Жадидчилик


Сақлаш
10:04 / 19.04.2023 0 2940

Жадидчилик (арабча янги) – XIX аср охири ХХ асрнинг биринчи чорагида Марказий Осиё, Қрим, Кавказ, Волгабўйи ҳудудларида шаклланган, янги замонавий мактаб, матбаа ва тараққиётнинг илғор усул ва йўлларини ёқлаб чиққан ижтимоий-маърифий ҳаракат.

 

Жадидчиликни шакллантиришда кўплаб миллат зиёлилари фаол қатнашган. Жамиятни ўртаасрчилик иллатлари, маданий қолоқлик ва мустамлака зулмидан, хурофотдан озод қилиш, халқни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлатчилик асосларини бунёд этиш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсади эди. Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Чўлпон, Паҳлавон Ниёз Ҳожи, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода, Абдулла Қодирий, «Ёш бухороликлар», «Ёш хиваликлар» ташкилоти раҳбарлари бошчилик қилишган. Бу ҳаракат ўзининг мазмун-моҳиятига кўра, XIX аср бошларида мавжуд бўлган диний ислоҳотчиликдан фарқ қилади. Огаҳий, Нодира, Аҳмад Дониш, Турди, Махмур, Фурқат, Муқимий каби ижодкорлар мансуб бўлган авлоднинг қарашлари асосан маърифатпарварлик тамойилига таянар эди. Жадидлар эса нафақат маърифат, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш, мавжуд тартибларни ўзгартириш йўлидан бордилар.

 

Жадидчилик ҳаракати ривожини уч босқичга ажратиш мумкин:

 

1) XIX асрнинг 80-йил охирида мамлакатимизда жадидчилик ҳаракати пайдо бўлди. Тошкентда – Мунавварқори ва Авлоний; Самарқандда – А.Мунзим, С.Азизий, Мулла Қилич; Бухорода – Жўрабой Махсум; Қўқонда – Ҳамза; Наманганда – Сўфизода ва Ибрат каби олиму фузалолар мактаб очиш, ноширлик, саводхонликни ошириш борасида муҳим ишларни амалга оширдилар. Бу жараён I жаҳон урушигача давом этди. Бутун мамлакат бўйлаб кўплаб жадид мактаблари фаолият олиб борди. Шунингдек, матбаачилик, ноширлик, илм-фан, адабиёт, маданият, маорифни миллий асосга кўчиришга интилиш кучайди;

2) I жаҳон уруши Россия империясидаги аҳволни янада мураккаблаштириб юборди, унинг ҳудудида сиёсий ҳаракатлар кучайиб кетди. Бу даврда жадидчилик ўта ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этиб, унинг ғоялари асосида сиёсий партиялар тузилди;

3) 1917 йил октябрида Россиядаги давлат тўнтаришидан кейин Қўқонда Туркистон Мухторияти тузилди ва орадан бир йил ўтмасдан, большевиклар томонидан зўравонлик билан йўқ қилинди. Мухторият раҳбарлари, уни эълон қилишда иштирок этган ёки унга хайрихоҳ бўлганлар ҳам бадарға ва қувғин қилинди, қатағонга учради.

 

XIX аср охири – ХХ аср бошларида ижтимоий-тарихий воқелик ва жадид тараққийпарварларининг сиёсий ва маданий-маърифий маслаклари тақозоси билан жадид адабиёти шаклланди. Бинобарин, ўша даврдаги иқтисодий ҳаётда, маориф, матбуот ва турмуш тарзида қарор топаётган ислоҳотчилик кайфияти адабиёт ва санъатни ҳам четлаб ўтмади, анъанавий йўсиндаги адабиёт ўрнига янги, замонавий адабиёт, янги адабий тур ва жанрлар, ҳатто янги адабий тил шакллана бошлади, публицистика, адабий танқид пайдо бўлди, бармоқ вазнидаги ижтимоий, маърифий шеърият, роман, ҳикоя, драматургия майдонга келди. Жадидчилик адабиётининг Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Абдулла Қодирий, Ҳожи Муъин, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода, Сидқий Хондайлиқий, Фитрат, Садриддин Айний, Тавалло, Нозимахоним, Мирмулла ва Мирмуҳсин Шермуҳамедовлар, Сўфизода, Иброҳим Даврон, Абдулла Бадрий, Нусратулла Қудратулла-Миллий, Хуршид, Чўлпон каби ўнлаб намояндалари етишиб чиқди. Ҳатто анъанавий адабий шаклларда ижод этган Завқий, Нодим, Ибрат, Саидаҳмад Васлий, Каримбек Камий, Хислат, Мискин, Аваз Ўтар, Баёнийлар ижодида ҳам давр воқелиги, замонавий ғоялар аруз вазнида ўз ифодасини топди. Булар ҳам, тараққийпарвар ёшлар қатори, маърифатпарварлик қарашларини шеърга солиб ёки мақола шаклида матбуот саҳифаларида фаол қатнашдилар. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, жадид адабиёти ушбу ҳаракат ғояларини акс эттирувчи бадиий ҳодиса бўлибгина қолмади. Балки шу ҳаракат замирида туғилди, унинг мақсад ва вазифалари тақозосига кўра майдонга келди, ўша давр маънавий ҳаётига таъсир кўрсатди. Жадид мактаблари – халққа ҳамма нарсадан бурун маърифат тарқатиш, замонавий илм-фанни сингдириш зарурлиги ҳақидаги фикр жадидларнинг маърифатчилик фаолиятидаги энг асосий мақсад эди.

 

Жадидчиликнинг пойдевори, тамал тоши – усули жадид мактаби эди. Зеро, «янги» маънони берувчи «жадид» истилоҳи кириб келишининг ўзи айнан янги усулдаги мактаблар билан боғлиқ. 1895–1910 йиллар орасида Туркистоннинг Тошкент, Самарқанд, Қўқон каби барча йирик шаҳарларида, қишлоқларида Бухоро амирлиги ва Хива хонликларида ўнлаб «усули савия» мактаблари очилди. 1903 йиллардан жадидчилик матбуоти учун махсус дарсликлар тузила бошланди, лекин бу ишлар ғоят қийин кечди. Бироқ мустабид ҳукумат ва маҳаллий мутаассибларнинг қаршилигига қарамай, жадидларнинг саъй-ҳаракатлари билан «усули жадид» мактабларининг тармоғи кенгайиб борди. Чинакам маърифат ўчоғига айланган, маданий таназзулдан сақланиш ва жамият маънавиятини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этган янги усул мактабларининг сони 1917 йил бошларига келиб 92 тани ташкил этди.

 

Жадидлар маслагининг амалга ошишида мактаблардан кейинги асосий ўринни матбуот эгаллайди. «Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи» мақоласида Абдулла Авлоний 1905–1917 йиллар давомида ўзбек тилида 23 та газета ва 8 та журнал чоп этилгани ҳақида маълумот беради. «Тараққий» (1906 йил, муҳаррири Исмоил Обидий), «Хуршид» (1906 йил, муҳаррири Мунаввар қори), «Шуҳрат» (1907 йил, муҳаррири А.Авлоний), «Осиё» (1908 йил, муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров), «Самарқанд» (1913 йил, муҳаррири М.Беҳбудий), «Садойи Туркистон» (1914 йил, муҳаррири Убайдуллахўжа Асатуллахўжа ўғли), «Садои Фарғона» (1914 йил, муҳаррири Обиджон Маҳмудов) каби қатор газеталар ҳамда «Ойина» (1913–1915 йиллар, муҳаррири М.Беҳбудий), «Ал-ислоҳ» (1915–1918 йиллар) каби журналлар шулар жумласидандир. Афсуски, сал ўтмай бу ҳаракат бўғиб қўйилди. Собиқ иттифоқ даврида жадидчилик ғоявий-мафкуравий жиҳатдан оқланмади, жадидчилик адабиёти тақиқланди. Гарчи 60-йиллардан кейин бу ҳаракат намояндаларининг айримлари адабий доираларда тилга олина бошлаган бўлса-да, уларга нисбатан умумий тақиқлар ўзгармай қолаверди. Фақат мустақилликдан кейингина бу борада туб ўзгаришлар учун имконият яратилди.

 

Ҳозирги даврга келиб, биринчидан, жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракат сифатида эътироф этилди, унинг хизматлари тан олинди. Иккинчидан, жадид адабиёти миллий маданиятнинг таркибий қисми сифатида баҳоланиб, ўнлаб китоблар, турли асарлар нашр этилмоқда, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Учинчидан, кейинги йилларда асрлар давомида орзу қилинган, жадидлар ҳам интилиб келган эзгу ғоялар амалга ошмоқда, юртимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш имкони пайдо бўлди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

18:06 / 25.06.2024 0 61
Машрабнинг “ўртар”и

Бир куни...

17:06 / 24.06.2024 0 53
Ажина исмли қиз

Қатра

15:06 / 20.06.2024 0 84
Тилни қандай сақлаб қоламиз?

Қатра

17:06 / 11.06.2024 0 176
Орият



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 4245
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 4118
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3491
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 3178
Ўқиш пули

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2941
Жадидчилик

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2715
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2626
Туғилган кун

//