Қозоғистонда энди давлат хизматчилари қамоқхоналарга экскурсия учун олиб борилади

Сақлаш
12:03 / 07.03.2024 1890 0

Коррупцияга қарши кураш хизмати ходимлари давлат хизматчиларини тергов изоляторлари бўйлаб экскурсияга олиб чиқмоқда, деб ёзади Orda.kz.

 

Антикор расмий вакили Арман Тлеукенов мазкур амалиётни коррупциянинг олдини олишнинг янги усули деб изоҳлаган. Унинг фикрича, бу ходимларда тўғри қадриятлар ва коррупцияга қарши курашиш онгини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

«Коррупцияга қарши курашиш хизмати ходимлари томонидан профилактика мақсадида давлат хизматчилари учун тергов ҳибсхоналарига мунтазам равишда экскурсиялар ташкил этилмоқда. Профилактик экскурсия иштирокчиларига тергов хоналари, жиноятчилар учун камералар, маҳкумлар юриш жойлари кўрсатилади», — дейди Арман Тлеукенов.

 

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, тергов изоляторларига экскурсия қилиш орқали давлат хизматчилари ва квази-давлат(ўзини ўзи бошқарадиган давлатга бўйсунувчи ташкилот) компаниялари ходимлари «қамоқхоналарда бўлиш оғирлигини ҳис қилиши» ҳамда коррупция ва бошқа жиноий ҳуқуқбузарлик оқибатлари ҳақида батафсил маълумот олади.

 

«Бундан ташқари, профилактика ишлари доирасида меҳнат жамоаларини суд мажлисларида иштирок этишга таклиф қиламиз. Бироқ бу усул билан биз ҳукумат амалдорларини қўрқитишни мақсад қилмаганмиз», — дейди расмий.

 

Маълумот учун, пора бериш каби жиноят учун Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида йирик миқдордаги жаримадан ташқари, шахснинг мол-мулки ҳам мусодара қилиниши ва 15 йил муддатгача қамалиши белгиланган. Бундан ташқари, пора олиш билан айбланган шахслар муайян фаолият юритиш ҳуқуқидан, ҳарбий унвон ҳамда давлат мукофотларидан ҳам умрбод маҳрум қилинади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси