Маст фуқаро танишини отиб қўйди

Сақлаш
14:04 / 01.04.2024 797 0

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида маст фуқаро танишини отиб қўйди. Ўқ қўлбола усулда ясалган қуролдан отилган, деб хабар берди «Дарё».

 

Воқеа жорий йил 29 март куни, соат тахминан 19:30 да содир бўлган.

 

Маълум бўлишича, Шаҳрисабз шаҳрининг «Қўшхона» маҳалласида яшовчи Ш.У. 29 март куни, соат 15:00 ларда Дамас автомобилида кетаётганда ўзига олдиндан таниш бўлган Ш.Р.ни кўриб қолади.

 

Кейин иккаласи биргалашиб бўлиб ҳудуддаги кафелардан бирига боради ва спиртли ичимлик истеъмол қилади.

 

Тахминан бир соатлардан кейин улар кафедан чиқади ва яна бир таниши Т.А.ни кўриб қолиб, уни ҳам автомашинага миндириб олади ва учаласи яна спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида бошқа кафега боради.

 

Бош прокуратура ахборот хизматининг билдиришича, улфатлар кафеда яна спиртли ичимлик истеъмол қилади ва якунда маст ҳолда базм пулини тўлаш устида тортишиб қолади.

 

Тортишиш давомида Ш.У. таниши Т.А.га йўлда келаётган пайтда 50 минг сўм пул берганлигини, шу боис овқатланиш харажатини тўлиқ тўлашини айтади. Шериги эса унга ҳамма пулни тўламаслигини билдириб, ундан олган 50 минг сўм пулини қайтариб беради.

 

У.Ш. пулни олмасдан унга «Пулни чўнтагингга солиб қўй», дея жаҳл қилиб, автомобилидаги темир қувурдан қўлбола усулда ясалган қуролни олади ва шеригининг бошига қаратиб бир марта ўқ узади ҳамда воқеа жойидан кетиб қолади.

 

Т.А. олган тан жароҳати оқибатида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилади.

 

Хабарга кўра, шеригига ўқ узган У.Ш. ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомобилида кетаётган пайтда воқеа жойидан тахминан 500 метр узоқликда бўлган ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланган.

 

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 29 март куни тақдим этилган маълумотномасида Т.А.нинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб цинган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «д» ва «л» бандлари (безорилик оқибатида, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси