Хориж ОАВ объективида Афғонистон: Уруш тугади. Энди вазият қандай тус олади?

Сақлаш
11:08 / 16.08.2021 745 0

    Aфғонистон президенти Aшраф Ғани итеъфога чиқди ва рафиқаси Рула ҳамда икки маслаҳатчиси билан Ўзбекистонга учиб кетгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда "The New York Times" нашрига асосланиб, "Риа Новости" ёзмоқда. Аммо Тошкентдаги Aфғонистон элчихонасининг билдиришича, мамлакат собиқ президенти Aшраф Ғани Ўзбекистонда экани ҳақидаги маълумотга эга эмас. Aфғонистондаги ўзбеклар етакчиси, нуфузли ҳарбий ва сиёсий арбоб Aбдурашид Дўстум ҳам ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турибди. Reuters агентлиги ўз манбаларига асосланиб ёзишича, Мозори-Шариф қўлдан кетгач, Дўстум хавфсиз Ўзбекистон томонга чекинган. Афғон ҳудудидаги барча йирик элита вакиллари мамлакатни тарк этди, имкони борлар ҳануз ҳаво йўллари орқали бошқа давлатларга кетмоқда. Шундай қилиб, "Толибон" жангарилари Aфғонистонда уруш тугаганини маълум қилди. Вазият қандай тус олади?

    BBC хабарига кўра, Толибон матбуот котиби жангчилар Кобулга зарур бўлган товарлар оқимини тўсиб қўймаслиги, шифохоналар ва хорижий ҳарбий хизматчилар қўриқлайдиган халқаро аэропорт фаолиятига аралашмоқчи ёки зарар етказмоқчи эмаслигини айтган. Шу билан бирга, Толиблар афғон аскарларининг уйларига қайтишига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигини таъкидлаяпти. Шунингдек, Толибон вакили Суҳаил Шаҳин BBC га афғон халқи ва уларнинг мол-мулки хавфсизлиги таъминланишини билдирган.

    Халқаро экспертлар фикрига кўра, Марказий Осиё президентлари Aфғонистондаги вазият юзасидан жиддий хавотирда. Толибон вакиллари минтақага ҳужум қилиш ниятида эмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, турли экстремистик гуруҳлар учун шароит яратилиши хавфи мавжуд. Қолаверса, Толибон ғалабаси дунёда Суриядан кейин иккинчи ўринни эгалловчи Aфғонистон янги иммиграция тўлқинига сабаб бўлиши мумкин. Бу тўлқинда зиёли қатлам қочоқларнинг кўп қисмини ташкил этади. Хўш, Ўзбекистонда қандай вазият?

   Маълумки, афғонистонлик 84 нафар ҳарбий Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, айни пайтда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшаган. Хусусан, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган. Бунга фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилди, дейилади баёнотда.
  Хўш, Афғонистонда ҳукумат бошқаруви энди кимнинг қўлига ўтади? Кузатувларимиз давом этади.

  Маълумот учун, Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири Али Аҳмад Жaлолий ўтиш даври ҳукуматининг раҳбари бўлди, деб хабар бермоқда расмий манбалар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси