 

Ҳар қадамда дорихонага айланган Ўзбекистонда на дори-дармон рекламаси қонунчилигига амал қилинади, на дорилардан тўғри фойдаланиш тарғиботи бор. Аптекачилар мутлақ товар сотувчилар, улар сақич танлаб бергандек ўзлари истаган дорини харидорга тавсия қилиб ташлайверадилар, шифокорлар ойлик кам баҳонасида фирмалар билан тил бириктириб, керакмас дориларниям ёзиб ташлайверадилар. Ҳамма ўзига дўхтир, ҳамма ўзига фармацевт.

 

Билар-билмас, бировдан сўраб-сўрамай болага бетайин ширинтуриш сиропларни ичириб ташлайверадиган ота-оналарга рецептсиз дори олмасликни, ишончли дорихоналарга боришни, дозага қаттиқ амал қилиш кераклигини, ҳатто шифокор ёзиб берса ҳам яна бошқа шифокордан аниқлик киритишни қачон ким ўргатаркин?!

 

Муслим Мирзажонов,

журналист:

 

 

– Даҳшат! 21 нафар боладан 18 нафари “Док-1 МАКС” сиропини ичиши оқибатида вафот этган. 18 нафар болача-я! Тасаввур қилиб ҳам қўрқиб кетасан киши. Битта сиропдан ўлиб кетяпти фарзандларимиз. Падарига лаънат бу ишлаб чиқаргану юртимизда тарқатганларнинг!

 

Нега таркибида заҳарли этиленгликоль моддаси бор дори воситасида савдога чиқиб кетди? Нега ҳеч ким назорат қилмаган? Нега чаласавод, ўқимаган, омилар буни сотган? Шунчалик ҳам ношуд, чаласавод бўламизми-я?!

 

Шу воқеа дарс бўлармикан?! Бутун миллатни дорига ўтказиб қўядиган фарммафиялар ўйлармикан шуни?! Бир туки қимирлайдими ўзи буларнинг?!

 

Соҳани қатъий назоратга олишларини талаб қиламиз! Тегишли органлардан тортиб Президент Администрациясигача бу фожиани чуқур таҳлил қилиб, соҳани тубдан ислоҳ қилишларини сўраймиз!

 

Ёлқин Муқимов,

мураббий:

 

– Ҳозиргина интернетдан бир хабар ўқиб шокка тушдим. Шу йилнинг октябрь ойида Индонезияда 100 дан ортиқ, Гамбияда 70 дан ортиқ бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироп ичиши оқибатида буйраги тўлиқ ишдан чиқиб вафот этган. Бу каби ҳолатлар бошқа бир неча давлатларда ҳам кузатилган. Ҳинд йўтал дориларидан оммавий заҳарланиш тарихда кўп марта содир бўлган экан. Фожеий вазиятга сироп таркибидаги этиленгликоль моддасининг юқори дозаси сабаб қилиб кўрсатилган.

 

Бугун Ўзбекистон ССВ ҳам Самарқанддаги болаларнинг доридан оммавий заҳарланишига Ҳиндистондан импорт қилинган “Док-1 МАКС” сиропи таркибида этиленгликоль моддаси юқори даражада экани сабаб бўлганини айтиб чиқди, айни пайтда ота-оналарни ҳам дориларни пала-партиш берганини урғулади.

 

Назаримда, сироп заҳарли бўлиб турганда ота-онага айбни тўнкаш хато. Йўқса, доридан оммавий заҳарланиш кузатилмас эди. Ҳолбуки, бундай вазият дунёнинг бошқа давлатларида ҳам кузатилгани бизни сергак торттириши керак.

 

Менимча, ССВ Ҳиндистондан келган йўтал сиропларини сотишга дарҳол, зудлик билан тақиқ қўйиши шарт. Ҳеч бўлмаса, ота-оналар фарзандларига бундай дориларни бермай тургани маъқул.

 

Дўстимнинг ўғли ҳам Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган бошқа бир сиропни ичганидан кейин буйрак фаолияти билан боғлиқ муаммо юзага келди. Ўртоғимнинг айтишича, шифохонада бундай касал билан келганлар жуда кўп экан. Бухоронинг ўзидан улар билан самолётда учган яна икки бола ҳам худди шу ташхис билан Тошкентга келишган. Барчасида буйрак фаолияти ишдан чиқиб, болалар пешоб қилмай қўйган.

 

Нималар бўляпти, тушуна олмай қолди одам. Дорихоналарда Ҳиндистон йўтал сироплари бемалол сотиляпти. Нимани кутишяпти?!

 

Ибрат Сафо,

журналист:

 

 

– 2008 йили Хитойда болалар соғлигига боғлиқ йирик можарони халқаро хабарларда кенг ёритганимизни эслайман. “Sanlu” ширкати ишлаб чиқарган болалар сут озуқаси буйрак касаллигига етаклаётгани аниқланган. 300 минг бола шикастлангани қайд этилган, 54 минг бола касалхонага ётқизилган. Олти бола ўлган.

 

Бу иш Хитой ҳукуматининг юқори идораларига етиб боришига бир неча ой кетса-да, ўша йили судлар бўлиб ўтди. Натижа: икки киши ўлим жазосини олди ва қатл этилди. Икки киши 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Етти мулозим, ҳамда Сифат, текширув ва карантин назорати маъмурияти номли идора раҳбари бўшатилди. Sanlu ширкатининг аёл раҳбарига бир умрлик қамоқ жазоси берилди.

 

Ўзбекистонда ҳам гўдакларнинг ўлимига сабаб бўлган дорини ҳукумат қаттиқ ва шаффоф тергов қилиб, оғир жазоларни белгиламаса, болалар бошқа хавфли дорилардан заҳарланишда давом этиши аниқ. 18 бола – ҳали сирқиб чиққан маълумот. Бости-бостилар бошлаб юборилган бўлиши мумкин. Хитойдаги можарода ҳам Шижиажуанг ҳокими ўринбосари Sanluга жабр кўрган оилалар оғзини пул билан ёпишни буюрганди.

 

Муҳрим Аъзамхўжаев,

журналист:

 

 

– Самарқанддаги болалар шифохонасида Ҳиндистонда чиққан “Док-1 МАКС” деган дорини ичиб, вафот этган болалар сони 15 нафар эмас, 18 нафар экан (яхшиям, омбудсман бор экан, йўқса, менимча, қурбонлар кўпроқ экани ҳеч қачон айтилмасди); ҳаммаси ҳам Самарқанддан эмас, ён-атроф вилоятлардан бўлганлари ҳам бор. Болалар омбудсманининг аниқлашича, вафот этганларнинг бари 6 ёшдан кичик, 15 нафари эса 3 ёшгача бўлган (даҳшат!). Қўшимча қилинишича, “Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда”.

 

Болалар омбудсмани бу мавзуни эслатгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тилга кирди: шу ўлимлар сабабли 7 киши ишдан олинибди (ким улар, қаерда ишлайди, бу воқеаларга қанчалик алоқадор, айби нима – айтилмаган), тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилибди. Тушунишимча, икки ой ичида 18 бола бир доридан заҳарланиб ўлганига қарамай, ҳали ҳам бирор жиноят иши қўзғатилмаган.

 

Дарвоқе, “заҳарланиш” деган жойи бўйича – ССВнинг маълум қилишича, “олиб борилган дастлабки ўрганишлар дорининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатган. Ушбу модда заҳарли”. Мана шу жойига тушунмадим, очиғи – дорининг ушбу серияси таркибида шунақа заҳарли модда борлиги қачон аниқланиши керак эди?

 

Мингта қонун, ҳужжат, ҳар турли санпинлар чиқариб ташлагансизлар-ку, ўшаларда ёзилган тартиб-қоида бўйича “дорининг ушбу серияси таркибида” заҳарли модда борлиги қачон аниқланиши керак эди? Дорини Ўзбекистонга олиб кириш вақтидами? Шундай дорини ичиб, аҳволи ёмонлашган биринчи боланинг ўлимидан кейинми? Бешинчи ўлимдан кейинми? Ўнинчи ўлимдан кейинми? Ўн бешинчи ўлимдан кейинми? Қачон?

 

Дорининг “ушбу серияси таркибида” шундай заҳарли модда борлиги нега 18 бола ўлгунича аниқланмаган? Ким жавоб бериши керак бунга? Шуни аниқлашга масъул бўлган масъул ким? Шу масъулнинг устидаги масъул ким? Сизлар ҳам одаммисизлар? Қанақа одамсизлар?

 

Одам дегани сал-пал қўрқади. Қўрқиши керак, ҳар ҳолда. Булар қўрқмайди. Ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Менимча.

 

Достон Раҳмат,

журналист:

 

 

Док-1 МАКС” сиропини менинг болаларимгаям ёзиб беришган экан. Қайси дўхтирхона, ким ёзиб берганини эслолмадик. Менимча, ўша пайтлари дорихоналардан топилмаган. Бўлмаса, болаларимиз соғлиги учун деб ҳар қанча қиммат айтишса-да, дорилардан пул аямаганман.

 

Яхшиям, топилмагани. Яхшиям, бошқа дорихоналарни изламаганим. Бир гап айтаман. Икки фарзандли бўлиб шу пайтгача тушуниб етганим шуки, чақалоқнинг инжиқлиги, ухламаслигини бирорта дори даволаб беролмайди. Ишонинг, шу кунгача, бермаган доримиз, бормаган дўхтиримиз қолмаган.

 

Биттаси миясига кислород яхши етишмаяпти, дейди. Яна биттаси туғилишда боши қисилган, дейди. Биттаси қорин дамлашига мана буни берсанглар тузалиб кетади, дейди. Бир кун ё икки кун яхшидай, яхши ухлагандай бўлиб туюлади. Учинчи кундан бошлаб яна ўша аҳвол.

 

Ўзи тўрт-беш ойдан кейин яхши ухлайдиган, йиғламайдиган бўлиб кетади. Бу билан болангизни дўхтир кўрмасин, демоқчимасман. Шунчаки, врач ёзиб берган ҳамма дориниям болангизга ичираверманг. Асосан халқчил дорилардан олиб беринг.

 

Суҳроб Зиё,

шоир:

 

Борлиқни хатар тутди,

Қаҳратон камар тутди,

Дарахтлар булдуруқдан

Тош қотган самар тутди.

Ўн саккиз хонадоннинг

Оҳи кўк қадар тутди.

Фожиа ақлдан сўнг

Жону қалб қадар тутди:

Ўн саккизта гўдакка

“Табиб”и заҳар тутди.

Радди балонинг ўзи

Бало бўлиб келганда,

Шифо истаб тутганинг

Хато бўлиб келганда,

Худодан қўрқмаганлар

Худо уриб келганда,

Икки баҳор ҳам кўрмай

Хазон бўлган чечаклар

Нетарсан, бошинг узра

Само бўлиб келганда?!

Кўзларим тинсин менинг,

Тилларим жимсин менинг,

Ўн саккиз полапонсиз

Инларим энсин менинг.

Дунёга тўймаганлар

Дастидан гўдак кетган

Жонларнинг жафосидан

Жонларим ёнсин менинг.

Жоҳилларни оқлаган,

Ботилларни оқлаган,

Қотилларни оқлаган

Қўлларим синсин менинг.

Ўлимга пинак бузмай

Турган – давога масъул.

Курсилари осмон-у,

Ўзи самога масъул.

Гўдаклар уволига

Парволари фалаг-у,

Мансаби уволидан

Қўрққан гадо-да масъул.

Ўн саккиз фариштанинг

Юки эзди елкамни,

Зарра қадар бўлса-да

Мен ҳам хатога масъул.

Нафси ёриқ касларнинг

Ҳаддини ўлчоқладим.

Ҳақ сўзга ярамаган

Ҳар сўзни пичоқладим.

Ахир мен сиздан кечган

Дунёни ардоқладим…

Сўнг дунёнинг нелигини

Билмасдан кулиб ётган,

Менга термулиб ётган

Боламни қучоқладим.

Гўдакларим, тинч ётинг,

Фалаклар йиғласинлар.

Дармони – заҳар, боши

Сараклар йиғласинлар.

Сиз-ку тупроқни тоза

Қилдингиз унга кириб,

Бу Ватаннинг ҳолига

Тириклар йиғласинлар.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси