Ўзбек ёзувчи-шоирлари ҳаётидан қизиқарли воқеалар


Сақлаш
10:11 / 14.11.2023 0 403

 

Эркин Воҳидовнинг ҳар ойда бир марта бўлиб турадиган “гап”и бўлган. “Гап” 2016 йилнинг баҳорида профессор Умарали Норматовнинг ош тортиши билан якун топган. Ушбу товоқдошлик сўнгги нуқтасига етишидан уч-тўрт йил йил олдин Эркин Воҳидов “Бугун мен навбат беряпман, сиз “туёқ” бўлақолинг”, дея Анвар Обиджонни ўтиришга бошлаб боради. Ўша куни Тахтапул шаршараси биқинидаги ресторанда бўлган зиёфатда “гапчи”лардан бир нечтаси оламдан ўтиб кетди, энди сафни тўлдириш учун Иқбол Мирзо, Шуҳрат Ризаев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ҳамидулла Болтабоев, Анвар Обиджонни ҳам улфатчиликка қўшсак, деган таклиф киритилади.

 

Шунда Анвар Обиджон ресторан ёки кафеларда кўпчиликка бу қадар тўкин дастурхон ёзишга чўнтагининг доим ҳам қурби етавермаслигини айтишдан ийманиб, “Сизлар зиёфатга хотинларингиз билан келар экансизлар, меники ғирт қишлоқи, бунақа аралаш ўтиришларга бориб ўрганмаган”, дея баҳона қилиб, узр сўрайди. Бундай кутилмаган гапдан ҳамма туйқус жимиб қолган пайтда Эркин Воҳидов ўртага сўз ташлаб, вазиятни юмшатади:

– Э, содда бўлмай кетинг! Бу ерда ўтирганларнинг биттасиям хотинингизни танимайди. Бизники мана шу деб бирорта базмбозроқ аёлни кўчадан етаклаб келавермайсизми?!

 

* * *

Матназар Абдулҳаким бир куни Шовот туманидаги чорвачилик хўжалигидаги “Навоийхонлик” тадбирига меҳмонга боради. Шоир чўпонлар, подачилар, бузоқбоқарлар, сутсоғарлар, тракторчилар, мол дўхтирлари ва ферма мудири жам бўлган хонада Алишер Навоий ғазалларидан ўқиб, сўзма-сўз шарҳлаб беради.

Икки соат давом этган анжуман якунида шоир залдагиларга қарата:

– Энди бизга қандай саволларингиз, фикрларингиз бўлса, марҳамат, тортинманглар – дейди.

– Менда фикр бор, дея қўл кўтариб ўрнидан туради шу пайт орқада тишини қисиб ўтирган ферма мудири. – Учрашув жуда мазмунли ўтди. Алишер Навоий ҳазратларига ҳам, сизга ҳам катта раҳмат! Бироқ, айбга буюрмайсиз, мен қўл остимдаги чорвадорларнинг дунёқарашини яхши биламан. Уларнинг хаёлини ҳозир улуғ шоиримизнинг ғазали эмас, вақтида қочирилмай қолаётган ғунажин, соғиш вақти ўтиб бораётган сигирлар-у, ичи ўтган бузоқлар эгаллаб олган...

Шоир мийиғида жилмаяди, залда эса гуруллаб кулги янграйди.

 

* * *

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган ёшларнинг Зомин семинарида қатнашчилар ижодидан ҳеч кўнгли тўлмаётган шоир Усмон Азим футбол бўйича жаҳон чемпионатини кўраётиб, ёнидаги йигитчага сўз қотибди:

– Мана буларнинг ўйнашига бир қара, шу ҳам ўйинми?! Худди шоира қизларимизга ўхшайди...

– Нега устоз? – сўрабди ҳаваскор ёш шоир.

– Кўрмаяпсанми, на шашт бор, на иштиёқ... Жуда паст ўйин бўляпти!

 

* * *

Бир куни шеърхонлик кечасида бир йигит берилиб шеър ўқийди. Буни кузатаётган шоир Иқбол Мирзо ундан:

– Бу кимнинг шеъри? – дея сўрайди.

Йигит ҳозиржавоблик билан:

– Ия, билмайсизми, Абдулла акамни шеъри-ку! – дейди.

– Қайси Абдулла акангиз?

– Ия, танимайсизми, шу “герой” Абдулла Орипов.

Гапга чечан йигит тадбир давомида яна уч-тўртта шеър ўқийди “Эркин акамдан (Воҳидов), Муҳаммад акамдан (Юсуф)”, дея. Буни жим кузатаётган Иқбол Мирзо сўзга чиққанида йигитга қарата бир рубоий ўқийди ва йигитдан фикрини сўрайди. Йигит:

– Зўр шеър экан. Фақат бунинг муаллифи ким? – дея савол беради.

Шу маҳал Иқбол Мирзо кинояли қараб:

– Наҳот танимайсиз? Ахир бу Умар акамни шеъри-ку! – дейди. Яъни, Умар Ҳайёмнинг.

 

Раҳмат Бобожон тайёрлади

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 67
Японларнинг яхши одати

Биласизми?

15:04 / 24.04.2024 0 70
Гўзаллик қимматга тушмасин

Қатра

10:04 / 16.04.2024 1 202
Велосипед



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3790
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3782
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3218
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2920
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2545
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2389
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2224
Қўнғироқ