Ўзбекистонда фирибгарликнинг янги тури авж олмоқда

Сақлаш
11:04 / 01.04.2024 830 0

Сўнги кунларда ижтимоий тармоқларда фирибгарликнинг янги тури авж олаётгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалмоқда.

 

Тошкент шаҳар ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исаханова ушбу янги турдаги фирибгарликнинг ишлаш схемаси бўйича тўлиқ тафсилотларни маълум қилди.

 

Расмийнинг сўзларига кўра, жабрланувчининг яшаш манзилидаги уй телефонига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, бақириб йиғлаган овозда: «Она, мен йўл транспорт ҳодисасига учрадим. Авария менинг айбим билан содир бўлди. Жабрланувчи оғир аҳволда. Уни зудлик билан операция қилиш керак. Мени қамаб қўйишмоқчи» деб, ваҳима билан гапиради. Сўнг, гўшакни бошқа шахс олиб, ўзини терговчи деб таништиради ва яқин қариндоши, яъни «қизи» ёки «невараси» йўл транспорт ҳодисаси сабабчиси бўлганлигини, ҳозирда жиноят иши қўзғатиш ва қамоққа олиш чоралари кўрилаётганини айтиб, қўрқитади.

 

Буни эшитган жабрланувчининг саросимага тушганидан фойдаланиб, телефонда гаплашаётган шахс жиноят ишини қўзғатмаслик мақсадида, гўёки йўл транспорт ҳодисаси жабрланувчиси билан келишиш учун, пул бериш кераклигини айтади. Сўнг, жиноий гуруҳ аъзоларидан бирини жабрланувчининг уйига юборади.

 

Телефонда гаплашиб турган шахс жабрланувчидан гўшакни қўймасликни талаб қилади. Ўзини терговчи деб таништирган шахс жабрланувчининг уяли телефон рақамини ўзидан сўраб, билиб олади ва уяли телефон рақамига номаълум рақамдан қўнғироқ қилади. Гўёки терговчи жабрланувчи билан гаплашганда пулни олиб кетиш учун бир одамни юборишини айтади ва жабрланувчидан уй манзилини аниқ сўраб, билиб олади. Сўнг, курьер етиб келгунча вақтни чўзади.

 

Жабрланувчидан телефон орқали ариза ёздиради, яъни гўёки йўл транспорт ҳодисаси натижасида жабр кўрган шахсга етказилган зарарни ундириш, уни операция қилиш учун барча масъулиятни ўз зиммасига олганлиги мазмунидаги ариза ёздириб олинади.

 

Шундан сўнг жабрланувчига «қизи»нинг кийими қон бўлиб кетганлиги сабабли устини алмаштириши учун бирорта кийимни, сочиқ ва чойшабни тайёрлаши кераклигини, буларнинг барчасини сумкага солиб, энг пастки қисмига пулни ўраб, солиб қўйишини тайинлайди.

 

Шу ўринда, телефон орқали гаплашаётган шахс уйда яна бошқа телефон бор-йўқлигини сўрайди. Яна бошқа телефон бор бўлса, унинг ҳам рақамини аниқлаб, унга бошқа, учинчи шахс қўнғироқ қилиб, ўзини тиббиёт ходими деб таништиради.

 

Сохта тиббиёт ходими йўл транспорт ҳодисаси қурбони оғир аҳволда экани, зудлик билан операция қилиш кераклигини, бунинг учун жуда кўп миқдорда пул зарурлигини айтади. Жабрланувчининг гўёки «қизи» эса уй телефонида гаплашиб туради. Унинг овози ва гаплари тушунарсиз ҳолатда бўлади. Гўшакдаги аёл йўл транспорт ҳодисаси натижасида лаби ёрилгани сабабли шундай гапираётганини маълум қилади. Шунингдек, ҳозирда шифохонада эканлигини айтади.

 

Жабрланувчи ундан қайси шифохонада эканлигини сўраганда, вилоят шифохонасида эканлигини маълум қилади. Шу билан жиноий гуруҳ аъзолари уйдаги барча телефонларни банд қилиб қўяди. Бу вақтда курьер етиб келиб, пулларни олиб кетади. У юзини кўрсатмаслик учун тиббий ниқоб, кўзойнак ёки парик таққан ҳолатда бўлади.

 

Курьер пулларни олиб кетгандан сўнг ҳам телефонда гаплашаётган шахслар яна вақтни чўзади. Бу вақтда жиноятчилар воқеа жойидан қочиб, яширинишга улгуради.

 

Эътиборли жиҳати, ўзини терговчи деб таништирган шахс русча исм-шариф билан ўзини таништирган бўлади ва тергов қўмитасининг терговчиси эканлигини маълум қилади. Барча иштирокчилар рус тилида суҳбатлашади.

 

Жабрланувчилардан олинган пуллар тўлов тизимлари орқали хорижий давлатларга чиқариб юборилади.

 

 

Маълум бўлишича, бу каби ҳолатлар Россия ва Қозоғистонда ҳам бир неча бор кузатилган.

 

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Кўрилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан жиноий гуруҳ аъзолари нечтаси қўлга олинган.

 

 

Уларнинг орасида Қозоғистон ҳамда Қирғизистон Республикалари фуқаролари ҳам бор.

 

 

Маълумотга кўра, ҳозирда бегуноҳ ёшлар ҳам ушбу фирибгарларнинг жиноий шерикларига айланиб қолмоқда. Бунда фирибгарлар курьер сифатида шу мамлакатда яшовчи, гуруҳга алоқаси йўқ ёшларни жабрланувчиларнинг уйига жўнатади. Оқибатда, ёшлар жиноий ишга шерик бўлиб қолади.

 

Жабрланувчилар эса, асосан, ёши катта кексалар эканлиги айтилади.

 

Тошкент шаҳар ИИББ фирибгарликка алданмаслик учун фуқароларни огоҳликка чақирмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси