Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт
бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир.
Шавкат Мирзиёев
– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, деган фикр замирида қандай маъно бор?
– Келинг, бу гўзал мажознинг ҳикматини бирга қидирайлик. Тан баҳайбат бўлиши мумкин, лекин жон бўлмаса, у жасад. Қимирлай олмайди, ўзини ҳимоя қила олмайди. Жон-чи? Жон, руҳ агарда кучли, қудратли танга жо бўлмаса, ожиз нур нуқтаси бўлиб қолади. Тан билан жон бир бўлмаса, уларнинг ҳеч бири яшай олмайди. Йўқликка юз тутади.
Кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият бирлиги принципи мустаҳкам илмий ва тарихий асосга эга. Биз икки Ренессансни кўрган, қурган миллатмиз. Ўша пайтларда ҳам иқтисодиёт режали эмас, бозор иқтисодиёти эди. Маънавиятимиз кучли эди. Демак, биз кучли иқтисодиёт билан кучли маънавиятни бирлаштириб, икки марта юксалиб кўрганмиз. “Янги Ўзбекистон = Кучли иқтисодиёт + Кучли маънавият” формуласи икки қудратли кучни бирлаштиради. Мана шу икки куч, қудрат бизни Учинчи Ренессансга олиб чиқади.
– Ёндашувнинг моҳиятан янгилиги нимада?
– Бу мутлақо янги методологик ёндашув. Узоқ йиллар иқтисодиёт билан маънавиятни бир-биридан айро тушуниб келдик, ҳатто қарши қўйишгача борганмиз. Гўё иқтисодиёт бошқа жойдан, маънавият бошқа жойдан чиқиб келиб, рақобат қиларди. “Аввал иқтисод, кейин сиёсат (маънавият)”, “Мия тўймаса, қорин тўймайди” каби мақоллар ҳам ўйлаб топилган ва бу топилмалар иқтисод билан маънавиятни – жисм билан жонни сунъий, механик равишда ажратиб ташлаганди. Президентимиз талқинида бир-бирларидан ажратилган жисм билан жон бирлашди. Бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ва аждодларимизнинг бой мероси, миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият бирлашади.
Яна бир янгилик. Шу пайтгача биз маънавиятга кучли деган сифат, нисбат бера олмаганмиз. Маънавият статик эмас, динамик ҳодисалигини қабул қила олмадик. Унинг ўзгариб, кучайиб-сусайиб туришини инобатга олмадик. Ё бор ё йўқ, ё юксак ё тубан, ё “маънавиятли” ё “маънавиятсиз” деган ибораларни қўлладик. Маънавиятни қулоққа ёқимли, майин хилқат деб келдик. 19 январь куни Президентимиз нутқида биринчи марта “кучли маънавият”, деган ибора янгради. Бу илмий нуқтаи назардан ўта муҳим, методологик, принципиал янгилик бўлди.
– Агар иқтисодиёт кучли бўлиб, маънавият кучсиз бўлса, нима бўлади?
– “Одамда ният, мотивнинг тўғрилиги, унинг ўз бурчидан келиб чиқувчи мажбуриятини англаши – унинг яхши одам эканлигининг мезонларидир”, деган эди Иммануэл Кант. Иқтисодни ана шундай, яхши одамлар кучайтиради. Яхши одамларни эса кучли, тўғри маънавий мотив бошқаради.
Агар иқтисодиёт кучли бўлиб, маънавият кучсиз бўлса, бурчга хиёнат, масъулиятсизлик урчийди, коррупция кучаяди, ижро интизоми йўққа чиқади. Бу ҳол кучли иқтисодиётни емиради. Афсуски, баъзи жойларда бунинг мисоллари ҳам учраб туради. Масалан, Жиззахда бинони нима қулатди? Коррупция. Чунки мана шу нураган бино қурилишида иқтисодиёт кучли, маънавият ожиз бўлган.
– Маънавият кучли бўлса-чи?
– Кучли маънавият коррупцияни даф қилади. Бурчга хиёнат, масъулиятсизликка қирон келтиради. Виждонни, бурчни, коррупцияга қарши позицияни, ижро интизомини кучайтиради. Иқтисодиётни соғлом, кучли қилади. Кучли маънавият ухлаётган, мудраётган одамларни уйғотади. Иккиланаётганларга тўғри қарор беради, ишонтиради, бирлаштиради. Меҳнатга сафарбар қилади.
Тарихга қарасак, буюк иқтисодиётни яратувчилар – жўшқин қалбли ва ғояга ишонган одамлар бўлган. Миллий ғоя, маънавият иқтисодиётни қандай юксалтиришига II жаҳон уруши оқибатида вайронага айланган Япония, Германиянинг ўттиз йилдан кейинги қиёфаси мисол бўла олади. Тикланиш даврида оч, силласи қуриган японлар станок олдида оёқда туролмай қолишади. Шунда ўзларини қўлтиқдан арқон билан шифтга осиб қўйиб, ишни давом эттиришади. Немислар 10 соатлик меҳнат учун бериладиган бир парча қора нон эвазига ўз ҳисобларидан 4 соат қўшимча билан 14 соат ишлашди. Айтинг-чи, уларни нима ҳаракатлантирди? Албатта, маънавият, албатта, миллий ғояга ишонч.
– Бугунги таҳликали вазиятда ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшашимиз зарур. Шундай эмасми?
– Тўғри айтдингиз. Бу фикр икки қисмдан иборат. Биринчиси – “ҳушёр ва огоҳ бўлиш”, иккинчиси – “халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур”лиги айтилди маърузада. Ҳушёр, огоҳ одам қандай одам? Ҳаётда, интернетда, эшитаётган, ўқиётган, кўраётган нарсаларига диққат билан қарайди. Баҳо беради. Бефарқ бўлмайди. “Менга нима?” демайдиган, ҳис-туйғуга берилмайдиган, ақлли, сергак, зийрак, ҳозиржавоб одам. У ўқиган, кўрган нарсасига “Нима учун?” деган савол билан қарайди. Шунинг учун адашмайди. Уни алдаб бўлмайди. Чунки ўзини ўзи жуда яхши ҳимоя қилади.
Нега мен, сиз, ҳар бир фермер, тадбиркор, ўқитувчи, дизайнер, блогер, имом, шоир, ҳатто ҳозирча камбағал, “темир дафтар”га кириб, давлатдан ёрдам олаётган шукронали ватандошимиз ҳам миллий манфаатларимизни ўйлаб яшашимиз керак? Нега мана шу суҳбатимизни ўқиётган “Янги Ўзбекистон”нинг ҳар бир муштарийси халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб қадам ташлаши керак?!
Мен бу саволга савол билан жавоб бермоқчиман: “Дунёда ҳар бир давлат фуқаролари ўз давлати манфаатларини ўйлайди. Менинг Ватаним зўр бўлсин, дейди. Айтинг-чи, Ўзбекистон манфаатларини биз – 2021 йилда яшаётган фарзандлари ўйламасак, ким ўйлайди? Бразилияликларми, инглизларми, ҳиндларми, сербларми? Улар ўз халқларининг тинчлиги, мамлакатлари манфаатларини ўйлаб яшайди. Очиқ, аччиқ ҳақиқат – биз қачон худбин бўлсак, битта-битта енгилиб, мағлуб, мустамлака бўлганмиз. Худбинлигимиз бизни парчалаган. Қум доналарига айлантирган. Оёқ ости қилган. Бирлашганимизда ҳаммамиз ғолиб, озод, бахтли бўлганмиз. Миллий ўй бизни бирлаштириб, қояга айлантирган. Қояни ким оёқости қила олади?
– Йиғилишда маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш топшириқлари берилди. Бунинг аҳамияти нимада?
– Биласизми, Президентимиз “Ҳар бир соҳанинг илми бор”, деган фикрни кўп эслатади. Соҳа борми? Ҳа. Муҳимми? Жуда! Демак, уни ўрганиб, ривожлантирувчи илми ҳам бўлиши керак. Илмсиз иш – таваккал иш. Илм соҳани ривожлантириш қонуниятлари, принцип, механизм, мезонлари, назария ва методикасини ишлаб чиқиши керак. Тўқимачилик, спорт, санъат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, меҳнат ресурслари, тадбиркорлик, чорвачилик, соғлиқни сақлаш, қўйингки, ҳамма соҳанинг ўз илми бор. Лекин маънавият ва маърифат Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналиши, дейилса-да, соҳани махсус ўрганувчи илмий ихтисослик йўқ эди. Натижада соҳага сиёсатшунослик, фалсафа, педагогика, тарих, маданиятшунослик фанлари нуқтаи назаридан қараб келинди. Соҳанинг фундаментал асослари тадқиқ этилмай, юзада турган жиҳатлари ўрганилди. 2021 йилнинг 19 январь куни бу омонат ёндашувга чек қўйилди.
– Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.
– Келинг, очиқ гаплашайлик. “Жамоатчилик назорати нима?” деб сўрасангиз, кўпчилик елка қисади. Бу жуда ёмон. Ривожланган демократик давлатлар тарихида жамоатчилик назорати зўр бўлган. Японлар ўзларини “Биз минг кўзли девормиз”, дейишади. Бу нима дегани? Бу – япон заминида ким қонунга зид бирор иш қилаётган бўлса, бошқалар унга муносабат билдиради. Тасаввур қилинг, биз Япониядамиз. Мен светофор қизилидан ўтиб кетдим. Сиз шу заҳоти йўл-патрул хизматига қўнғироқ қилиб, ўша жойни, вақти-соатини, машинам рақамини ёздирасиз. Иккаламиз таниш бўлсак ҳам. Мен ҳам сиздан хафа бўлмайман. Чунки ўзим, билиб, ножўя иш қилдим.
Бизда эса ҳали мана шу маданият паст. Бир ўзбек бошқасининг қонунга қарши ножўя қилмишини ҳуқуқ-тартибот органларига айтса, уни қоралаймиз. Бу билан ёмонликни, гуноҳга шерик бўлиб қолаётганимизни англамаймиз. Ваҳоланки, динимизда бу борада аниқ кўрсатмалар бор. Пайғамбаримиз (с.а.в) иймоннинг кучли ва заиф даражаларини белгилаб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор ножўя иш қилаётганни кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг, бунга кучингиз етмаса, тилингиз билан қайтаринг. Бунга ҳам имкон топмасангиз, ҳеч бўлмаса, кўнглингизда у ишга норози бўлинг, ана шу имоннинг энг заиф даражасидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Динимиз нотўғри ҳолатларга бепарво бўлишдан қатъиян қайтаради, уни иложи борича тезроқ тузатишга тарғиб этади.
– Биз бу қоидаларга амал қиляпмизми?
– Афсус. Кўча-кўйда, таксида бир одам душманнинг бўҳтонларини такрорлаб кетаётган бўлса, биз нима қиламиз. Ичимиздан нафратланамиз, лекин индамаймиз. Мана шу лоқайдлик. Яхши мўмин бўлсак, нега индамаймиз? “Ака, ука, опа, синглим, ундай деманг. Ҳаётимизга қаранг, йилдан йилга яхшиланиб боряпти. Бир жойда сиз айтган камчиликлар бўлса бордир. Лекин мамлакат бўйича бундай хулоса бериш тўғри бўлмас. Мана бундай, бундай, бундай ишлар қилинди. Баҳрамандмиз. Ҳаммамиз кўриб турибмиз”, деб қўйсак, имонимиз ҳаловат топади-ку! Шунда ножўя ишни қилаётган киши тўхтар. Тўхтамаса, сиздан кейин келаётган менинг ёки учинчи ватандошининг гапидан сўнг тўхтайди. Уялади. Ножўя ишни тўхтатишга сабаб бўлишнинг савоби қанчалар улуғ.
Бирор яхши ишни кўрганда нима қилишимиз керак? Индамай ўтиб кетишимиз керакми? Менимча, бунда ҳам, Пайғамбаримиз айтганларидек, лоқайд бўлмаслигимиз керак. Вақтимиз бўлса, тўхтаб, бир дақиқага бўлса-да, қўлимиз билан ёрдам берайлик. Шошаётган бўлсак, сўзимиз билан қўллаб, “Ҳорманг! Яшанг!”, деб мақтаб ўтайлик. Бунга ҳам ярамасак, ичимизда “Яхши иш қиляпти. Барака топсин”, деб ўйлаб ўтайлик лоақал. Унутмайлик, миллий юксалишимиз ҳар биримизнинг жамиятда, интернетда учраётган ҳар бир ножўя ишга ҳам, яхши ишга ҳам лоқайд, бепарво бўлмай, муносабат билдиришимизга-да боғлиқ.
– Бундан қандай амалий хулоса қилишимиз керак?
– Янги Ўзбекистоннинг миллий ғояси – “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” интилиш. Унинг рўёби учун ҳар биримиз бир соат вақтимизни аямай, асосий тамойилларининг маъносини тушуниб олишимиз керак. Улар “Жонажон Ўзбекистон – муқаддас Ватан”, “Миллий ўзлик”, “Куч – адолатда”, “Халқ розилиги”, “Жаҳолатга қарши – маърифат”, “Оила ва маҳалла Ватан ичра ватандир”, “Инновацион тараққиёт” деб ифодаланди. Бир соатдан кейин ҳар биримиз, ҳамма жойда, доимо ана шу тамойилларга ўзимиз амал қилайлик. Мана шу тамойилларга мос фаолият юритаётган ҳар бир ватандошимизга қўл, сўз, фикр билан мадад берайлик. Аксинча, миллий ғоямиз тамойилларига зид, ножўя иш қилаётган ҳар бир ватандошимизни қўлимиз, сўзимиз билан тўхтатишимиз керак. Бунга иродамиз етмаса, лоақал кўнглимизда бу ишдан норози бўлишимиз лозим.
– Ҳозир таъкидлаб ўтаётганларингиз кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини қандай топади?
– Ҳар бир ўзбекистонлик “Жонажон Ўзбекистон – муқаддас Ватан” деб, ўзини ватанпарвар тутсин. Ватанни парвариш қилсин. “Миллий ўзлик” деб, ўзини халқининг бир фарзанди, хизматкори деб фахрлансин. Ўзбекнинг гўзал маданияти, маънавиятини намоён қилсин. “Куч – адолатда”, деб бировнинг ҳақига қўл чўзмасин, ўз қонуний ҳақини бировга бермасин. “Халқ розилиги” учун иши, маҳсулоти, муомаласи билан бошқаларни ўзидан рози қилсин. Касбий, оилавий, инсоний, ота-оналик, фарзандлик бурчларини аъло бажарсин. “Жаҳолатга қарши – маърифат” деб ҳаётда, интернетда ҳушёр бўлсин. Ўзини ва ватандошларини огоҳлантирсин. Ўзини фирибгар ва душманларга алдатиб қўймасин. Жаҳолат тарқатувчини кўрган жойида тутиб, қонун қўлига топширсин. Жаҳолатни тўхтатсин. Халқини маънавий вируслардан ҳимоя қилсин. “Оила ва маҳалла Ватан ичра ватандир” деган иқрор билан ота-онасини, қариндошларини, маҳалладошларини, кексаларни эъзозласин, уларга хизмат қилсин. Маросим, маъракаларда бел боғлаб шай турсин. Етти қўшниси, уларнинг болаларининг исмларини билсин, уларга мураббий бўлсин. Фарзандларини миллий ва илмий тарбияласин. “Инновацион тараққиёт” янгиликларини яратиб яшасин. Инноваторлик қилиш фақат янги модда, технология яратиш дегани эмас. Уйда, рўзғорда, бола тарбиясида, маданиятда, муомалада янги ва яхши томонга ўзгарсин. Соғлом турмушга, китобхонликка одатланиш, ҳар бир фойдали, хайрли ташаббус ҳам инновация. Ҳар бир ишни илм, илмий-техника ютуқлари ва илғор тажрибаларга асосланиб қилиш ҳаётимиз сифатини оширади.
– Президентимиз маърузасида ривожланган давлатларнинг бугунги такомилида миллий ғоя муҳим, улуғ роль ўйнагани таъкидланди. Хориж тажрибасида бунга қандай мисоллар бор?
– Бу жуда катта савол. Жавобни қисқартиб айтай. Ҳозир, иккаламиз суҳбатлашаётган дақиқаларда ҳам «Америка орзуси» ғояси ишлаяпти. Америкаликларга мотивация улашяпти, бирлаштириб, уларни ҳаракатга келтиряпти. Мафкура масаласи билан Хавфсизлик кенгаши шуғулланяпти. Пентагон яратилаётган ватанпарварлик мавзусидаги кино ва телелавҳалар сценарийларини тасдиқлайди. Шунинг учун Ҳолливудда ишлаб чиқарилган ҳар бир кино, мультфильм, видеороликда АҚШ сиёсати тарғиб қилинади. АҚШ байроғи ва давлат рамзлари намойиш этилади. Мафкуравий вазифалар ижроси устидан назорат нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Германияда миллий ғоя немис миллати ва давлати бирлиги негизида шаклланган. Шахс маънавий тарбиясида асосий урғу «немис миллий характери»ни шакллантиришга қаратилган. Қатъий тартиб ва қонун-қоидаларга риоя этиш немис халқининг энг кучли жиҳати ҳисобланади. Барча ОАВ миллий ғоянинг тарғиботчиси ҳисобланади.
Нидерландияда мафкуравий жараёнлар Ижтимоий сиёсатни тадқиқ қилиш кенгаши (WРР) томонидан бошқарилади. Кенгаш мунтазам равишда муҳим дастурларни тузиш учун олимлар ва фуқаролик жамиятларининг фикрларини тинглайди. Мониторинг олиб боради. Давлат телеканалларида қайси кўрсатувларнинг намойиш этилиши тўғрисидаги қарор “Netherlands Public Broadcasting” (NPO) томонидан қабул қилинади.
– Шарқда-чи?
– Японияда «Миллат, Ватан, Тақдир» тушунчалари уйғун. Мактабларда бизнинг “Тарбия” дарсига ўхшаган «Япон хулқи» фани ўтилади. Бошланғич мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларининг маънавий тарбия бўйича махсус сертификат олиши мажбурий. Ўқувчиларга япон миллати руҳини сингдириш уларнинг энг асосий вазифасидир.
Хитойда миллий ғояга Конфуций таълимоти асос қилиб олинган. Мақсад – Буюк Хитой давлатини қуришда дунёдаги барча хитойликларни бирлаштириш. Тарбия «Она Ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш» ғояси асосига қурилган. Мафкуравий сиёсат Хитой компартияси томонидан бошқарилади. Интернетда ғоявий хуружлардан ҳимояланиш учун Хитой миллий дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилган. “Google” ўрнига “Baidu”, “Telegram” ўрнига “WeChat”дан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Корея Республикасида миллий ғоянинг асоси корейс миллатининг ўзлиги ҳисобланади. Бу ўзлик урф-одатлар, ахлоқий идеаллар орқали сингдириб борилади. Корейс тилига юксак ҳурмат шаклланган. Ёшлар тарбиясида оила асосий маскан. Тарбиянинг илк босқичида оналар фарзандларига корейс миллий анъаналарини (саломлашиш, катталарга ҳурмат...) ўргатишади. Ветеранлар ва ватанпарварлик ишлари бўйича вазирлик бор. Ватан учун қурбон бўлганларни ҳурмат қилиш, ватанпарварлик руҳини сақлаш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. Бош вазифаси – ватанпарварлик қадрланадиган жамиятни яратиш. Шу орқали миллий юксалиш устувор вазифа этиб белгиланган.
Туркия мафкурасида замонавий турк миллатининг умумий ўзига хослиги: ватанпарварлик, давлат мустақиллигига содиқлик, патриархал асослар, раҳбарни эъзозлаш, исломий ўзига хослик ва бошқалар билан ажралиб туради. Ҳозирги пайтда миллий ва диний қадриятларга таянган «Янги Туркия» мафкураси шаклланмоқда.
– Ўзбекистон мафкурасининг негизини нима ташкил қилади?
– Яхши савол. Президентимиз миллий ғоя, мафкура масаласига алоҳида тўхталиб, “Мафкура деганда эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, лабига учуқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас”, деди. Чунки шундай каслар бор. Улар мафкура деганда КПССни тушунади ёки бизнинг мафкурасиз, мақсадсиз, оломон бўлиб яшашимизни истайди. Президентимиз аниқ-тиниқ қилиб: “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, деб таъкидлади. Эслаб қолайлик: Ўзбекистон мафкурасининг негизини Эзгулик, Одамийлик, Гуманизм ғоялари ташкил қилади. Фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар ташкил қилади.
Масаланинг айнан шундай қўйилиши бутун оламга Ўзбекистон мафкураси, маънавий-маърифий сиёсатининг олижаноб мақсадларини яна бир бор ифодалади. Беихтиёр Ҳазрат Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами!” деган сатрлари ёдга тушади.
– Наҳотки миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эскича стереотип билан қарайдиганлар ҳали ҳам бор бўлса?
– Афсуски, бор. Ҳаммамиз ҳаётни, ижтимоий тармоқларни кузатиб келамиз. Билиб билмай “Что такое маънавият?”, “Маънавият нега керак, ўзи?” деган гаплар ҳам бўлди. Мана шундай талмовсировчиларнинг кўзи очиб қўйилди. Уларнинг бир тоифаси – билмай, ўйламай гапирди. Иккинчи тоифа – билиб, ўйлаб гапирди. Маънавиятни билмай ёмонлаганлар ғўр, дунёқараши тор, қайроқмия, китоб ўқимаганлар бўлди. Билиб ёмонлаганлар бизга йўлдош эмасликларини билдириб қўйишди. Чунки улар маънавият, миллий ғоя бизларни ҳушёр, огоҳ қилиб, бирлаштиришини жуда яхши билишади. Улар бизнинг лоқайд, бепарво бўлишимизни, “икки кўзли гўшт”, бемаъни одамлар бўлишимизни истайди. Ана шунда биз ўзимизга зарар, уларга фойда келтира бошлаймиз-да.
– Мана шундай гўзал, одамийлик мафкурасига ким қарши чиқиши мумкин? Кимларнинг лабига учуқ тошиши мумкин?
– Жавоб аниқ – халқини эмас, ўзини ўйловчилар. Ёки “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ ўз ғамидин ғами”, дегувчилар.
Сардор БЕКТЕМИРОВ
суҳбатлашди.
//
Изоҳ йўқ