Масжидда ўғрилик қилган шахс 6 йилга қамалди

Сақлаш
12:04 / 03.04.2024 836 0

Тошкент шаҳридаги масжидларда ўғирлик қилиб юрган шахс қўлга олиниб, 6 йилга қамалди, деб хабар берди ЎзА.

 

Маълум бўлишича, фуқаро И.О Тошкентдаги «Абу-сахий» савдо марказида жойлашган жоме масжиди таҳоратхонасида шу ишни қилган. У кийим қўйиш жойида турган курткалардан бирининг чўнтагидан 60 минг сўм ва «Samsung A24» русумли телефонни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

 

Бошқа куни эса у Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжиди таҳоратхонасига кирган ва «Samsung A23» телефон аппаратини ўғирлаган.

 

Судланувчи И.О. суд мажлисида эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам масжидларга кириб, таҳоратхонасига илиб қўйилган уст кийимларнинг чўнтакларидан пул ва телефон аппаратларини ўғирлаганини тан олган.

 

Айбига иқрор бўлиш давомида И.О пулни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборганини, телефон аппаратларини эса ҳар бирини 500 минг сўмдан сотганини маълум қилган.

 

Айбланувчининг айтишича, у аслида масжидга намоз ўқиш учун борган, аммо таҳоратхонада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўғрилик қилган. Шундан сўнг, намоз ўқимасдан масжиддан чиқиб кетган.

 

Судланувчи И.О. ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини, енгилроқ жазо тайинлашни, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб беришини айтган. Жабрланувчилар З.Й. ҳамда Ш.С. эса суддан судланувчига нисбатан қонуний жазо беришни сўраган.

 

«Суд И.О.га нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда, жиноятларни ғаразли мақсадларда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб топди. Айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини эса жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳолади. Суд ҳукмига кўра, И.О.га 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.

 

Шу билан бирга, суд жараёнида етказилган моддий зарарлар масаласи ҳам муҳокама қилинган. Хулосага кўра, судланувчи И.О.дан жабрланувчи З.Й. фойдасига 2 миллион 783 минг сўм, жабрланувчи Ш.С. фойдасига 1,5 миллион сўм ундириш белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси