Вояга етмаган қизга тегажоғлик қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Сақлаш
12:04 / 26.04.2024 1611 0

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро О.Й. дан Болалар омбудсманига мурожаат келиб тушган.

 

Мурожаатда Чироқчи туманида яшовчи вояга етмаган қиз Б.Б. (2006 йилда туғилган) га нисбатан жинсий тегажоғлик қилиниб, ҳолат видеога олинганлиги ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинаётганлиги билдирилган.

 

Шундан сўнг Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олган.

 

Аниқланишича, 2023 йил июль ойида Б.Б. га Ш.Х. томонидан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу ҳолат бошқа шахс — Ж.М. томонидан телефон орқали видеотасвирга олинган. Кейинчалик Ж.М видеотасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, қиздан товламачилик йўли билан пул олган. Бу бир марта бўлмаган. Ж.М кейин ҳам видеотасвирни тарқатиш билан таҳдидни давом эттирган ва товламачилик қилиб, қиздан пул ундириб келган.

 

Б.Б. (2006 йилда туғилган) ҳам 2024 йилнинг 30 март кунига келибгина ҳолат бўйича туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатга асосан, терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббиёт, криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган.

 

Хабарда келтирилишича, жорий йилнинг 8 апрель куни ЖКнинг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) ва 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мазкур жиноят иши Қашқадарё вилояти прокуратураси назоратида бўлиб, Болалар омбудсмани бу борада ўз кузатувини давом эттирмоқда.

 

«Ўз навбатида, ОАВда интернет орқали вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар юзасидан фото ёки видеотасвирларни очиқ ҳолда тарқатиш шахс, шу жумладан, бола манфаатларига мутлақо зидлигини эслатамиз. Бунинг учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик кўзда тутилган», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси