Олимлар смартфонларни ҳожатга олиб кирмасликни тавсия этади

Сақлаш
16:03 / 27.03.2024 784 0

Ҳозирги кунда ҳар бир шахснинг энг яқин шериги унинг қўл телефонидир. Ростдан ҳам, смартфонлар эҳтиёжларимизни қондирса ҳам, қондирмаса ҳам доим ёнимизда бўлади. Айтайлик, овқат есак ҳам, йўлда юрсак ҳам, дарс қилсак ҳам ва баъзиларимиз учун ҳожатга кирганда ҳам смартфон қўлимизда бўлади.

 

Британиялик олимлар смартфонни ҳожатхонага олиб кирмасликни тавсия қилади.

 

Сабаби, уяли телефонлар ўзида микробларни яхши сақлар экан. Жумладан, ичак таёқчасидан ташқари, турли патогенлар, масалан, яллиғланиш жараёнлари ва нафас олиш муаммолари туғилишига сабаб бўладиган стафилококклар, сил ва дифтерияга олиб келадиган актинобактериялар, сийдик йўллари инфекциясини келтириб чиқарадиган ва ҳатто сепсисга дучор қиладиган цитробактериялар ҳам смартфонда яхшигина сақланиб қолар экан.

 

Олимларнинг фикрича, телефон дисплейида ётган микроблар сийдик йўллари орқали танага кириши мумкин. Шунинг учун, смартфон билан ҳожатхонага бормаслик тавсия этилади.

 

Бундай ёмон одат яна битта ёқимсиз касалликнинг ривожланишига сабаб бўлиши исботланган. Бу – геморрой.

 

Сўнгги йилларда олимлар одамлар ҳожатхонада кўпроқ вақт ўтказа бошлаганидан хавотирга тушмоқда.

 

Смартфон билан ҳожатхонада ўтириш танага ноодатий босим тушишига сабаб бўлади. Шифокорлар ҳожатхонада узоқ вақт ўтириш геморройга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Уларнинг фикрича, кунига 6-8 дақиқа ҳожатхонада ўтириш маъқул. Узоқ вақт ўтириш ичакнинг кераксиз кучланишига олиб келади.

 

Олимлар 1 200 нафар исроилликларда тадқиқот ўтказган. Маълум бўлишича, исроилликлар кунига ўртача 24 дақиқани ҳожатхонада ўтказар экан. Аммо респондентларнинг 8 фоизи ҳар куни 1-2 соат ҳожатхонада ўтиришларини тан олган. Уларнинг 25 фоизида геморрой ташхиси қўйилган. Бу кўрсаткичлар эса кунига атиги 10 дақиқа ҳожатхонада ўтирганларга қараганда 2 баравар юқори.

 

Шунингдек, Аризона университети олимлари умумий ҳожатхоналардаги «унитаз» қопқоғига қараганда смартфонда микроблар 10 баробар, агар телефон ғилофли бўлса,17 баробар кўп бўлишини исботлади.

 

Шуннгдек учун, мутахассислар телефонни мунтазам тозалаб, артиб туришни тавсия қилади. Чунки микроблар қўл орқали смартфонга ўтиши мумкин. Қўл доимий ювилгани учун унда микроблар сақланиб қолиши эҳтимолдан йироқ, аммо смартфонларни тозалаб туриш ҳар доим ҳам хаёлимизга келмайди. Оқибатда, микроблар ҳам смартфонимиз каби ҳар сонияда бизга ҳамроҳ бўлади.

 


Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси