Сирдарёда метан «заправка» табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Сақлаш
11:01 / 12.01.2024 1688 0

Сирдарёда метан заправка 62 миллиард 488 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.


Маълум қилинишича, бу ҳолат вазирлик ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан ДХХ ва ИИВ билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбири давомида аниқланган.


Боёвут туманида жойлашган «Б.» МЧЖга қарашли АГТКШга тортилган газ қувури кўздан кечирилганида, газ ҳисоблагичдан олдин ер остидан шохобча ҳудудига газ қувури олиб кирилиб, резина шланг орқали табиий газни сотишга йўналтирилган ҳолда ундан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлган.


Бунинг натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори жами 62 миллиард 488 миллион сўмни ташкил этган.


Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси