Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Сақлаш
12:04 / 25.04.2024 1347 0

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон халқи номидан биродар афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини етказиш мақсадида Афғонистоннинг Балх вилоятига жўнаб кетди, деб хабар берди вилоят Матбуот хизмати.

 

Хабарга кўра, жами 8 та юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 минг литр ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт, 24 тонна шакар ва 22 тонна макарон маҳсулотлари ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган қадоқланган лағмон пакетлари ўрин олган.

 

Шу муносабат билан бугун Ҳайратонда икки мамлакат расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтади, дейилади хабарда.

 

 

Маълум бўлишича, Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Орипов, Афғонистон иқтисодиёт вазири Дилмуҳаммад Ҳаниф ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Учрашувда икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилган.

 

 

Тадбирда иштирок этган афғонистонлик расмийлар Рамазон ойида кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирган.

 

Олдинроқ Ўзбекистон халқидан Қозоғистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси