Болага тақиқ қўйишнинг салбий оқибатлари маълум қилинди

Сақлаш
12:04 / 18.04.2024 964 0

Калифорниялик олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 1 ёшгача бўлган болалар кунига ўртача 400 марта «йўқ» («no») деган мазмундаги сўзларни эшитар экан. Масалан, сакрама, йиғлама, югурма каби.

 

Бундай тақиқлар оқибатда бола онг остида «мен хавфсиз ҳолатда қолишим учун ўзимни чегаралашим керак экан» деган иррационал ишончни сингдириб қўйиш эҳтимолини ошириши маълум бўлди.

 

Хўш, бунинг ечими қандай?

Тўғри, бола хавфсизлигини таъминлаш учун тақиқлар керак, аммо меъёрини ўзгартиришимизга тўғри келади.

 

Яъни, тақиқнинг ўрнини босувчи бошқа хатти-ҳаракатларни таклиф қилиш усулини қўллаш тавсия этилади. Масалан:

◾️ «Югурма» ўрнига «секинроқ юр, болам»;

◾️ «Йиғлама» ўрнига «кел ёнимга, нима ёрдам керак, айт» каби.

 

Бундан ташқари, тақиқни рухсатга айлантириш усули ҳам мавжуд, яъни бундай:

◾️ «Ҳозир ема! Қўлингни ювмагансан?» ўрнига «уни қўлингни ювганингдан сўнг ейсан»;

◾️ «Ҳовлига чиқма» ўрнига «ҳовлига бир оздан кейин бирга чиқамиз» каби.

 

Яна битта усул, бу – тақиқ эмас, таклиф қилиш. Яъни:

◾️ «Телефон ўйнама» ўрнига «кел, бирга ЛEГО ясаймиз»;

◾️ «Унга тегма» ўрнига «қара, сенга бир нарса кўрсатаман» каби.

 

Ота-она қўйган тақиқлар боланинг қизиқувчанлигини тўсиб, «олам хавфли экан» деган тасаввур ҳосил қилдириб қўймаслиги зарур. Бу боланинг келажаги учун энг муҳим таъсир ҳисобланади.

 

Шунинг учун фарзандингиз учун олам билан таништиришнинг махсус усулини ўйлаб топишингиз керак. Аммо бу усул ортиқча чегаралар, гипперғамхўрликлардан ҳоли бўлиши шарт, токи улар болангизни чегаралаб қўйишга хизмат қилмасин.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси