Мактабларда ўқувчилар ўзбек тили дарсларига кам қатнашгани очиқланди

Сақлаш
11:04 / 09.04.2024 1647 0

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертларининг олиб борган тадқиқотлари натижасида маълум бўлдики, 2023 йилда мактабларда давомат кўрсатгичлари 82,5 фоизни ташкил этган. Буни 2022 йилники билан солиштирганда, 1,1 фоизга пастлигини кўриш мумкин(2022 йилда 83,6 фоиз).

 

Ҳудудлар бўйича давоматнинг энг паст кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (57,8 фоиз), Жиззах (76,9 фоиз), Тошкент (75,8 фоиз) ва Фарғона (79,8 фоиз) вилоятларида кузатилган. Энг юқори кўрсаткичлар эса Бухоро (89,1 фоиз), Сурхондарё (88,3 фоиз) ва Қашқадарё (88,2 фоиз) вилоятларида бўлгани айтилади.

 

Предметлар кесимида, бошланғич синф ўқувчилари орасида энг паст давомат кўрсаткичлари ўзбек тили ва математика дарслари вақтига тўғри келган.

 

Ўрта синф ўқувчилари эса ўзбек тили, информатика, адабиёт ва инглиз тили дарсларига кам қатнашган. Юқори синф ўқувчилари орасида ҳам ўзбек тили, информатика, алгебра ва инглиз тили фанларида давоматнинг энг паст кўрсаткичлари кузатилган.

 

Таҳлилга кўра ота-оналарнинг қуйидагича қисми турли сабаб ва баҳоналар билан болаларини мактабдан олиб қолган:

◽️ Бетоб бўлиб қолиши сабаб – 75,4 фоиз;

◽️ Уй ишларида ёрдам бериши сабаб – 8,9 фоиз;

◽️ Ишга чиқишим учун, 6 ёшгача бўлган боламга қарайдиган бошқа одам йўқлиги сабаб – 3,1 фоиз;

◽️ Хусусий ўқитувчи/репетиторда ўқиши сабаб – 1,7 фоиз;

◽️ Мактабга бориши учун қўшимча харажатларга маблағ етишмаслиги сабаб – 1,1 фоиз.

 

Қизиғи, сўровда қатнашган ота-оналарнинг 8,5 фоизи фарзанди нима сабабдан дарс қолдирганини билмаслигини айтган.

 

Маълумотда ёзилишича, Ўзбекистонда дарсларни кетма-кет уч ой қолдирган ўқувчилар улуши 18,5 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўғил болалар орасида қиз болалар билан солиштирганда нисбатан юқорироқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси