Элдошларим, дилдошларим

Муаллиф:

Сирожиддин Саййид

Чоп этилган йил:

2021

Жанр:

Назм

Китоб ҳақида

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонимизнинг тараққиёти ҳақида гапириб: “Биз ўз олди­мизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хораз­мийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобур­ларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, – деган сўзларни алоҳида таъкидлаган эди.

Бу жараёнда шоир ва ёзувчиларимиз зиммасидаги вазифалар нимадан иборат, адиблар бунёдкор халқимизга камарбаста бўлиш, ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш учун қандай фаолият олиб бориш зарур? Президентимиз муборак номларини са­наган буюк аждодларимиз илм-фан ва адабиёт намояндаларидир. Инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган алломаларимиз фаолиятига назар ташлашнинг замирида қандай ишоралар борлигини бу­гуннинг ижодкори юрак-юракдан ҳис этганида ўзининг жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайди?

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китобида мана шундай муҳим ва долзарб адабий-ижтимоий масалаларга эътибор қаратилган. Ўқувчиларга “Шоир ва замон” туркумида тақдим этилаётган мазкур китоб икки бўлимдан иборат. “Огоҳлик талқини” сарлавҳаси остида янги шеърлар, “Ватанни севиш керак” деб номлан­ган бўлимда эса мақолалар, суҳбат ва муносабатлар жамланган.

Китоб мутолааси давомида ўқувчилар замонамиз қаҳрамонла­рининг ибратли фаолияти, ички кечинмалари, орзу-ниятлари би­лан танишади. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлар бадиий талқин этилгани, воқеалар, ҳолатлар жонли ва ҳаётий мисоллар, ҳароратли сўзлар воситасида тасвирлангани ту­файли асарлар китобхонлар юрагида халққа ва Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотади. Китобнинг бутун мазмун-мундарижаси ичра бўй кўрсатиб турган бош қаҳрамоннинг бедор ва беҳаловат юраги­нинг “йўл харитаси” эса ўқувчини сеҳрли ҳайрату ҳаяжонларга ошно этади. Замон руҳи ижодкор юрагида жўш урса ва унинг асарларида акс этса, нур устига нур бўлади. “Аё шоир, элинг айтар: балони сўз билан қайтар”, дейди шоир ва сиз бу сўзларнинг чин юракдан ай­тилганига имон келтирасиз.

“Адабиёт – халқнинг юраги” деган ҳикматли сўзда ана шундай юксак ғоя ва эзгу ният мужассам, деб биламиз.

Азиз ўқувчи, сизнинг ҳам юрагингиз бугунги замонамиз руҳига ҳамнафас, адабиётга ҳамоҳанг уриб турганига сидқидилдан ишона­миз.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Ўхшаш китоблар

//