100 нафар эксперт Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 та муҳим ислоҳотини аниқлаб берди

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати сўнгги беш йилда мамлакат ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган, энг самарали ташаббус ҳамда ислоҳотларни аниқлаш учун навбатдаги экспертлик сўровини ўтказди.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистон етакчисининг энг муҳим ислоҳоти бу — Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг ўрнатилгани, чегаралар очилгани ва назорат пунктлари ташкил этилгани, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилгани (96 та овоз).

Ислоҳотлар рўйхатининг кейинги ўринларидан қуйидагилар жой олди: 

2. Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши; 
3. Давлат хизматлари тизимининг ривожлантирилиши, Давлат хизматлари марказларининг ишга туширилиши, ортиқча бюрократияга барҳам берилиши;
4. Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилиши; 
5. Инсон ҳуқуқлари кафолатларининг кучайтирилиши, мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатининг тугатилиши; 
6. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизимнинг жорий этилиши;
7. Медиа муҳитнинг кенгайтирилиши: ОАВларнинг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлар қабул қилинишидаги ролининг оширилиши; 
8. Гендер сиёсатини янги босқичга олиб чиқилганлиги, хусусан Республика Гендер комиссиясининг ташкил этилиши; 
9. Олий таълим тизимининг ривожлантирилиши: университетларга қабул квоталарининг оширилиши, миллий ва хорижий ОТМлар филиалларининг очилиши; 
10. Тадбиркорлик муҳити яхшиланиши, хусусан, бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилиши; 
11.  Камбағалликнинг расмий даражада тан олинганлиги ва уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шакллантирилиши; 
12.  Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал ўзгаришларнинг амалга оширилиши; 
13.  Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилиши;
14. Ўзбекистонда тўғридан-тўғри 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни қабул қилиш тартибининг жорий этилиши;
15. Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон барпо қилиниши. БМТ қошида Орол денгизи минтақасида Инсон хавфсизлиги бўйича Траст фондининг ишга туширилиши, БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши.

Глобал сўровда таниқли хорижий экспертлар, жумладан, Франция ташқи сиёсат маркази президенти Фабьен Бауссарт, Холон технология университети президенти Эдуард Якубов, Васэда университетининг Марказий Осиё бўйича бош тадқиқотчиси Наоки Нихей, Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне, Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази минтақавий директори ўринбосари Эрик Хонтц, "Америка овози" мухбири Навбаҳор Имомова, "The Guardian", "The Economist", "Independent Newspaper" нашрлари мухбири Жоанна Лиллис, "Минтақавий мулоқот" халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север, Лондон ва Дубайнинг "Diplomat Business Club" ишбилармонлик клуби раиси Мансур Малик ва бошқа қатор мамлакатларнинг давлат ва жамоат арбоблари иштирок этган.