Солихон домла қамалди

Сақлаш
15:04 / 01.04.2024 826 0

Солихон домла Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди, деб хабар берди "Кун.uz".

 

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар суди Солихон Ортиқхўжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилганини маълум қилган.

 

Маълумот учун, 2022 йилнинг бошида Тошкент вилояти Зангиота тумани «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Ортиқхўжаев ишдан бўшатилганди. Бунга интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқароларнинг, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозлари сабаб бўлгани айтилади.

 

«Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган ушбу имом ноибининг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани қайд этилган», дейилади хабарда.

 

«Дарё»нинг тўлдиришича, Солихон Ортиқхўжаев жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимаган. Яъни, 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари томонидан жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан, Солихон домланинг уйига борилганида, ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлган.

 

Шунингдек, бақир-чақир қилиб, баланд овозда «террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман» деб шовқин қилган ва мазкур хатти-ҳаракати орқали шу ердан ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчилигини бузган. Бундан ташқари, ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефон аппаратини тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.

 

Суд мажлисида у ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдирган ва ҳақиқатдан ҳам хонадонига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар келганлигини, тинтув бўйича ҳужжатлари борлигини айтиб уйига кирганини, ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўраганида уларга қаршилик кўрсатиб, телефон аппарати йўқлигини билдирганини, аммо бақир-чақир қилмаганини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришини сўраган.

 

Суд қарорига биноан Солихон Ортиқхўжаевга 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланган ҳамда 340 минг сўм жарима тўлаши белгиланган.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси