Ҳар йили машҳур алломалар ҳаётига бағишланган асарлар яратилади

Сақлаш
12:04 / 21.04.2024 1139 0

«Болалар учун машҳур алломаларимиз илмий-маърифий мероси ҳамда уларнинг ибратли ҳаётига бағишланган махсус асарлар яратиш дастури тўғрисида» Вазирлар Маҳкамаси қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

 

Ҳужжатга кўра, ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг илмий-маърифий ва маънавий мероси билан янада кенгроқ таништириш ва уларнинг ибратли ҳаётига бағишланган махсус асарлар яратиш орқали уларда миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантириш мақсадида ҳар йили 50 номда махсус, ихчам асарлар яратилади.

 

Жумладан, жорий йилнинг ўзида Авлоний, Беруний, Темур Малик, Нажмиддин Кубро сингари тарихий шахслар ҳақида асарлар яратиш кўзда тутилган.

 

Қуйида уларнинг рўйхати келтирилган:

 

 

 

 

Ҳужжатда ёзилишича, кейинги йиллар учун яратилиши мўлжалланган асарлар рўйхати ҳар йили 1 февралга қадар ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

 

Рўйхат шакллантирилишида китобхонлар, ота-оналар, ноширлар ва таълим муассасалари мутахассисларининг таклиф-мулоҳазалари умумлаштирилиб, китоб маҳсулотлари миллий бозори эҳтиёжлари мунтазам ўрганиб борилади ва зарур ҳолларда Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

 

Дастур доирасида яратиладиган асарлар муаллифларига қалам ҳақи Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

 

Асарларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ҳам Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар йили чоп этиладиган асарларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш учун энг мақбул таклифлар асосида нашриёт ва матбаа корхоналарини аниқлайди.

 

Чоп этилган асарлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ва болалар кутубхоналари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг тизимидаги ахборот-кутубхона марказлари ҳамда Республика болалар кутубхонасига бепул тарқатилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси