Термизлик ўсмирлар кўзи ожизлар учун «ақлли ҳасса» ясади

Сақлаш
17:04 / 13.04.2024 963 0

Сурхондарёлик ёш инноваторлар кўзи ожизлар учун «ақлли ҳасса» яратди, деб хабар берди ЮНИСЕФ.

 

Хабарда ёзилишича, сурхондарёлик ака-ука Машҳурбек ва Абдумалик Қаршиевлар ҳамда уларнинг синглиси Муҳаррам оддий ҳассани инновацион «ақлли ҳасса»га айлантирадиган ноёб қурилма ясаган.

 

Ҳасса кўриш қобилияти бўйича ногиронлиги бўлган инсонларга эркин ҳаракатланиш ва жамият ҳаётида ижтимоий фаол бўлишга ёрдам беради.

 

Ўсмирларда бу қурилмани ясаш ғоясининг пайдо бўлишига маҳалладаги кўзи ожиз инсонларга ёрдам бериш мақсади туртки бўлган.

 

У овозли ёрдамчи, акселерометр, компас ва доимий янгиланиб турадиган функцияларни ўз ичига олади.

 

«Электрон гапирадиган ақлли ҳассамиз учун турли сенсорлар, хусусан, тўсиқларни аниқлаш учун ультратовушли сенсорлардан фойдаландик», — деган Абдумалик.

 

Ҳасса, шунингдек, қоронғида ёруғлик чиқариб, атрофдагиларга ўз эгасини кўрсатишга ёрдам беради. Тўсиқлар ҳақида эса 1-2 метр масофа қолганда огоҳлантиради.

 

Унда ГПС функцияси ҳам бўлиб, бу фойдаланувчининг қаерда эканлигини билдиради. Ҳасса йўқолиб қолганда эса бу функция уни кузатиш имкониятини тақдим қилади. Ёрдам керак бўлганда ҳам ҳассада буни билдириш имкони бор. Таёқча устидаги рефлекторлар атрофдагиларга ёрдам бериш сигналини узатади.

 

«Ҳар бир инсон бошқалар билан тенг муносабатга лойиқдир. Дискриминацияни одамлар ўзлари юзага келтирадилар. Келинг, жамиятимизда ҳаммага нисбатан адолатли муносабатда бўлишига ишонч ҳосил қилиш учун биргаликда ҳаракат қилайлик», — деб таъкидлаган Муҳаррам.

 

«Ўзбекистонда ёшларга ишонч билдирилиб, имкониятлар берилса, уларнинг салоҳияти чегара билмайди. Биз бошқаларни илҳомлантиришга ҳамда барча учун яхши келажак йўлида ўзгаришлар ташаббускори бўлишга интиламиз», дея қўшиб қўйган Абдумалик.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси