Оролбўйидан динозавр суяклари топилди

Сақлаш
17:04 / 24.04.2024 775 0

Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институтининг геология лабораторияси мудири Иззет Аимбетов маълум қилишича, ўтган йилнинг сентябрь ойида словакиялик бир нечта палеонтолог олимлар қорақалпоғистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.

 

Ҳамкор томонлар Оролбўйидаги кўплаб ҳудудларда тадқиқот олиб бориб, ноёб топилмаларни топган.

 

Маълум бўлишича, топилмалар орасида сувда яшайдиган динозаврнинг кичикроқ турининг суяги ҳам бор.

 

Шундан сўнг хорижлик палеонтолог юртларига қайтиб кетган. Аммо улар шу йилнинг апрель ойи бошида яна Қорақалпоғистонга келиб, тадқиқот ишларини давом эттира бошлаган.

 

Ана шу изланиш жараёнида Устюртда динозавр изи топилди.

 

«Ўша из шунча йиллар давомида қандай сақланиб қолгани бизга жуда қизиқ…« дейди Аимбетов.

 

Унинг сўзларига кўра, динозаврнинг излари ерга ботиб, вақт ўтгани сайин геологик жараён натижасида тошга айланиб қолади. Ҳозир олимлар ана ўша тош изларни чуқур ўрганмоқда.

 

Шунингдек, дала тадқиқот ишлари давомида динозавр боласининг суяклари ҳам топилган.

 

Палеонтологларнинг айтишича, бундай ноёб суяклар ҳозирча Америка Қўшма Штатлари, Руминия, Хитой ва Қорақалпоғистонда аниқланган.

 

«Олимлар яна кўплаб ноёб суяклар топишди. Бизда ноёб топилмаларни таҳлил қилиш имкони бўлмагани туфайли улар топилмаларни ўрганиш учун олиб кетишди», дейди Аимбетов интервью давомида.

 

Расмийнинг сўзларига кўра, иккинчи экспедицияда иштирок этиш учун Франциядан ҳам олимлар келиб Қора-тоғ тоғлари, Устюрт, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларида бўлиб кўплаб ноёб суякларни топган. Ҳозирда мазкур топилмалар Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида сақланмоқда.

 

«Қорақалпоғистонда палеонтолог олимлар йўқ. Умуман, Ўзбекистонда бундай мутахассисларга жуда катта эҳтиёж бор. Бу соҳа вакиллари кейинги йилларда камайиб кетди… Иккита экспедиция жараёнида топилган суяклар 70 миллион йил олдин яшаган ҳайвонларнинг суяклари бўлиб, шу суяклар орқали олимлар ернинг тарихини ўрганади» дейди Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институтининг геология лабораторияси мудири.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси