«Ўғри каналлар ва шахсларга ‘йўқʼ денг». Фаоллар қирғиз киноижодкорлари фильми ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилганини қоралади


Saqlash
14:05 / 06.05.2024 272 0

Қирғизистонлик киноижодкорлар томонидан сурат олинган, анча катта муваффақиятга эришиб, бир неча миллиардлар касса йиғаётган «Жаннат оналар оёғи остида» (Бейиш – эненин таманында) фильми ўзбекистонлик «уддабуронлар» тарафидан ўғриланиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилди. Шубҳасиз, фильмдан катта натижалар кутаётган қўшни мамлакат ижодкорларига учун бу ёқимсиз ҳолат бўлди. Бироқ ушбу воқеа бундай ишларнинг биринчиси эмас. Ўзбек киномухлислари, аллақачон фильмларни кинотеатрларда эмас, интернет ва ижтимоий тармоқларда кўришга ўрганиб қолган. Муаллифларнинг меҳнатини бир чақага айлантирувчи ушбу «ўзбекона» одат қачонгача давом этади? 

 

Бир қанча Ўзнет фойдаланувчилари ва фаоллари ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

 

Фурқат Жўрақулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари

 

«Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, бошқалар меҳнатини ҳурмат қилишни қадрият даражасига олиб чиқишимиз керак.

 

Биродар қирғиз ижодкорларининг «Жаннат оналар оёғи остида» фильми юртдошларимиз орасида анчайин оммалашди. Кинотеатрларимизда бир ҳафтада 1,5 миллиард сўмга яқин маблағ тўплангани, фильм ҳақиқатдан ўзбек томошабинларига манзур бўлганидан далолат. Мен фильм мазмуни, ғояси ҳақида эмас, унинг атрофидаги воқеалар сабаб кун тартибига чиқаётган муаллифлик ҳуқуқи масаласига бироз тўхталмоқчиман.

 

Фурқат Жўрақулов

 

Фильм ҳали кинотеатрларда кетаётган, ижодкорлар меҳнати ортидан маблағ ишлаётган бир вақтда айрим «шоввозлар» кинони Телеграм каналлар орқали тарқатиб юборгани кишини уялтирди. Биз нега бировнинг ҳақидан қўрқмаяпмиз, ижодкорлар меҳнатини оёқости қиляпмиз?

 

Масаланинг юридик томони, бу иш учун қонунда жавобгарлик борлиги эслатилди. Барака топишсин, ҳуқуқшуносларимиз бу ишдан қайтариб, қанча жарима тўланиши бўйича тушунтириш ҳам берди. Бу масаланинг юридик тарафи, ҳуқуқбузарликка қатъий жазо бор.

 

Лекин муаммо юзага келишининг ижтимоий, маънавий сабаблари ҳам бор. Уларга қарши курашмас эканмиз, бу иллатни таг-томири билан йўқотиб бўлмайди. Бунинг учун болага оила, таълим, кундалик ҳаётда бировнинг ҳақига хиёнат қилиш мумкин эмаслиги ўргатилиши, инсон меҳнатини ҳурмат қилиш қадрият даражасига олиб чиқилиши керак. Ижодкор ишлаган фильм, медиа маҳсулотни пулини тўлаб оригинал сифатда кўриш, олимлар ёзган китоб, илмий ишларни сотиб, пулли манбалардан кўчириб фойдаланишга ўрганиш вақти келди. Шунда Ўзбекистонда ҳам ижодкор ва олимлар интеллектуал меҳнати сабаб бойийди. Янги асар, тадқиқотлар қилишга мотивация олади.

 

Мен, аввало, ота-оналар, қадрли устозларга илтимос қилардимки, болага бошқалар меҳнатини қадрлаш, ҳақини тўлаб фойдаланишни ёшлигидан сингдирайлик. Арзимас кўринган ҳолатлардан бошлаб тушунтирайлик. Ўртоғининг уй вазифасидан кўчириб беш олганини айтганда, қароқчи сайтлардан фойдаланганда бу ишни уддабуронлик деб мақташ эмас, хато эканлигини тушунтириш лозим. Шунда муносабат ўзгаради, қадриятлар мустаҳкамланади».

 

Илёс Сафаров, журналист

 

«Қирғизистонлик режиссёр Руслан Акун суратга олган «Жаннат оналар оёғи остида» (Бейиш – эненин таманында) фильми Ўзбекистон кинотеатрларида намойиш этила бошлаганидан кўп ўтмай тармоқларга чиқариб юборилибди.

 

Ҳозирча ўзим дуч келмадим, аммо фильмни тўлиқ ва сифатли форматда ташлаб беришган тақдирда ҳам кўрмоқчи эмасман. Режа қилиб қўйганман, насиб этса, фильмни оилам билан кинотеатрга тушган ҳолда томоша қиламан.

 

 

Дўстлар, сизга тавсия, муаллифлик ҳуқуқи, ижодкорлар меҳнатини ҳурмат қилинг. Ўғри каналлар ва шахсларга эса шунчаки «йўқ» денг.

 

Катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган фильмни кинотеатрга борган ҳолда томоша қилиб, ижодкорлар меҳнатини ҳурмат қилишимиз, бу ҳуқуқлар бузилишига бефарқ эмаслигимизни кўрсатайлик.

 

Унутмаслик керак, Ўзбекистонда кинони ўлдирган, яхши санъат асарлари яратилишига тўсиқ бўлаётган омиллардан бири ҳам шундай ўғриликлар ва уларнинг томошабин томонидан қўллаб-қувватланиши аслида».

 

Сарвар Каримов, режиссёр

 

«Қайсидир ўғри «Жаннат оналар оёғи остида» фильмини телефонга суратга олиб, тарқатибди. Хўп, у ўғри, инсофи йўқ тушунамиз.

 

 

Кап-катта одамлар шу ўғриликка шерик бўлиб, уни ўз Телеграм каналларида тарқатяпти. Фаcэбоокъдаги киночилар гуруҳига ҳам юклашибди.

 

Бу бировнинг ҳаққини ейиш эканини наҳот тушунишмаса?

 

Худо хайрингизни бергур, тушунинг, бу қип-қизил ўғрилик.

 

Кинони кўргингиз келса кинотеатрга боринг. Расмий онлайн платформада пул тўлаб кўринг. Фильм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганку, кимдир пул сарфлаб ишлаган. Сиз ўша тадбиркорнинг мулкини ўғирлаяпсиз.

 

Самандарбек Шарифжонов, фойдаланувчи

 

«ЪЖаннат оналар оёғи остидаъ қирғиз фильми интернетда тарқалиб кетди. Кимнингдир қилган оддий иши (видеога олиб, тарқатиб юбориши), кимларнингдир йиллаб қилган меҳнатини бир зумда йўққа чиқарди».

 

Шаҳноза Соатова, блогер

 

«Кеча ‘Жаннат оналар оёғи остида’ фильмига тушдик. Фильм яхши, кўринглар, тавсия қиламан. Спойлер бўлмаслиги учун батафсил тақриз ёзмайман.

 

 

Битта фикр фақат: шундай фильмнинг ўғриланган версиясини кўраётганлар қандай ўйлашади? Ҳай, қароқчиларнинг худоси пулдир, томоша қилаётганлар фильмнинг маълум бир жойига келганда миясига «тинг» этиб урмайдими, ман ҳам ёмон одам эканманку, бировнинг ҳақини еб қўйибманку деб тавба қилмасмикан? Чунки картинада умуминсоний ва диний қадриятлар кўрсатилган: ҳажга бориш, онани улуғлаш, бировнинг ҳақидан қўрқиш…

 

Парадоксда ғалати».

 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда яна кўплаб фойдаланувчилар қирғиз фильмининг ўғриланганини қораламоқда. Кўпчилик бу омил Ўзбекистонда ҳам кино саноатига ривожига жиддий таъсир кўрсатаётгани, ижодларни молиявий рағбатдан айираётганини таъкидлаган.

Izoh yo‘q

Izoh qoldirish

So‘nggi maqolalar

Barchasi





Ko‘p o‘qilgan

Barchasi

Adabiyot

18:04 / 05.04.2024 0 19456
Yaponiya sotuvga qo‘yiladi

San’at

11:08 / 28.08.2021 8 16796
Dunyoning eng mashhur va qadimiy besh muzeyi