5 та ҳудудда чиқинди хизматлари учун тарифлар оширилди

Сақлаш
15:04 / 19.04.2024 1486 0

Яна беш ҳудудда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди, деб ёзади Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази Матбуот хизмати.

 

Хабарга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қарши шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди.

 

Нархлар қуйидагича кўрсатилган:

◾️ Қорақалпоғистон Республикасида – аҳоли учун 4 032 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 72 минг 240 сўм (ҚҚС билан);

◾️ Жиззах вилоятининг жами 13 та шаҳар ва туманида – аҳоли учун 1 кишига ойлик 6 000 сўм ҳамда юридик шахсларга эса 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 60 000 сўм ва 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 135 минг 420 сўм;

◾️ Сирдарё вилоятида – аҳоли учун 4 000 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚС билан) 81 минг сўм;

◾️ Сурхондарё вилоятининг жами 15 та шаҳар ва туманида – аҳоли учун 1 кишига ойлик 4 500 сўм ҳамда юридик шахсларга эса 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 70 минг сўм;

◾️ Қарши шаҳрида – аҳоли учун 6 160 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚС билан) 89 минг 600 сўм.

 

 

«Ишчи орган этиб белгиланган Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизель ёқилғиси эса 2 бараварга ошган. Бироқ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган, бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган», – дейилади хабарда.

 

Маълумот учун, ҳозирда бошқа ҳудудларда ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси