Энди юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди

Сақлаш
09:05 / 07.05.2024 511 0

Давлат гранти ўринлари ҳам энг юқори балл тўплаган абитуриентлар танлови асосида белгиланади.

 

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда айтиб ўтилди.

 

Маълумот учун, бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

 

Шу боис тақдимотда таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Шу йилнинг 1 сентябрига қадар эса ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

 

Олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш масаласи ҳам тақдимотда кўриб чиқилди.

 

Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласада, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.

 

«Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди», дейилади хабарда.

 

Шу қаторда энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланиши ҳам айтилди. Бу албатта яхши янгилик.

 

 

Президент йиғилишда тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси