Президент бир қатор хориж давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан учрашди

Сақлаш
17:04 / 15.04.2024 814 0

Жумладан, Шавкат Мирзиёев билан биринчи бўлиб Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

 

 

Учрашувда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

 

Маълумки, икки давлат ўртасида алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда шоир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилиши бунинг тасдиғидир.

 

Учрашув давомида бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан ҳам учрашди.

 

 

Маълумот учун, Қатар делегацияси «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.

 

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд ҳам давлатимиз раҳбарининг қабулида бўлди.

 

 

Таъкидлаш лозим, айни вақтда «Яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ИТ ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.

 

Суҳбат давомида бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилди.

 

 

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилар экан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

 

Шу билан бирга, банк соҳасини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф қилинди.

 

Давлатимиз раҳбари Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилар экан, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

 

 

Ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Кувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси