Мактабларда «Матншунослик» дарслари ташкил этилади

Сақлаш
14:04 / 03.04.2024 802 0

Президент қарорига кўра, 2024/2025 ўқув йилидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларида бир қатор янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

 

Жумладан, мазкур таълим масканларида ижтимоий ва ижодий фаол, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган адиблар ва жамоат арбоблари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.

 

Шунингдек, «Ёш таржимонлар» клублари фаолияти ташкил этилади.

 

Ушбу мактабларда «Матншунослик» дарслари ҳам ўтилади.

 

Ҳар йили 2 маротаба ўқувчиларнинг «Ижод боғидан гулдаста» номли тўпламларини нашр этиш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Дарс жадвалига «Тасвирий санъат ва чизмачилик» ўрнига «Санъат» (АРТ) фани киритилади.

 

7–9-синфларга ўтиладиган «Технология» фани доирасида робототехника асослари ҳам ўргатилади.

 

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида бадиий адабиёт ва санъат соҳасида иқтидорли ёшларни саралашга қаратилган кўрик-танлов ўтказилади.

 

Бундан ташқари, «Менинг биринчи китобим» лойиҳаси доирасида ҳар бир ижод мактабидан камида икки нафар ўқувчининг ижодий ишлар тўплами нашр этилади.

 

Анъанавий «Зомин семинари»да ҳам ҳар бир ижод мактабидан камида 5 нафардан ижодкор ўқувчиларнинг иштироки таъминланади.

 

Ҳар бир ижод мактаби «Туркий адабиёт дурдоналари» номли 100 жилддан иборат китоблар мажмуаси билан таъминланиб, бу турдаги мактаблар олий таълим муассасалари ва Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналарига бириктирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси