“Нобел қўмитасидан хат олган ўзбек олими”, “Лайк гадолари ёхуд хатарли инкубатор” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
09:05 / 10.05.2024 1271 0

“Болалар 11 йил мактабда ўқиётганида мен нега ўқияпман, эртага ким бўламан деган саволни ўзига камдан-кам беради. Тасодифан тўғри келса, кимдир қаергадир жойлаб қўйса, шунда давом эттираман деган ёндашув бор. Журналистикани битириб боради-ю, таҳририятда ишлашга тайёр эмас. Чунки ёшларнинг катта қисми билим эмас, диплом олиш учунгина ўқийди. Кун ўтарга юриш, ўзининг олдига аниқ мақсад қўя олмаслик эпидемияси ёйилиб кетган.” “Таълим шахсни тарбияласин” суҳбатида таълимдаги камчиликлар ҳақида сўз борган. Профессорлар Қозоқбой Йўлдошев, Узоқ Жўрақулов ҳамда ёзувчи Боборавшан Ғозиддиновнинг билимсиз талаба, нимжон кадр, мақсадсизлик эпидемияси каби бугунги таълим атрофидаги муаммолар ҳақидаги гурунгининг  тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2024 йил 1-сонида танишинг.

 

“Эл ким, эл нима корингга ярайди?..” деган жўн савол туғилиши мумкиндир. Эл шундай кучки, унинг инсон ҳаётига таъсирини йиллар давомида англаб бораверасан киши. Бирови яхшингни айтса, ўнтаси ёмонингни айтади. Нигоҳи билан, сўзи билан, ҳаракатлари билан тарбиялаб бораверади эл.” Карвон қўнғироғи рукнида эълон қилинган “Кўҳна дард, янги шифо...” мақоласида юртдошларимизнинг бугунги кундаги энг катта ва асл муаммолари ҳақида сўз боради.

 

“Тилда миллат сийрати, тафаккур  ва маънавият акс этади. Тараққиёт ўзанида турли технологиялар билан бирга янги атамалар, сўзлар ҳам тилимизга тўхтовсиз кириб келмоқда. Бу табиий жараён. Бироқ ҳар бир янги сўз ёки атамани баъзан шундайлигича қабул қилишдан олдин она тилимиздан муқобилини излаб кўришимиз керак.” “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида четдан кириб келаётган сўзларнинг муқобиллари билан танишинг. Уни профессор Бахтиёр Абдушукуров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов тавсия қилади.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Янги куннинг эски тарихи”, “Мангутовнинг мангулиги”, “Туркистон шаҳарлари Навоий тасвирида”, “Ўн аср наридан, ўн аср беридан”, “Онадан олислаётган одамлар” “Дўнгпешона дўнг ўзбегим” мақолалари, “Худо ёрлақаган одамман” суҳбати, “Инсон қалби билан ҳазиллашманг” давра суҳбати, “Озодлик дея ҳайқираман” – дунёни ўзгартарган нутқни ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Оғриқли томоша” ҳақида сўз боради.

 

“Бугуннинг ўқувчисини ўн аср нарига олиб бориб бўлмайди. Узоқдаги хазина экилмаган уруғ ҳосилидай гап. Табдиллар зарурат. Фақат хазинани замон чархпалагига оғдириш, авлодлар кўнглига пайвандлаб, бугуннинг маънавий мулкига – фаол қувватга эвириш лозим”. “Ўн аср наридан, ўн аср беридан” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт” билан маънавий қувватингизни мустаҳкамлаб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси