Алимент тўлашдан ноодатий тарзда «қочган» ота 15 суткага қамалди

Сақлаш
14:03 / 25.03.2024 895 0

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида фуқаро Тўраев Соҳибга (исм, фамилияси ўзгартирилган) нисбатан МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

 

МЖтКнинг 474-моддасига кўра, агар шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши кўрсатилган. Бироқ бунинг учун у биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиши зарур.

 

Ушбу моддада агар даъвогар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан воз кечса, бу алимент тўловчини жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди. Яъни, алимент тўловчи биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса ва фақатгина ихтиёрий равишда қарзни тўласа, жавобгарликдан озод этилади.

 

2022 йил 14 ноябрда чиқарилган суд ҳукмига асосан, МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилган. Айнан ана шу ўзгартиришга даъвогар томоннинг ўзига берилиши лозим бўлган 13 млн 548 минг 502 сўм қийматидаги қарздан «воз кечиши» асос бўлган. Ўша вақтда суд ишида зарар бартараф этилганлиги эътироф этилган ва, иш ёпилган.

 

Бироқ, алимент тўловчи эркак аслида пулни тўламаган. У жабрланувчи(аёли)га қарз(алимент)ни бир-икки кун ичида тўлайман деб алдаган ва аёлидан «алимент қарзидан воз кечиш» мазмунидаги тилхатни ёздириб олган. Аёли ҳам эрига ишонган ва ҳеч нарсани тушунмасдан, «воз кечиш» ҳақида ёзиб бераверган. Ёздириб олинган хат эркакка қўйилган жавобгарликнинг бошқа моддага алмашинишига сабаб бўлган.

 

Хуллас, алимент тўловчи ноодатий йўл билан жавобгарликдан қутилиб қолмоқчи бўлган. Аммо аёлининг аризаси билан 2022 йилда қабул қилинган суд ҳукми қайта кўриб чиқилган ва эркакнинг ҳийласи фош бўлган.

 

Хабарда ёзилишича, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 14 ноябрь кунидаги Тўраев Соҳибга нисбатан чиқарилган қарори бекор қилиниб, унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси