Фарғоналик Набиевлар оиласи меҳрибонлик уйидан олти нафар бола асраб олди

Сақлаш
16:08 / 17.08.2021 938 0

Яқинда фарғоналик Набиевлар оиласи меҳрибонлик уйидан олти нафар чин етим болаларни қарамоғига олди. Уларнинг тўрт нафар фарзанди энди ўнтага етди.

Ушбу хабарни ўқиб, жаҳон уруши даврида инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила, турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларни фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган Шомаҳмудовлар оиласи кўз олдингизга келиши шубҳасиз. Мураккаб пандемия шароитида дунёда кўплаб болалар етим қолаётган бир пайтда Набиевлар оиласининг кўрсатган бу жасорати ҳам айни шундай юксак инсонпарварликка мисол бўлди, десак янглишмаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 августда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари (ўқув-тарбия муассасалари) Миллий гвардияга бириктирилди.

Шунга кўра, Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан тегишли тартибда 6 нафар болани қарамоғига олган Фарғона тумани “Чекшўра” МФЙда истиқомат қилувчи Набижон Валиевлар оиласини атрофлича ўргангач, оила шароити барча талабларга жавоб бериши маълум бўлди. Набижон Валиев кўп болалик оилада вояга етган, тадбиркор, турмуш ўртоғи Зиёдахон Валиева эса Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлайди.

Оила уч йилдан бери фарзанд асраб олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиб, натижа ололмаган. Муаммони Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Акбаров ижобий ҳал қилиб берди.

Хабарда айтилишича, болалар оилага берилганидан сўнг ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган, Миллий гвардия ва вилоят ҳокимлиги масъуллари улардан хабар олиб, суҳбатлар ташкил этмоқда. Шунингдек, уларни ўқишлари учун шароитлар яратиб беришга кўмаклашилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси