Қозоғистон гербини ўзгартириш таклиф қилинди

Сақлаш
10:02 / 26.02.2024 576 0

Бу ташаббус «Жана Адамдар» ёшлар ҳаракатидан чиққан. Улар мамлакат аҳолисига Қозоғистоннинг янги герби ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилган.

 

Ташаббускор тарафнинг таъкидлашича, бир тарих ва анъанада яшаётган халқларни азалдан умумий рамзлар бирлаштириб келган бўлса, қозоғистонликлар учун мамлакат герби ҳам ана шундай маънога эга.

 

«Герб компания логотипи ҳам, эсдалик нишони ҳам, герб ҳам эмас. Герб бундан ҳам кучлироқ маънога эга. У тақдир дегани. Бироқ ҳозир биз қўллаётган герб келажакка қараб интилишни англатмайди. Қадриятларимиз ҳақида гапирмайди. Масалан, сўровда қатнашган қозоғистонликларнинг 70 фоизи уни танимаган. Янги вақт янги қийинчиликларни келтириб чиқаради. Қозоғистон улкан глобал режаларни белгиламоқда. «Жана Адамдар» бу режалар учун янги ёш давлатнинг амбицияларига мос келадиган янги рамз кераклигига ишонади. Ҳозирги дунёда ўз ўрнимизни қандай топишимиз мумкин? Герб мана шундай асосий саволга жавоб бериши керак», – дейди ташкилот аъзолари гербнинг асосий маъносига урғу бериб.

 

Шунингдек, Ёшлар ҳаракати фаоллари Қозоғистон тақдирини давлат чегаралари белгилаши, аҳоли учун нафақат омон қолиш, балки эркинлик, қадр-қимматни сақлаш, дунёда ўз ўрнини эгаллаш имконини берадиган шарт-шароитларни яратиш кераклиги ва буни янги герб акс эттириши лозимлигини ўз фикрларида баён қилган.

 

Ташкилот аъзолари Президент Токаевнинг сўзларидан ҳам иқтибос келтирган:

«Президент Токаев ҳам ушбу ҳолатни аниқ таърифлаб берган: «Ёрқин келажакка ишонмаган халқ кучли давлат қура олмайди. Орзуларимиз ушаладими, режаларимиз амалга ошадими, фақат ўзимизга боғлиқ. Энг муҳими, юртдаги тотувлик, тинчлик ва барқарорликни қадрлашимиз керак. Бирлик халқ руҳини юксалтиради… Бирлик онгда бўлиши керак».

 

«Жана Адамдар» бутун мамлакат энди янги герб ҳақида ўйлаши кераклиги, бунга вақт келганини савол мазмуни билан тушунтирган.

 

Маълумот учун, Қозоғистон Республикасининг герби 1992 йил 4 июнда қабул қилинган бўлиб, шу кунгача бир неча бор ўзгартирилган.

 

 

Хабарда ёзилишича, Қозоғистон герби мамлакатнинг кўп асрлик маданияти ва қозоқ халқи анъаналарини акс эттиради. Уни яратиш устида дизайнерлар Шот-Аман Уалихонов ва Жандарбек Малибеков ишлаган. Герб айлана шаклда бўлиб, кўчманчи халқлар орасида бу фигура қуёшни ифодалаган. Шунингдек, абадий ҳаракат ва ҳаёт рамзи ҳам ҳисобланган. Гербни яратувчилар ҳам атайлаб мазкур шаклни танлаган. Мақсад эса бу орқали давлат ғояси чексиз тараққиёт ва яхши келажак сари ҳаракат эканлигини кўрсатиш бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси