Энди кредит қарздорлигида пеня ҳисобланмайди

Сақлаш
14:04 / 08.04.2024 1427 0

Қонунчиликка кўра кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда, дея маълум қилган Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов АОКАда ўтказилган брифингда.

 

Маълум бўлишича, энди жорий йил 1 январдан бошлаб олинган кредит учун пеня ҳисобланмайди, аммо бунинг учун суд қарори чиққан бўлиши лозим.

 

Яъни, масалан, агар қарз олувчи 10 млн кредит олган ва унинг фоизи тахминан 3 млн бўлса, у судгача бўлган кредит тўланмаган кунлари учун пеня тўлайди. Аммо унинг иши судга оширилса ва суд ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш юзасидан ҳал қилувчи қарор чиқарса, кейинги тўланмаган даврлар учун пеня тўланмайди.

 

Бу янги тартиб 2023 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда назарда тутилган.

 

Амалдаги тартибга кўра, кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган.

 

Эндиликда қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда.

 

Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлсада, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

 

Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

 

Шу маънода суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзига нисбатан 2024 йил 1 январдан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.

 

Айни чоғда суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилиниши назарда тутилмаганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси