Қадимий тангаларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахслар ушланди

Сақлаш
18:04 / 25.04.2024 1653 0

Бухоро вилояти божхона бошқармасининг «Бухоро аэропорти» чегара божхона пости орқали қадимий нумизматика буюмларини олиб чиқиб кетишга бўлган уриниш бартараф этилди, деб хабар берди Бухоро вилоят божхона бошқармаси.

 

Маълум бўлишича, тангаларни мамлакатдан олиб чиқмоқчи бўлган шахслар 2 нафар бўлиб, улар Бухоро -Внуково йўналишда учишни режалаштирган.

 

«Бартараф этилган икки ҳолатда жами 4 дона қадимий тангалар борлиги аниқланди. Ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган тангаларнинг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза ўтказилди», дейилади хабарда.

 

Аниқланишича, мазкур тангалар 1751 йилда Россия империясининг биринчи императори Пётр И ҳукмронлиги даврида Екатеринбург зарбхонасида зарб этилган.

 

Олиб қўйилган қадимий нумизматика ашёлари доимий сақлаш учун Бухоро давлат музей-қўриқхонасига тақдим этилгани айтилади.

 

«Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонунига асосан зарб этилганлигига 50 йилдан ошган нумизматика буюмларини юртимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланади», дейилади хабар якунида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси