12 ёшли қизга тегажоғлик қилган нафақадаги ўқитувчи 8 йилга қамалди

Сақлаш
11:03 / 26.03.2024 860 0

Ҳолат бўйича хабар 2023 йилнинг август ойида тарқалган.

 

Маълум бўлишича, 12 ёшли қизнинг онаси Nemolchi.uz'га мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, у қизини 67 ёшли нафақадаги мусиқа ўқитувчисига тўгаракка қўйган. Ўқитувчи дарс бериш асносида икки йил давомида қизга тегажоғлик қилиб келган. Ҳатто эркак ўз ўқувчисининг номусига тегишига ҳам сал қолган.

 

Ўқитувчи нафс йўлида оиланинг тўлиқ ишончига кириб, ҳатто уларнинг уйига ҳам бориб турган.

 

Қиз аввалига машғулотларга ўз ота-онаси билан қатнаган, лекин 2023 йилнинг март ойидан бошлаб бир ўзи дарсга боришни бошлаган.

 

Қиз биринчи марта ёлғиз келганида ўқитувчи унга дарс бермаслигини, бу билан ҳаётда ўрнини топа олмаслигини айтган. Мусиқа қизнинг орзуси эканлигини билиб туриб, уни қадрсизлантирган. Шундан сўнг ўқувчисига ўзининг «ўзгача» муносабатларини қабул қилишини уқтириб кела бошлаган. Агар қиз ота-онасига билдирадиган бўлса, унинг яхши шуғулланмаётганини айтиш билан қўрқитган.

 

Онанинг айтишича, қиз ҳар сафар ёлғиз келганида ўқитувчи уни ўпиб, тана қисмларига қўл теккизиб, шилқимлик қилган. Қизнинг телефонидан порнографик характердаги сайт ва комиксларни очиб, жинсий яқинлик таклиф қилган. Қизча ўқитувчисининг бундай муносабатидан шокка тушиб, ундан бундай қилмасликни сўраган. Ҳолат ҳар дарсда такрорланаверганидан қиз ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ҳам ўйлаган.

 

2023 йил 19 май куни қизча навбатдаги машғулотга келади. Ўқитувчи маст ҳолатда бўлган ва киришиданоқ қизчага тегажоғлик қилиб, номусига тегмоқчи бўлади. Қизча эса қочишга улгуради. Уйга келгач, ота-онаси ундаги ўзгаришларни пайқаб, нима бўлганини сўрайди ва қизчадан суриштириб, бор ҳақиқатни билиб олади.

 

«Ёши катта ёлғиз одам уйимизда деярли қариндошимиздай бўлиб қолганди, лекин тўлиқ ишончимизга кириб, қизимизга ифлос қилиқларини (қилишни) бошлайди. У узоқ (вақт) давомида қизимизга тегажоғлик қилиб, қизимизни сукут сақлашга мажбур қилган. У эса қўрққанидан жим юрарди. Икки йил давомида режаларини тузиб, қизимизга илк дарсданоқ уларда ўзгача муносабат бўлишини билганини айтади… Биз нима қилишимиз керак? Кимдан ҳимоя излайлик?» — деган ота-она ўша вақтда қилган мурожаатида.

 

Шундан сўнг, қизнинг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланган.

 

Куникеча, 2024 йил 25 март куни Миробод туман судида А. С. (1957 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти – олий, нафақахўр, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

 

Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

 

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А. С. (ўқитувчи) Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

 

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси